Журналистикада назария ва амалиёт: ёш кадрлар тайёрлашда бунга қанчалик эътибор берилмоқда?

21:04 05 Июль 2021 Жамият
397 0

Ҳар бир соҳа ривожи малакали кадрларга боғлиқ. Тезкор ва аниқ ахборотга эгалик ҳал қилувчи аҳамият касб этаётган бугунги глобаллашув замонида журналистика ҳамда оммавий коммуникациялар соҳасида етук мутахассисларнинг ўрни тобора ошиб бормоқда.

Таъкидлаш керакки, бугунги журналистик таълим мақсади, мазмун-моҳияти бундан 8-10 йил, ҳатто 3-4 йил олдингидан ҳам катта фарқ қилади. Кейинги йилларда истилоҳимизга «интернет журналистика», «онлайн журналистика», «дата журналистика», «тревел журналистика», «бренд журналистика», «дижитализация», «конвергенция» сингари янги атамалар кириб келгани бежиз эмас. Уларнинг ҳар бири кўриниши, ўрни, аҳамияти, ўзига хослиги билан алоҳида мазмун-моҳият касб этади.

Хўш, мамлакатимизда кундан-кунга янгиланиб бораётган соҳа учун малакали мутахассислар қандай тайёрланяпти? Бу борадаги таълим тизими давр талабларига, замонавий журналистика тамойилларига қанчалик жавоб беради?

Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетларидаги ўқув жараёнлари билан танишдик.

— Ҳозирги кунда факультетимизда учта йўналиш: «Журналистика», «Пиар» ва «Ўзбек филологияси» йўналишлари бўйича талабалар таҳсил олмоқда, — дейди Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети декани, филология фанлари номзоди, доцент Маҳлиё Мирсоатова. — Айни вақтда факультетимизда 794 талаба бўлса, бу йил уларнинг 93 нафари битирувчи сифатида учирма бўлишди. Таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда факультетимизда айнан амалиёт орқали юқори савияли кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Назарий билимларга келсак, журналистика назарияси амалиётдан орқада қолгани ҳам бор гап. Назария орқада қолди, энди нима қиламиз, деган билан иш битмайди ёки муаммомизни бошқа биров четдан келиб ҳал қилиб бермайди. Шу маънода, журналист кадрлар тайёрлаш тизимига замонавий андозаларни жорий этишга ҳаракат қиляпмиз. Асосий мақсадимиз — профессионал журналистларни тайёрлаш, бунинг учун талабаларнинг назарий билимларини бугунги кун талабларига жавоб берадиган даражага олиб чиқиш, уларни амалиёт билан мунтазам мустаҳкамлаб бориш. Шундагина ёш мутахассис қўлига дипломини олгач, ўз йўлини, албатта, топади.

Бугунги кунда соҳада етарли билим ва малакага эга бўлмаган ёш «ижодкорлар»нинг иши, қилмишлари ижтимоий тармоқларда ўз аксини топаётганлигидан кўпчилик хабардор. Бу, ўз навбатида, ёш мутахассисларнинг нафақат билими, балки амалий тажрибасини ҳам мунтазам ошириш масаласини олдимизга қўймоқда. Бу борада факультетда хориж тажрибасидан улги олинмоқда, дейиш мумкин. Жумладан, талабаларнинг амалиёт ўташ жараёнида уларнинг ёзиш, эшиттириш ва кўрсатувлар тайёрлаш, интернетда ишлаш кўникмаларини ҳосил қилишининг илгари синовлардан ўтган мақбул йўллари ҳаётга татбиқ этиляпти. Яъни, талаба куннинг биринчи ярмида ўзи ўқиётган факультетда назарий билимларни олиш билан машғул бўлади, иккинчи ярмида эса бириктирилган газета, журнал, нашриёт таҳририятлари, радио, телевидение муҳарририятларига бориб, иш ўрганади.

Журналистика факультети пойтахтимиздаги босма нашрлар, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, нашриётлар ва нодавлат телерадиоканаллар билан шартнома тузган. Шу орқали талабаларнинг амалиёт ўташи учун барча шароит муҳайё этилган. Факультетда амалиёт раҳбари томонидан бўлажак журналистларнинг амалиёт ўташ жараёни мунтазам назорат қилиб борилади. Натижада талаба ҳам назарий билимга эга бўляпти, ҳам ўқишни битириб чиққунига қадар ёзишга, эшиттириш, кўрсатув тайёрлашга кўникма ҳосил қилиб, деярли тайёр мутахассис бўлиб етишяпти.

Оммавий ахборот воситаларида мамлакатимиз келажаги учун журналист кадрлар тайёрлашдек масъулиятли вазифалар ҳақидаги чиқишлар ўрганганилганда, турфа хил, бир-бирига ўхшамайдиган фикрлар билдирилаётганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин.

Соҳа экспертлари, мутахассислар журналистика факультетига қабул қилишда ижодкорликка мойил, қўлида қалами бор, матбуотда мақола ва хабарлари билан кўриниб турадиган ёшларга алоҳида эътибор беришни, илмий-педагогик жамоани тажрибали амалиётчилар билан бойитиш ҳисобига «янги қон томирлари» пайдо қилишни, ўқув жараёни ўттиз фоиз назария, етмиш фоиз амалиётдан иборат бўлса, мақсадга мувофиқ бўлишини маъқуллайди.

— Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида халқаро журналистика факультети 1999 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда, — дейди мазкур факультет декани, филология фанлари номзоди Амрилло Каримов. — Факультетимизда «Ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар» ҳамда «Маданиятлараро коммуникация» йўналишлари мавжуд. Бу ерда жами 378 нафар талаба таҳсил олмоқда. Жорий йилда «Халқаро журналистика» таълим йўналишида 60 нафар талаба ўқишни якунлади. Ўтган 20 йил мобайнида факультетда халқаро журналистикага ихтисослашган ягона ва салмоқли илмий мактаб вужудга келди. Факультетимиз томонидан сўнгги уч йилда 6 марта илмий-амалий конференция ташкил этилди. Уларда АҚШ, Россия, Жанубий Корея, Малайзия, Беларус, Қозоғистон сингари давлатлардан вакиллар иштирок этди. Ҳозирда ҳам факультетимизнинг хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари жонланиб бормоқда. Жумладан, жаҳоннинг кучли олий таълим муассасалари қаторидаги Сулаймон Демирел номидаги университет, Ал-Форобий номидаги Қозоғистон Миллий университети, Доғистон давлат университетининг журналистика факультети, Ўш давлат университети, Туркистон давлат университети билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. АҚШ билан самарали алоқалар олиб борилаётгани боис, факультетга 50 минг АҚШ доллари миқдорида телерадио ускуналари олиш учун грант ажратилди.

Ушбу таълим масканида ҳам талабаларнинг амалий билимларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилади. Масканда анъанавий тарзда «Амалиёт эътирофи» танлови ўтказиб келинади. Унда матбуот, радио, телевидение, интернет нашрлари, корхона ва ташкилотларнинг ахборот хизматларида самарали амалиёт ўтаган талаба-ёшлар рағбатлантирилади. Ғолибларни ОАВ таҳририятлари журналистларидан иборат комиссия аниқлайди.

Жаҳон миқёсида бирор бир соҳа бўйича мутахассислар тайёрлаш марказлашмаган. Қолаверса, мамлакатимизда ахборот технологиялари, иқтисодиёт, юридик соҳа мутахассисликлари бир пайтнинг ўзида бир нечта олий таълим муассасасида ўқитилмоқдаки, бундай рақобат шароити кадрларни сифатли тайёрлашга замин бўлмоқда. Халқаро журналистика факультети жамоаси ҳам том маънодаги бакалавриат ва магистратурада халқаро журналист ҳамда малакали ахборот хизмати мутахассисларини етиштиришга бор куч-ғайратини сафарбар этяпти.

Мухтасар айтганда, журналистика факультетларидаги таълим савиясини янада ошириш соҳа ривожида туб бурилиш ясашга, пировардида, жамиятда очиқлик, ошкоралик, шаффофликни таъминлашга ҳисса қўшадиган, мамлакатимизда олиб борилаётган кўламли ислоҳотларга камарбаста бўладиган етук мутахассислар сафини кенгайтиришга хизмат қилади.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?