Анорзорлар маликаси
Очерк
Бу ерни Қува дейдилар. Пурвиқор ҳайкали фақат Фарғонада эмас, қадимий Мисрдаги энг гавжум гўшалардан бирида ҳам савлат тўкиб турган, азим Нил суви ҳажмини ўлчай олгани билан алоҳида довруғ қозонган буюк мутафаккир Аҳмад Фарғонийнинг бешигига ёғоч берган жой — мана шу.
Айтишларича, қадимда хитойликларнинг ҳавасини келтирган, кўҳна тарихга оид китобларда мақтаб ўтилган, чопағонликда тенгсиз Фарғона отлари, асосан, шу макондан тарқаган экан. Қува номининг келиб чиқиши борасида турли тахминлар мавжуд. Шулар ичида, бу сўз “қувоқ”дан пайдо бўлгани ҳақидагисида жон бордек: пойгада бошқа отлардан кейинроқ югуриб ҳам барчасини қувиб ўтаверадиган чопқир тулпорни “қувоқ” дейишади.
Хонандаликда алоҳида мактаб яратган Таваккал Қодиров, булбулнафас Исроилжон Усмонов, ғижжак илмининг ҳозирги пир-устози Абдуҳошим Исмоилов, мумтоз қўшиқларимизнинг маҳоратли ижрочилари сирасига кирувчи Маҳмуджон Тожибоев, ноласи ширин хонанда Абдулхай Каримов сингари номдор санъаткорлари билан бошқача ғурурланувчи Қуванинг яна бир фахри бор. Бу диёр ўзининг болтомар қаюми анорлари билан юртимиздан четдаги бозорларида ҳам неча замонлар донг таратиб келган. Бир даврлар бу ерда анорчилик давлат хўжалиги ташкил этилган эса-да, фермерчиликка ўтиш бошлангач, фаолияти сўниб қолганди. Энди Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан азал-азалдан Қуванинг ташрифномаси ҳисобланмиш анорчиликни қайтадан ривожлантиришга киришилди.
Бундан бир неча йиллар олдин маърифатпарвар адибамиз Турсуной Содиқова, таниқли шоира Фарида Афрўз билан бирга Фарғонада талай адабий учрашувлар ўтказгандик. Ўшанда ўзаро суҳбатимизда ахлоқ-одобдан гап очилиб, Турсуной опа бир воқеани сўзлаб берувди. Айтишича, мустақилликдан аввал Сурхондарёда бўлган йирик анжуман иштирокчилари меҳмонхонага жойлаша бошлабди. Меҳмонларнинг аксариятига икки-уч кишилик хоналар берилиб, фақат уч нафарига бир кишилик люкслар ажратилибди. Бундай “алоҳида”лар орасида навқирон ёшидаёқ республика раҳбари Шароф Рашидовнинг назарига тушиб, анорчилик давлат хўжалигини бошқараётган, номи газета-журналлар, телеэкранларда жаранглаб келаётган, кўксида депутатлик нишони чақнаб турган Мастура Сайфуддинова ҳам бор экан. У калитни олиб, юзлари ўзи етиштираётган анорлардек қизарганича, теваракка аланглабди. Турсуной опага кўзи тушгач, вой, сиздек азиз опахонлар турганда мен люксда ётаманми, дебди. Қўйинг-қўйингга қарамай, калитни алмаштириб олибди.
— Ана ахлоқу, ана одоб! — деганди ўшанда Турсуной опа. — Бир кунлик гўдаклигиданоқ уйида яхши тарбия кўришни бошлаган одамгина шунақа бўлиб ўсади.
Насиб қилган экан, орадан йиллар ўтиб, мана, ўша Мастурахон билан янги анорзорлар барпо этилаётган тошлоқ дала ёқасидаги ихчамгина, кўркамгина шийпонда юзма-юз суҳбатлашиб ўтирибман. Далани кезиш чоғида кўчат шохи юмдалаб ўтган қўлимни яширишга уринганча, уни кетма-кет саволга тутаман. Орада дафтарни сал-пал қоралаб қўяман-у, тағин қўлимни яшираман.
— Бир куни вилоят марказига чақириб, тўсатдан ҳокимга рўпара қилиб қолишди, — дея мулойим жилмаяди Мастурахон. — Гап нимадалигини билмай довдираб турганимда, “Қувада анорчилик агрофирмасини ташкил қиламиз, уни сиз бошқарасиз”, деб қолди ҳоким. Бир сапчиб тушиб, вой, энди бунақа ишларни соғлиғим кўтариши қийин, десам, кўриб турибман — отдексиз, энг муҳими, бу соҳада етарли тажрибангиз бор, бугундан бошлаб иккаламиз ҳам Президентимизнинг топшириғини бажаришга киришамиз, нима ёрдам керак бўлса айтаверасиз, деб ҳоким шартта гапимни кесди. Шу-шу, яна даладаман.
* * *
“Фарғона анорзори” агрофирмасига биргина Қува эмас, Қувасой ва Тошлоқ туманларининг бир-бирига туташ бўлган ҳудудидан адирли ерлар ажратилди. Ер ўркач-ўркач бўлса-да, сершабада экани боис экинзорларнинг бир қисми анор ўстиришга жуда мос тушганди. Анор дегани димиқ жойни ёқтирмайди.
Биринчи йилнинг ўзидаёқ икки юз етмиш гектар ер ўзлаштирилиб, эллик гектарига кўчатлар ўтқазилди, озроқ бўлса-да, даромад олиб туриш мақсадида ерёнғоқ, турп, шолғом сингари оралиқ экинлар экилди. Бу йил яна уч юз гектардан зиёд ер очилди. Жами экин майдони яқин келажакда икки минг гектарга етади. Шуниси ҳайратланарлики, экилган кўчатларнинг бўлиқлари кейинги йилнинг ёзидаёқ беш-ўнтадан ҳосил тугди. Демак, ниҳолларга бу жойлар ёқибди. Ер ёқса бас, гуркираб-гуркираб ўсаверади.
Бу юмушнинг иккита нозик жиҳати бор, бири — сув, иккинчиси — сара кўчат. Икковиям доимо жамоанинг диққат марказида туриши шарт. Акс ҳолда, бутун бошли иш чиппакка чиқади, барча уриниш беҳуда кетади.
Сув тўсатдан узилиб қоладиган бўлса, бармоқ тишлаб турмаслик учун, дренаж қудуқлар ковланмоқда. Ҳозир режадаги еттита қудуқдан иккитаси қазиб бўлиниб, электр тармоғига уланди. Оқар сув бериш ноқулай бўлган тик ўркачли жойларда томчилатиб суғориш йўлга қўйилаяпти. Даромад кўпаяверса, бора-бора шу усулга тўлиқ ўтилади.
Анорнинг тури кўп, бири совуққа ўта чидамсиз, бири майда донали, бири тез ёрилувчан, бири тахирроқ. Ҳатто агрофирмада парваришлаш учун энг мақбули деб топилган, бир даврлар ўзининг беқиёс таъми, ўта серсувлиги билан ўзга турдошларини бозордан сиқиб чиқарган қаюми анорларининг ҳам бошқаси билан табиий чатишув натижасида сал айниганроқ хиллари бор. Шу сабабдан, бу ишга алоҳида эътибор билан қаралмоқда. Кўчатларни дуч келган жойдан сотиб олавермай, ота-бувасидан тортиб, шу юмуш билан шуғулланиб келган Ўрабоши, Сойкелди, Мастурахоннинг ўзи туғилиб ўсган Толмозор каби қишлоқлардаги ишончли кўчатчиларга буюртмалар берилди. Шарт шу — орада бошқача нав чиқиб қолса, ўрнига бешта кўчатни текинга беришади. Лекин иш бу даражага етиб бормаслиги аниқ, улардан ҳали бирорта харидор панд емаган.
* * *
Тушликка навбат етди. Мастурахоннинг турмуш ўртоғи, атоқли адибимиз Иброҳим Раҳимнинг акасига ўғил бўлмиш Баҳодиржон пиширган татимлидан татимли қайнатма шўрвани, чапанича айтганда, калдек терлаб тановул қилдим.
