Самарқандда Халқаро гастрономик фестиваль ўтказилмоқда

19:29 07 Октябр 2022 Жамият
794 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган Халқаро гастрономик фестиваль ўз ишини бошлади. Унда юртимизнинг турли ҳудудларидан, хорижий давлатлардан келган энг моҳир ошпазлари иштирок этмоқда.

— Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги «Ғофур ота» чойхонасида фаолият юритаман, — дейди ошпаз Анваржон Қурбонов. — Айни пайтда фестиваль учун ўн йилдан буён вилоятимизнинг бренд таомига айланган «Пирамида ош»ни тайёрлаяпмиз. Бу ошимиз ўзига хос кўриниши билан ажралиб туради. Шунингдек, ошни тайёрлаш жараёнининг ўзида сабзи тўғралади. Чунки олдин тўғралган сабзи бироз сифатини йўқотиши мумкин. Хуллас, таомимизга солинадиган ҳар бир маҳсулот шу ернинг ўзида, иштирокчи ва томошабинларнинг кўзи ўнгида тайёрланмоқда. Мазасига ҳакамларимиз, қолаверса, фестивалга келган юртдошларимиз, сайёҳлар ўз баҳосини беради.

Таъкидлаш ўринлики, мазкур фестивалдан кўзланган мақсад мамлакатимизнинг гастрономик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, гастрономик туризм йўналишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллий пазандалик анъаналарини оммалаштириш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтиришдан иборат.

— Бугунги фестиваль миллий таомларимизни дунёга танитишга, биз, ошпазлар ўз тажрибамизни янада бойитишимизга хизмат қилади, — дейди сурхондарёлик иштирокчи Ботир Бозорбоев. — Юртимизда «Сурхондарё тандири»ни билмайдиган киши бўлмаса керак. Бугун фестивалда салкам 20 кг тош босадиган қўйни сўйиб, тандирга осдик. Ҳидли арча шохларидан чўғ қилиб пиширяпмиз. Илк бор ташкил этилаётган фестивалдан унутилмас таaссуротлар оляпмиз.

Икки кун давом этадиган Халқаро гастрономик фестивалга ташриф буюрувчилар мазали таомлар ва байрам томошаларидан баҳраманд бўлишади. Тадбирга ташриф буюрганлар учун хорижий давлатлардан келган ошпазлар маҳорат дарсларини намойиш этади.

Фестиваль якунида ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра ғолиб бўлган иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?