62 ёшли кактус ҳақида эшитганмисиз? Ҳар тупи 4 миллион сўмлик пальманичи?..

19:09 15 Июнь 2023 Жамият
655 0

Фото: “Халқ сўзи”

Наманган вилоятида уч ҳафтадан буён давом этаётган 62-Халқаро гуллар фестивали мазкур соҳа ҳудуднинг чинакам брендига айланганлигини яна бир карра тасдиқлади.

Айни жараёнда бу ердаги нафосат манзараларини томоша қилиш, маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлардан баҳраманд бўлиш ниятида қадимий ва навқирон шаҳарга ташриф буюрган меҳмонлар адади 4 миллион кишидан ортиб кетди. Уларнинг 80 мингдан кўпроғини узоқ ва яқин хориждан келган сайёҳлар ташкил этаётгани нуфузли анжуманнинг довруғи дунё бўйлаб таралаётгани нишонасидир. Бунинг замирида эса Наманган аҳлининг меҳмондўстлиги, фестиваль ташкилотчиларининг фаоллиги ва албатта маҳаллий гулчиларнинг масъулиятли меҳнати турибди.

Фото: “Халқ сўзи”

Аслида гулчилик наманганликларга авлодлардан мерос. Бундан олтмиш икки йил аввал шаҳарда ўтказилган мўъжазгина   кўргазманинг иштирокчиси бўлган табиатсевар инсонларнинг фарзандлари ғайрати билан ўтган давр орасида хайрли иш чуқур илдиз отди. Оддий ҳаваскорликдан бошланган иштиёқ жойларда санъат даражасига кўтарилди.

Вилоят марказида истиқомат қилувчи Мўминовлар сулоласи шуғулланиб келган кактусчилик бунга мисол. Ушбу ўсимликнинг 100 дан ортиқ тури парваришланадиган хонадонда илк байрамда кўргазмага қўйилган кактус ҳамон яшнаб турибди. Уйчи тумани Йоркатай қишлоғида яшовчи Каримовлар авлодининг гулчиликдаги тажрибаси ҳам бутун Ўзбекистонга намуна. Фестивалнинг асосий манзили бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғининг ёнгинасида ташкил қилинган муваққат бозорчада бугун тўрт юздан ортиқ гулчилар савдо ўринларини банд қилишган.

— Гулчилик бизга бобомиз Абдукарим Қосимовдан қолган,—дейди олтмиш икки ёшли Ҳалима ая Каримова. – У кишининг ҳунарини отамиз Абдураҳим Каримов бизга ҳам ўргатдилар ва бир гектарлик плантацияда тўққиз қиз учун алоҳида гулзорлар яратиб бердилар. Улар опа-сингилларнинг даромадли бизнес манбаига айланган. Масалан, мен ўзим саккиз сотихли иссиқхона ва очиқ майдонда йилига эллик минг тупдан зиёд гул, манзарали бута ва цитрус ўсимликларни парваришлайман. Улар орасида ҳар тупи тўрт миллион сўм атрофида сотиладиган пальма кўчатларигача бор.

Гулчиликка йўналтирилган оилавий тадбиркорликни кенг йўлга қўйган Ҳалима ая фестиваль бозорчасидан ўзига ажратилган жойга ўн минг тупга яқин кўчат олиб келиб, қисқа вақт ичида 30 миллион сўм атрофида савдо қилди. Айтишига қараганда, оиланинг йиллик даромади 250 миллион сўмдан ортади. Сулоланинг яна бир вакиласи Нодира Каримова ўтган йилги деҳқончиликдан “Gentra“ автомашинаси олганлиги, бу йилги даромад ҳисобига уни “Malibu”га янгилаш ҳаракатида эканлигини гапирди.

Фото: “Халқ сўзи”

Муваққат бозорчада қўшни вилоятлардан келган гулчилар ҳам анчагина. Улардан бири Андижон вилояти, Избоскан туманининг Ботиробод қишлоғилик Авазбек Мамадалиев ўзи етиштираётган 30 дан ортиқ турдаги гулларни келтирган. Йигирма кун ичида 15 минг тупдан ортиқроғини сотишга улгурди.

Бугун фестиваль манзилларининг барчаси кун бўйи, ҳатто, оқшомдан тунга қадар одамлар билан гавжум. Чироқлар ёғдусида турфа ранглардан оловланган шаҳар борлиққа нур таратяпти. Бу ерга келган меҳмонларнинг кўпчилиги ўз уйларига нафақат серзавқ томошалар шукуҳи, балки, севиб харид қилган гул кўчатлари билан мамнун ҳолда қайтмоқдалар.

                                                          Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер