Зўравонликка қарши 16 кун

14:31 06 Декабрь 2024 Жамият
305 0

Саид ДОНИШЕВ/«Халқ сўзи». Айни кунларда бутун дунё бўйлаб “Зўравонликка қарши 16 кун” тарғибот кампанияси ўтказилмоқда. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг “Маҳаллий давлат ҳокимиятини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Жиззах шаҳрида ташкил этилган тренингда гендер зўравонликка барҳам бериш соҳасидаги ишлар, ислоҳотлар ва қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар сарҳисоб қилинди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган йўналишларга эътибор қаратилди.

“Нега айнан 16 кун?”. Тренинг ана шу саволга жавоб олиш билан бошланди. Ҳар йили қатор давлатларда 25 ноябрь – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунидан бошлаб 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунигача бўлган даврда “Зўравонликка қарши 16 кун” тарғибот кампанияси ўтказилади.

Ислоҳотлар учун асосларни жадаллаштириш, бошқарувда номарказлашган тизимга ўтиш, фуқаролар иштироки ва ҳисобдорликни ошириш мақсадларини мужассам этадиган халқаро лойиҳа 2023 йил июль ойидан бошлаб Жиззах ва Навоий вилоятларида босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат бошқаруви академияси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги лойиҳанинг ҳамкорлари ҳисобланади.

Координаторлар Малика Иноқова ва Нигора Ғаффорова маърузаларида турли кўринишлардаги зўравонликларнинг олдини олиш ва бу каби ҳолатларга муросасизлик маданиятини шакллантириш мақсадга мувофиқлигига урғу берилди. Маҳалла фаоллари кенг жамоатчилик билан муаммонинг ана шу жиҳатига эътибор қаратиши зарур.

— Бу муаммо ва уни келтириб чиқараётган сабаблар ҳақида ҳаммамиз билишимиз лозим, — дейди Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ҳалима Неъматова. — Қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар бор. Энди ҳамма гап ишлашда қоляпти.

2028 йилгача бўлган муддатни ўз ичига олган лойиҳа доирасида яқин вақт оралиғида мавзунинг изчил ёритилишига кўмаклашиш мақсадида оммавий ахборот воситалари учун грантлар ажратилиши иштирокчиларга маълум қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?