Аграр университети ҳудудидаги ёнғин юзасидан жиноят иши қўзғатилди

13:12 01 Октябр 2024 Жамият
297 0

Фото: Тошкент вилояти ИИББ

Кеча, 30 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат аграр университети ҳудудида йирик ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди.  Вилоят ИИББ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлагановнинг маълум қилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.

ФВВ матбуот хизматига кўра, 30 сентябрь куни соат 20:10 да Тошкент давлат аграр университети ҳудудидаги бинода ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида ФВБга хабар тушган.

Ёнғин-қутқарув экипажлари соат 20:17 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин соат 21:36 да қуршаб олинган ва соат 22:10 да батамом ўчирилган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган.

Ёнғинни бартараф этиш жараёнини Фавқудодда вазиятлар вазири генерал-майор А.Х.Қўлдошев бевосита жойидан бошқариб борган.

Университет матбуот хизмати дастлаб ёнғин университет ҳудудидаги Ўрмон хўжалиги агентлиги биносида содир бўлганини маълум қилди. Бироқ ушбу пост бироз вақтдан кейин университет Telegram каналидан ўчириб юборилди.

Ўз навбатида, Ўрмон хўжалиги агентлиги ёнғин агентлик биносида содир бўлганини рад этди, дея хабар берди ЎзА.

«Ўрмон хўжалиги агентлиги биноси ёниб кетди, дея айрим ижтимоий тармоқларда берилаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Тўғри, сув пуркалиши эвазига бинонинг том қисмига қисман зарар етган, лекин бу ҳам айтарли даражада эмас», дейилади расмий изоҳда.

Агентлик биноси катта талафот кўрмагани, ёнғин чиққан университет биноларига эса бирмунча зиён етказилгани қайд этилган.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?