Агар депутатларнинг таклифи қўллаб-қувватланса, ҳокимлар кенгаш раислигидан кетиши мумкин

15:18 09 Июль 2024 Сиёсат
2349 0

Фото: Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида маҳаллий давлат ҳокимиятининг конституциявий асослари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Маълум бўлишича, таклиф этилаётган қонун лойиҳасида вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслигини назарда тутувчи янги норма ўз аксини топган.
Қайд этиш керакки, бу янги таҳрирдаги Конституциямизда 2023 йилдаёқ белгилаб қўйилган эди. Шунга қарамасдан, халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши керак бўлганда ҳам, вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши ҳолатлари кузатилганди.
Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлар чиқилган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳокимлар ҳамда маҳаллий Кенгашларнинг ваколатларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Маълум қилинишича, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши, Халқ депутатлари Кенгаши раиси ўз вазифаларини бажариш даврида доимий ва бошқа комиссиялар, партия гуруҳлари таркибига кириши мумкин эмаслиги, кенгашлар йиғилишларида ҳоким номзоди кўриб чиқилаётганида номзод маҳаллий Кенгаш депутатларига ҳудудни ривожлантириш дастурини тақдим этиши шартлиги, маҳаллий Кенгаш ва ҳоким қабул қиладиган ҳужжатлар Ягона электрон тизимда (e-qaror.gov.uz) рўйхатдан ўтказилиши ва тизимга жойлаштирилиши, рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатларнинг ҳақиқий эмас, деб ҳисобланиши ҳам белгиланмоқда.
Аввалроқ, Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани «Туркистон-53» сайлов округида бўшаб қолган депутатлик ўрнига Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзоди кўрсатилган Шавкат Бўронович Умурзаков Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг депутати этиб сайлангани айтиб ўтилганди. Шавкат Умурзаков айни пайтда Тошкент шаҳар ҳокими ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?