18 октябрь – Самарқанд шаҳри куни: Самарқанд байрам оғушида
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». 1996 йил 18 октябрда Соҳибқирон Амир Темурнинг 660 йиллик юбилейида Самарқанд шаҳри «Амир Темур» ордени билан тақдирланган ва 18 октябрь Самарқанд шаҳри куни деб белгиланган. Мана 28 йилдирки, бу сана кенг нишонланиб келинмоқда.
Бугун Самарқандни том маънода «Оламга юз тутган, келажакка бўй чўзган шаҳар», дея таърифлашга ҳақлимиз. Сўнгги йилларда кенг кўламли ўзгаришлар рўй берди. Гарчи ҳали мавжуд имкониятлар натижалардан кўпроқ бўлса-да, қарийб 600 минглик шаҳар аҳолиси ислоҳотлар самарасини сезиб бормоқда.
Қорасувдаги замонавий шаҳарча, эшкак эшиш канали атрофида қад ростлаган Халқаро туризм маркази, Самарқанд халқаро аэропорти, янги йўл ва тоннеллар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари шаҳар кўркига кўрк қўшиб боряпти. Шаҳарнинг барча ҳудуди, кўча ва хиёбонлари унинг тарихий улуғворлигига мос замонавий кўринишга эга бўлиб бормоқда.
Буни нафақат юртдошларимиз, балки халқаро анжуманлар марказига айланган ушбу кентга келаётган барча хорижлик меҳмонлар ҳам эътироф этишмоқда.
Шаҳардаги бунёдкорлик ишлари бир дақиқа бўлсада тўхтагани йўқ. Қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати берган маълумотга кўра, жорий йилги инвестиция дастури асосида шаҳарда умумий қиймати 268 миллиард 840 миллион сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Бу маблағнинг салмоқли қисми соғлиқни сақлаш объектлари, мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар, спорт, маданият ва санъат масканлари қуриш ва реконструкция қилиш ишларига сарфланади.
Самарқанд шаҳри бўйича 2024 йилда 63 та кўп қаватли уй-жойлар қуриш режалаштирилиб, шундан 6 таси фойдаланишга топширилди. Қолгани жорий йил якунига қадар босқичма-босқич қуриб битказилади.
Абу Даби тараққиёт жамғармасининг 300 миллион долларлик кредит маблағи ҳисобидан Амир Темур ва Гагарин кўчалари реконструкция қилиниб, кенгайтирилди, пиёдалар йўлаклари қурилди. Гагарин ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида умумий узунлиги 440 метр, иншоот узунлиги 44 метр бўлган тоннел бунёд этилди. Айни пайтда Гагарин ва Рудакий кўчалари кесишмасида яна бир шундай тоннел қурилиши давом этмоқда.
Самарқанд бугун байрам оғушида. Бир қатор тадбирлар ўтказилиб, тўйга тўёна сифатида ҳозирланган янги объектларни фойдаланишга топшириш ҳам кўзда тутилган.
Маълумки, 2020 йилда Самарқанд шаҳрида илк туризм қишлоғи «Конигил» ташкил этилган эди. Мана, орадан беш йил ўтиб, «Конигил» қишлоғини кенгайтириш ишлари бошланди ва лойиҳанинг иккинчи босқичида янги сайёҳлик йўналиши очилиб, меҳмон уйлари ҳамда ҳунармандчилик марказлари бунёд этилди. Обираҳмат ариғи бўйлаб 2,5 километрлик велойўлак, 3,7 километр узунликдаги пиёдалар йўлаги ётқизилган. Ариқнинг иккинчи ёнида эса электромобиллар ҳаракатланиши учун алоҳида йўл очилган.
Мана шундай хайрли ишлар натижасида Самарқанд шаҳридан оқиб ўтувчи, бир пайтлар чиқинди босиб ётадиган канал ва коллекторлар тозаланиб, улардан зилол сув оқа бошлади. Атрофи обод масканга айланяпти.
Самарқанд шаҳри куни муносабати билан «Конигил-2» туризм қишлоғи ва Сиёб ариғи бўйлаб барпо этилган янги кўнгилочар ва дам олиш масканининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Асосий байрам тадбирлари шаҳарнинг Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи ва шу ном билан аталувчи кўчада ўтказилмоқда. Мазкур боғдан турли кўргазма ва саҳна дастурлари, спорт мусобақалари ташкил этилган.
Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳайкали олдида «Самарқанд — Шарқ гавҳари» мавзуси доирасида мушоира, Камол Отатурк кўчасида тайёр ва арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёж моллари ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.
Шунингдек, Самарқанд шаҳри куни муносабати билан бир қатор маҳалла, корхона ва ташкилотларнинг янги бинолари ва савдо дўконлари фойдаланишга топширилди.
Бундан ташқари «Мўъжиза» амфитеатрида концерт дастури, Қорасув массивидаги «Янги Ўзбекистон» боғида кўплаб эл суйган санъаткорлар иштирокида галаконцерт намойиш этилиб, якунида ажойиб мушакбозлик бўлиб ўтади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг