15 сентябрдан 15 октябргача Тошкент марказий вокзалидан ҳаракатланиб келаётган аксарият поездлар Тошкент жанубий вокзалидан қатновини амалга оширади

14:50 11 Сентябр 2023 Жамият
856 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

“Тўқимачи” ҳамда “Тошкент йўловчи” бекатлари оралиғидаги темир йўлда техник таъмирлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан, «Олмаота-Тошкент-Олмаота», “Тошкент-Новосибирск-Тошкент” “Тошкент-Самара-Тошкент” йўналишида ҳаракатланадиган йўловчи поездлари ҳамда “Тошкент-Хожикент-Тошкент” шаҳарлараро поездларидан ташқари, бугунги кунда Тошкент марказий темир йўл вокзалидан қатновини амалга ошириб келаётган барча йўловчи поездлар, жорий йил 15 сентябридан 15 октябригача Жанубий вокзалдан ўз ҳаракатини бошлайди.

Жумладан, бир ой мобайнида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездлари, Шарқ, Насаф ҳамда “Тошкент-Андижон-Тошкент”, “Тошкент-Волгоград-Тошкент”, «Душанбе-Тошкент-Душанбе» йўловчи поездлари Жанубий вокзал ҳудудидан -рейсларини амалга оширади. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Тошкент марказий ҳамда Тошкент жанубий вокзалларидаги барча чиптахоналар туну кун фаолият кўрсатади. Бундан ташқари чипталарни электрон тарзда ҳам олиш мумкин. Жанубий вокзалдаги кутиш заллари, вокзалга киришда 3 та бир босқичли назорат ўтиш пунктлари доимий равишда йўловчиларга хизмат кўрсатади.

Шунингдек, бир ой мобайнида Тошкент марказий вокзалидаги чиптахоналардан поезд жўнашидан олдин чипта харид қилган, ёки янглишиб шимолий вокзалга келиб қолган йўловчиларни жанубий вокзалга олиб бориш учун вақтинча бепул автобуслар ҳам қўйилади.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Тошкент марказий темир йўл вокзали орқали 6 та юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоезди, бундан ташқари “Тошкент-Андижон-Тошкент” йўналишида 2 та, “Тошкент-Бухоро-Тошкент” йўналишида 2 та “Шарқ” ҳамда “Тошкент-Қарши-Тошкент” йўналишида 2 та “Насаф” тезюрар поездлари ҳар куни қатновини амалга оширади.

Шунингдек, “Тошкент-Волгоград-Тошкент”, «Душанбе-Тошкент-Душанбе» йўловчи поездлари ҳам айнан Тошкент марказий вокзалидан ҳаракатланади. Албатта, бу поездлар ҳаракатланганда Ҳамза станциясидан Тўқимачи станцияси орқали Ангрен йўналишига, ёки ушбу йўналишдан Ҳамза станциясига борадиган юк поездлари тўхтаб турар эди. Реконструкция ишлари амалга оширилганидан кейин, мазкур ҳудуддаги темир йўлда поездларни ўтказувчанлиги янада ортади ва юк поездларининг тўхтовсиз ҳаракатланишига имконият яратилади.

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?