2025 йилдан камбағал оила фарзандларининг боғча тўловлари қисман қоплаб берилади

18:31 14 Декабрь 2024 Жамият
301 0

Президентимиз раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар янги Ўзбекистонимизни “Ижтимоий давлат” тамойили асосида барпо этиш йўлидаги мустаҳкам ҳуқуқий қўрғон бўлди. Президент бу йил ижтимоий ҳимоя бўйича қилинган 34 та муҳим янгиликка қўшимча 28 та янги ташаббусни илгари сурди. Келгусида 1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилаш зарурлиги таъкидланди.

Албатта, бу янги тизим жамиятимизда ижтимоий адолат ва инсон қадрини таъминлашга хизмат қилади. Фақат ижтимоий хизмат адолатли йўлга қўйилса, эҳтиёжманд фуқаролар жамиятда ўз ўрнини топади.

Жорий йилда Қорақалпоғистонда “Аёллар дафтари” доирасида қарийб 8,7 мингта оилага 8,1 миллиард сўмлик давлат кўмаги кўрсатилган. Хусусан, боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлардан 7427 нафарига 8,9 миллиард, ижтимоий ёрдамга муҳтож биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган 9756 нафарига 11, 7 миллиард, қарамоғида ногирон фарзанди бўлган хотин-қизларнинг 3069 нафарига 3, 9 млрд сўм моддий ёрдам ажратилган. Оғир турмуш шароитида яшовчи 1116 нафар хотин-қизларнинг уй-жойлари таъмирланиб ижара компенсацияси тўлаб берилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 32 820 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган.

Бугун шаҳару туманлар, олис овул ва қишлоқларга кириб борсангиз, ижтимоий ёрдам ва кўмакнинг эҳтиёжманд аёллар, оналар ва болалар, оилалар ҳаётида қандай ўзгаришлар ясаганини кўрасиз. Улар эртанги кунга умид билан боқиб, янги орзу-мақсадларга интилмоқда. Кечагина ўзи “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” рўйхатида турганлар бугун иш берувчига айланган.

Давлатимиз раҳбари 2025 йилда камбағаллик юқори бўлган 1 мингта маҳаллада яна биттадан оилавий боғча фаолияти йўлга қўйилиши, янги йилдан оилавий боғча ўринларининг 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилиниши ва боғча тўлови қисман қоплаб берилиши хусусидаги таклифлари эҳтиёжманд оилаларга катта имконият яратди. Сайловчиларимиз орасида бўлганимизда электоратимиз вакиллари томонидан фарзандларини боғчага жойлаштириш ёки тўловлари борасидаги муаммолар юзасидан қанча мурожаатлар бўлганди. Масаланинг бу тарзда ҳал этилиши айнан, шундай оилалар манфаатига хизмат қилади.

Видеоселекторда илгари сурган яна бир энг муҳим ташаббус бу – “ижтимоий карта” жорий этиш масаласи бўлди. Шу кунгача фуқароларимиз ижтимоий хизмат ва ёрдам олиш учун 10 дан ортиқ ҳужжатни кўтариб юрган бўлса, эндиликда уларнинг ўрнини босадиган битта “ижтимоий карта” жорий этилади. Бундан ташқари, шу ижтимоий карта билан автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олиш мумкин. Нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага тушади.

Бундан ташқари, бугунги кунда камбағал оилалардаги ногиронлиги бор инсонларга ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-укаси ёки опа-синглиси қараб келаётгани айни ҳақиқат. Келгуси йилдан маҳалладаги ижтимоий ходимлар ва хусусий сектор иштирокида ногиронларни ўз уйида ва кундузги қатнов асосида қараб туриш йўлга қўйилади. Натижада яқинига қараб турган аҳолининг ишлашига шароит яратилиши, шунингдек, бундай хизматни кўрсатган хусусий секторга камбағал оилалар харажатининг 80 фоизини давлат қоплаб беради. Бу оиланинг ҳам моддий, ҳам руҳий-маънавий барқарорлигига хизмат қилади.

Яна бир масала – эҳтиёжманд аҳолини битта ижтимоий уй-жойга жойлаштиришдан воз кечилиб, уларга ўзини маҳалласига яқин жойдаги уйни ижарага олиб, харажати қоплаб берилишидир. Бу уларнинг яқин қариндошларидан узоқлашмаган ҳолда яшашлари учун имконият яратади. Бу миллий ва оилавий урф-одатлар, қадриятлар, қариндошлик муносабатларининг бардавом бўлишига хизмат қилади.

Назира МАТЯҚУБОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?