Журналистлар ва блогерларга хорижлик мутахассислар дата-журналистика бўйича семинар-тренинг ўтказди

12:48 13 Ноябрь 2020 Жамият
1176 0

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан Тошкент вилояти Паркент туманида жойлашган «Эдельвейс» мажмуасида журналистлар ва блогерлар учун «Дата-журналистика ва маълумотлар визуализацияси: амалиёт» мавзусида медиа тренинг ташкил этилди.

Маълумки, маълумотлар журналистикаси Ўзбекистонда ҳали чуқур ўрганилмаган янги йўналиш саналади. Бу нафақат хабар ёзишда, балки таҳлилий материаллар тайёрлашда, айниқса, журналистик суриштирувларда муҳим аҳамият касб этувчи жиҳатдир. Икки кунлик семинарда Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази тренерлари Ҳотам Абдураимов ҳамда Эмил Фахреев ОАВ ходимларига мавзу юзасидан назарий ва амалий машғулот ўтказди.

Бошланғич сессияда иштирокчилар тренинг мақсади ва вазифалари билан таништирилди, тренинг мавзуси юзасидан кичик муҳокама ўтказилди. Workshop мобайнида Германиядаги дата-журналистика бўйича тақдимот намойиш этилди. Шунингдек, Конрад Аденауер фондининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Ронн Хайне ҳамда Лейпцигдаги “Firmenvideos Online” фирмаси таъсисчиси ва иш бошқарувчиси Рене Фалкнер онлайн мулоқот орқали журналистларга Европа дата-журналистикаси тўғрисида маълумотлар берди.

Журналист ва блогерлар тренинг мобайнида гипотезаларни шакллантириш, маълумотлар билан ишлаш ва визуализация қилишда назарий маълумотлар олиш билан бирга замонавий компьютер дастурларида уларни амалиётда қўллашни ўрганди.

Икки кунлик махсус семинар сўнггида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан иштирокчиларга Сертификатлар топширилди.

Юлдуз ЎРМОНОВА

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?