18 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади

20:58 15 Ноябрь 2021 Сиёсат
1438 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисини 2021 йил 18 ноябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Видеоконференсалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар муҳокама қилинади. Жумладан, «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни, «Гидрометеорология фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилади.

«Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонунлар ҳам муҳокама қилинади.

Шунингдек, «Оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги, «Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар сенаторлар эътибор марказида бўлади.

Ўз навбатида, транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Фуқаролик процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олган.

Бундан ташқари, ялпи мажлисда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг бажарилиши ҳолати ҳақидаги ахборотини эшитиш режалаштирилган.

Сенаторлар аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам таҳлил қилишади.

Шу билан бирга, ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати, шунингдек, енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат муносабати билан боғлиқ масалаларда иш берувчиларнинг масъулиятини ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш масалалари муҳокамаси кўзда тутилмоқда.

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти юзасидан ҳисоботини эшитиш ҳам режа қилинган.

Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади.

Олий Мажлис Сенати

Ахборот хизмати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?