Туркия сафарда 6 та гол урди, Ҳоланд Исроилни аяб ўтирмади

10:54 12 Октябр 2025 Спорт
352 0

Кеча, 11 октябрь куни Европа яшил майдонларида 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралашининг навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтди. Айрим муҳим баҳсларга тўхталиб ўтамиз.

Туркиядан йирик ғалаба

“E” гуруҳида 2-ўрин учун асосий даъвогар сифатида эътироф этилаётган Туркия терма жамоаси 3-турни София шаҳрида Болгария терма жамоасига қарши ўтказди.

Ўтган тур Винченцо Монтелла шогирдлари Испания терма жамоасига 6:0 ҳисобида мағлубиятга учраган ва бу ҳолат ОАВда жиддий мулоҳазаларга сабаб бўлганди. Бу турда эса Туркия термасининг ўзи 6 та гол киритишни уддалади.

Учрашувда ҳисоб Арда Гулер томонидан очилди. 11-дақиқада “Реал Мадрид“ футболчиси Болгария дарвозасини ишғол этди. Орадан 2 дақиқа ўтиб, мезбонлар ҳисобни тенглаштиришди. Киритилган голга “Левски София“ жамоаси футболчиси Радослав Кирилов муаллифлик қилди. Биринчи бўлим дуранг натижа билан якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 49-дақиқасида мезбонлар аъзоси Виктор Попов ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди. 51 ва 56-дақиқаларда “Ювентус“ аъзоси Кенан Йилдиз 2 та гол уришга муваффақ бўлди.

65-дақиқада Зеки Челик ҳисобни 5:1 кўринишига келтирди. Ҳакам томонидан иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Ирфан Қавечи баҳсдаги сўнгги голни киритди. Якуний ҳисоб — 1:6 Туркия фойдасига.

Болгария — Туркия 1:6

Голлар: Кирилов (13) — Гулер (11), Попов (авт. 49), Йилдиз (51, 56), Челик (65), Қавечи (90+3)

Болгария: Митов, Попов (Турицов, 63), Христов, Божинов, Петров, Петков (Димитров, 64), Стаянов, Краёв, Кирилов (Петков, 73), Чочаев (Красев, 72), Десподов (Минчев, 64).

Туркия: Чақир, Челик, Демирал, Бардакчи, Қадиўғлу, Чалҳаноғлу (Ўзжан, 63), Кўкчу, Айдин, Гулер (Узун, 69), Йилдиз (Қавечи, 63), Актуроғли.

Ҳоланд Исроилни аяб ўтирмади

2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичини жуда ишончли ўтказаётган Норвегия терма жамоасининг Исроилга қарши ўйини атрофида спорт нуқтаи назаридан ҳеч қандай интрига йўқ эди. Аммо ўйингача бўлган ҳолатлар ҳамманинг эътиборини тортди.

Ушбу ўйин ташкил этилишидан 2 ҳафта олдин УЕФА Исроил терма жамоаси ва клубларини ўз мусобақаларидан четлатиш бўйича қарор қабул қилмоқчи бўлди. Лекин якунда негадир Исроилни четлатиш масаласи яна ортга сурилди. Шу тариқа ўйин ўтказилиши маълум қилинди.

Олдинги 5 та ўйинда 100 фоизлик натижа қайд этган Норвегия бу сафар ҳам рақибини катта ҳисобда мағлуб этди. Учрашувнинг 18-дақиқасида Анан Ҳалайли ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди. Орадан 9 дақиқа ўтиб, Эрлинг Холанд баҳсдаги дастлабки голини киритди. 1 дақиқа ўтиб, эндi Идан Наҳмияс ҳам ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Биринчи бўлим 3:0 ҳисобида якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 63-дақиқасида Эрлинг Ҳоланд жамоасининг тўртинчи голини киритди. Орадан 10 дақиқа ўтиб, “Манчестер Сити“ ҳужумчисининг ўзи ўйиндаги сўнгги голни киритди. Якуний ҳисоб — 5:0, Норвегия фойдасига.

Норвегия — Исроил 5:0

Голлар: Ҳалайли (авт. 18), Холанд (27, 63, 72 — хет-трик), Наҳмияс (авт. 28).

Норвегия: Нюланд — Рюэрсон, Айер, Ҳеггем, Вольфе (Бьоркан, 76) — Бобб (Деннум, 76), Берг (Осгор, 76), Берге, Нуса — Серлот (Ларсен, 76), Холанд (Шельдеруп, 85).

Исроил: Д. Перец — Даса (Мизрахи, 71), Блорян, Наҳмияс (Балтакса, 32), Ревиво — Э. Перец, Глух (Тургеман, 87) — Битон (Барибо, 71), Абу-Фани (Ной, 46), Соломон — Ҳалайли.

Португалиядан қийин ғалаба

“F” гуруҳининг 3-туридан ўрин олган баҳсда Португалия терма жамоаси ўз майдонида Ирландия билан куч синашди.

Таъкидлаш керакки, дастлабки 2 та ўйинда ғалаба қозониб, 100 фоизлик натижа қайд этаётган Криштиану Роналду бошчилигидаги жамоа бу гал жиддий қийналди.

Учрашувнинг асосий дақиқаларида ҳисоб очилмади. 75-дақиқада Криштиану Роналду пенальтидан гол кирита олмади — унинг зарбасини Ирландия посбони Каймин Келлеҳер қайтарди.

Лекин учрашувнинг 90+1 дақиқасида Рубен Невеш ғалаба голини урди. Шу тариқа Португалия қийин ғалабани қўлга киритди.

Португалия — Ирландия 1:0

Гол: Невеш (90+1).

Португалия: Кошта, Далот (Тринкау, 62), Диаш, Инасио (Вейга, 46), Мендеш, Невеш, Витинья (Семеду, 61), Нето (Леау, 61), Фернандеш (Рамуш, 86), Силва, Роналду.

Ирландия: Келлеҳер, ЎʼБрейн, Коллинс, ЎʼШеа, Колеман (Эган, 86), Куллен, Молумби, Маннинг, Эбоселе (Жонстон, 74), Огбене (Смолбон, 77), Фергюсон (Паррот, 78).

Испания ғалабали сериясини давом эттирди

Дастлабки икки турни Туркия ва Болгарияга қарши ўтказган Испания терма жамоаси 9 та гол киритишдан ташқари ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишни ҳам уддалаб келаётганди. Бу гал Грузияга қарши баҳсда ҳам Луис Де Фуэнте жамоаси ўз дарвозасидан тўп ўтказмаган ҳолда ғалаба қозонди.

Ўйинда ҳисоб 24-дақиқада Йереми Пино томонидан очилди. Биринчи бўлим шу ҳисоб билан якунланди. Иккинчи бўлимнинг 64-дақиқасида Микел Оярзабал ҳисобдаги фарқни иккитага етказди. Ўйин 2:0 ҳисоби билан “қизил фурия“нинг ғалабаси билан якунланди.

Испания — Грузия 2:0

Голлар: Пино (24), Оярзабал (64).

Испания: Симон, Порро (Льоренте, 75), Норман, Кубарси, Кукурелья, Мерино, Субименди (Гарсия, 81), Педри (Барриос, 74), Торрес, Оярзабал (Иглесиас, 65), Пино (Баена, 64).

Грузия: Мамардашвили, Какабадзе (Азарови, 80), Гогличидзе, Кашиа, Двали, Гочолеишвили, Китеишвили (Гогнидзе, 69), Кочорашвили, Меквабишвили (Мамучашвили, 86), Микаутадзе (Квернадзе, 69), Кварацхелия (Давиташвили, 69).

Италиядан ишончли ғалаба

“I” гуруҳида Норвегия терма жамоасини изма-из таъқиб этиб келаётган Италия жамоаси бу сафар Эстониядан ғалаба билан қайтишни уддалади.

Ўйинда ҳисоб 4-дақиқада Мойзе Кин томонидан очилди. 38-дақиқада А Сериянинг амалдаги тўпурари Матео Ретеги Италиянинг иккинчи голини киритди. Биринчи бўлим 2:0 ҳисоби билан якунланди.

74-дақиқада Франсиско Эспозито жамоасининг учинчи голига муаллифлик қилди. Орадан 2 дақиқа ўтиб, Эстония терма жамоаси ўйиндаги илк ва ягона голини киритди. Якуний ҳисоб — 1:3, Женнаро Гаттузо жамоаси фойдасига.

Эстония — Италия 1:3

Голлар: Саппинен (76) — Кин (4), Ретеги (38), Эспозито (74).

Эстония: Ҳейн, Пеетсон, Пакотси, Куск (Мец, 62), Салице (Синявский, 46), Палумаетс (Ларсен, 46), Соометс, Кайт, Шейн, Саарма, Тамм (Саппинен, 62).

Италия: Доннарумма, Ди Лоренцо, Бастони, Калафиори, Орсолини (Комбиясо, 62), Барелла (Фраттези, 77), Тонали, Димарко, Кин (Эспозито, 15), Распадори (Спинаццола, 62), Ретеги (Кристанте, 77).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?