— Нега Иброҳим амакимни ҳеч эсламай қўйишди? — деб сўраб қолди Баҳодиржон. — Бир пайтлар уни осмонга кўтариб юрган адабиётшунослар қаёққа кетди?
— Баъзилари бор, кўплари ўтиб кетди, — дедим, қўлимдаги косани хонтахтага қўйиб. — Лекин Иброҳим ака эслаб турилибди. Чамаси, ўзингиз газета-журналлардан, китоблардан узоқлашиброқ қолганга ўхшайсиз.
Бу ҳам тўғри, дегандек сокин бош қимирлатиб қўйди Баҳодиржон. У косага яримлатиб қуйилган шўрвасини тез-тез симириб, хонадан чиқиб кетди. Биз ҳам косаларни бирин-кетин бўшатиб, новвотли наъматакда дамланган чойни ичарканмиз, суҳбатимиз оқаваси яқин ўтмиш ўзанига бурила борди.
Диний илмдан ташқари дунёвий илмларга ҳам муккасидан кетган, шу боис кенг фикрловчи Сайфуддин маҳсум оиласида туғилган Мастурахон кенжа фарзанд бўлгани учун ҳамманинг эркатойи эди. Онаси Саодатхон ая гоҳ унинг қўлига супурги тутқазиб, “Юр мен билан, анорларнинг тагини супуриб қўяйлик”, деса, қиз тайсалланиб, Анорнинг тагини ҳам супурадими”, дея лаб бураркан, онаси эса, “Кўчатлар остида қушлар, ит-мушуклар ўралашиб юради, анорга уларнинг ифлоси тегса, бозордаги харидорларга ҳаромни тутқазиб гуноҳга ботайликми”, дер экан. Қаранг-а, харидорнинг ҳақига хиёнат қилиш у ёқда турсин, ҳатто молини ножўя тарзда сотишдан қўрқадиган одамлар бор экан.
— Овқатни танлаб еб, кийимларни чертиб киядиган тамтамгина қиз эдим, — дея бир энтикиб қўяди Мастурахон. — Нима сабабдан дала ишларига аралашиб қолганимни, қандай қилиб анорчилик давлат хўжалиги раҳбарига айланганимни, ўйлаб-ўйлаб, ўзим ҳам ҳануз тагига етолмайман.
Айни куч-ғайратга тўлган чоғлари экан-да! Кун бўйи югур-югурдан бўшамас, уйга кўпинча ярим тунга яқин қайтиб, тонг саҳардаёқ яна ишга отланарди. Дам олиш кунлари уйда бемалол ўтириш тугул, ҳордиқ ойига чиқишгаям вақт тополмаган пайтлари кўп бўлган. Барибир чарчоқ нелигини билмасди. Гоҳ у ишни, гоҳ бу ишни битириб олишга берилиб кетиб, уйидагиларнинг тўй ҳақидаги гапларини эшитмаганга олиб юра-юра, кеч турмуш қурди. Кеч бўлса-да, ўз жуфти ҳалолини топиб олишига бир ўтиришда танишиб қолган етмиш ёшли аёлнинг надоматли сўзлари сабабчи бўлганди.
— Узоқ вақт нуфузли жойларда ишлаб юраверибман, — дебди ўша аёл. — Бир юмалаб қарасам, сочимда қора қолмабди. Ҳозир ҳамма нарсам бор: данғиллама уй, бири-биридан қимматбаҳо буюмлар, қатор-қатор тилла тақинчоқлар, ёлланма ҳайдовчиси лаббайланиб турадиган ярқироқ машина. Еганим олдимда, емаганим ортимда. Хоҳласам, чет элларга сайрга чиқаман. Лекин, энди буларнинг биттасиям менга татимайди. Иложи бўлсайди, шуларнинг барини ёшлигимда бирга чимилдиққа кириб, ҳозир ёнимда вақиллашиб ўтирадиган мункиллоқ бир чолга, мендан кейин уйимнинг чироғини ўчирмай юрадиган биттагина фарзандга жон-жон деб алмаштирган бўлардим.
