ЖССТ: Янги штамм ҳозирча коронавирусга қарши бошқа вакцина яратиш заруратини юзага келтиргани йўқ

12:17 02 Декабрь 2021 Жамият
524 0

Дунёда коронавируснинг «омикрон» штамми шиддат билан тарқалмоқда. Австралия, Австрия, Ботсвана, Бельгия, Буюк Британия, Бразилия, Дания, Германия, Гонгконг, Исроил, Италия, Испания, Канада, Нидерландия, Нигерия, Португалия, Саудия Арабистони, Швеция, Швейцария, ЖАР, Чехия ва Японияда касалликнинг янги мутацияси қайд этилганди.

Энди улар сафига АҚШ ва Жанубий Корея ҳам қўшилиб, жами 24 тага етди. Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбарининг таъкидлашича, бу кўрсаткичлар, шубҳасиз, ошиб бораверади.

Шу сабабли ЖССТ эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви туфайли хавф гуруҳига мансуб одамлар, жумладан, 60 ёшдан ошган ҳамда ёндош касаллиги мавжуд кишиларга оммавий тадбирларда қатнашмаслик, аҳоли гавжум жойларга бормаслик ҳамда саёҳатга чиқмай туришни тавсия этмоқда.

Шунингдек, ташкилот аъзо мамлакатларни эмлаш жараёнларини жадаллаштиришга чақирди. Қолаверса, ЖССТнинг хулосасича, янги мутациянинг пайдо бўлиши ҳозирча коронавирусга қарши бошқа вакцина яратиш заруратини юзага келтиргани йўқ. Чунки амалда қўлланилаётган вакциналарнинг «омикрон» штаммига қарши самарадорлиги пасайиши ҳали исботланмаган.

Аслида, янги штамм тарқалишини жиловлашда вакциналарга катта умид боғланаётгани бежиз эмас. Чунки «омикрон» қайд этилган Жанубий Африка мамлакатлари, хусусан, ЖАРда катта ёшли аҳолининг тўртдан бир қисми ҳануз эмланмаган.

Шу боис Хитой давлати 600 миллион доза COVID-19га қарши вакцинани Африка мамлакатларига етказиб беришга қарор қилди.

Грецияда ҳам вакцинация жараёнларини тезлаштириш чоралари кўрилмоқда. Мамлакат бош вазирининг баёнот беришича, бу ерда 60 ёшдан ошган аҳолига вакцина олиш мажбурий бўлади. Эмланмаганлар ойига 100 евро миқдорида жарима тўлайди.

Душанбадан эътиборан АҚШга Африканинг 8 мамлакати фуқаролари киритилмаслиги юзасидан тақиқ ўрнатилди. Бу рўйхат янада кенгайтирилиши мумкин.

Австралия эса беш нафар йўловчида «омикрон» аниқлангач, мамлакатга келувчи хорижликлар учун амалда бўлган чекловларни юмшатиш масаласини ортга сурди. Маҳаллий аҳолига ҳам жиддий сабаб кўрсатилмаса, чет элга чиқиш тақиқи сақланиб қолмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?