Ўша гап миясига михланиб қолганми, шунча яшаб, аёл сифатида топган энг катта бахтингиз нима деб сўрасангиз, энг катта бахтим — бола кўриб, оналик гаштини сура олганим, дея жавоб қилади Мастурахон.
* * *
Ҳам она, ҳам раҳбар бўлиш бошда осон кечмади. Биринчи фарзанди Исломбек бор-йўғи ўттиз олти кунлик бўлганида, узилаётган анорлар хўжалик омборига сиғмай кетганини эшитиб, чидаб туролмади. Унинг ташвишидан хабар топган қайнонаси аҳволни тушуниб, сиз ишга ғириллаб бориб келаверинг, болага ўзим қараб тураман, деб оналарча меҳр кўрсатди. Ишга “ғириллаб бориб келиш”лар бир неча кунга чўзилди, охири анорларга харидор топиб, кўнгли тинчиди.
Унинг ўз ишига нисбатан масъулияти, анорга бўлган меҳри ҳануз ўша-ўша.
— Мутахассислар солиштириб кўришибди, — дея анор кесиб қўйилган иккита товоқчадан бирини мен томонга сурганича, яна бугунги мавзуга қайтди Мастурахон. — Бошқа кўп юртлардаги анорлар ичида фойдали элементларга энг бойи, энг шифобахши Қуванинг қаюми анори экан. Учраганда бир еб қолинг.
Бундан бир ҳафта аввал қаттиққина шамоллаб қолгач, бешта осма укол олиб даволанганим туфайли, шифобахш бўлса, жуда менбоп экан, дея тезда ишга киришдим. Ёшлигимда раҳматли Сарвинисо бувим олдимга анор қўйиб, тўкмасдан егин, буларнинг ичида биттагина донаси ҳар қандай дардга даво бўларкан-у, ўшаниси қочиб кетишга уринавераркан, дегани эсимга тушиб, биттаям қолдирмасдан едим.
Мастурахон иккимиз анорни басма-бас таърифлашга тушамиз:
— Анорнинг бошида тожи бор, меваларнинг чинакам пошшоси!
— Ҳар қайси анорнинг ичи — битта юрт, доналари — фуқаролар. Қараб кўринг, улар қанчалар жипс, қанчалар аҳил.
— Худди ўзбекларга ўхшайди.
— Унда, ҳаммаси бирдек шифобахш деяверинг...
Ҳовлимиздаги анорлар пишишни бошлабоқ, ёппасига ёрилишга тушарди. Нега олтиариқликларнинг анори ёрилади-ю, қуваликларники ёрилмайди? Сўраб билсам, Қува анорзорларидаги ҳосилнинг ҳам ўн беш — йигирма фоизи ёрилиб қоларкан. Балки шуни назарда тутиб, анор шарбати тайёрлайдиган цех қуришни кўзлашаётгандир. Бундай табиий шарбат хорижда ҳам роса қўлма-қўл бўпкетса кераг-ов!
Оёқларим зирқирай бошлаганидан ҳаво айниётганини сездим. Ёмғирда қолиб кетишдан чўчиб, йўлга шайландим.
— Ош емасдан силжиш йўқ! — деб кескин овозда гапирди, хонага кириб келган Баҳодиржон. — Сизнинг келганингиз баҳона бу хоним ҳам сал иштаҳа билан овқатланса, ажабмас. Агар қистаб турмасам, кун бўйи туз тотмасдан юраверади.
Машинага чиқаётганимда, Мастурахон бир гапни қўшимчалаб қолди:
— Ие, сизга биринчи рақамли аноримизни кўрсатмабман-ку!
Гап нимадалигини билсам, янги ерларга анор экишаётиб, эгат бошидаги битта чуқурчани бўш қолдиришибди. Юртбошимиз қачонлардир биз томонга келиб қолсалар, шуни ўзлари экадилар, деб, бир туп кўчатниям ажратиб қўйишибди. Ўша кўчатни алоҳида идишга экиб ўстиришаётган экан.
Э, қойил! Ёруғ дунёдаги энг гўзал нарсалар, энг ширин хотира қолдирувчи ишлар яхши ниятдан туғилади.
Анвар ОБИДЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг