Жорий йилда 2500 га яқин хорижий ОТМ томонидан берилган диплом тан олиниб, нострификацияланади

13:15 27 Март 2023 Сиёсат
709 0

Фото: Халқ сўзи

АОКАда Билимни баҳолаш агентлигининг раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтаётган матбуот анжуманида тизимда ўтган йилда амалга оширилган ишлар ва жорий йилдаги режалар ҳақида маълумот берилди.

2022 йил давомида ўтказилган тест синовлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-269-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ташкил этилди.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги 2023 йилга қадар Давлат тест маркази сифатида фаолият юритган бўлиб, 2022 йил давомида агентлик томонидан 52 турдаги тест синовлари ташкил этилиб, унда 2 млн нафардан ортиқ талабгорнинг билими синовдан ўтказилди. Жумладан:

1. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлигини аниқлаш бўйича тест синовлари – 21 минг нафардан зиёд;

2. Раҳбар кадрлар ва масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича тест синовлари – 1,1 минг нафардан зиёд;

3. Чет тилини билиш даражасини аниқлаш тест синовлари – 63 минг нафардан зиёд;

4. Умумтаълим фанларидан миллий сертификат имтиҳонлари – 11 минг нафардан зиёд;

5. Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларга кириш тест синовлари – 269 минг нафардан зиёд;

6. Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари – 1 млн 146 минг нафардан зиёд;

7. Олий таълим муассасалари ҳузуридаги академик лицейларга кириш тест синовлари – 23 минг нафардан зиёд;

8. Талабалар ўқишини хорижий давлатлардаги ОТМлардан, шунингдек Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат ОТМлардан давлат ОТМларига кўчириш бўйича тест синовлари – 80 минг нафардан зиёд;

9. Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари, «Темурбеклар мактаби» ва «Ёш чегарачилар» ҳарбий академик лицейларига кириш тест синовлари – 11 минг нафардан зиёд;

10. Профессионал таълим муассасалари (коллеж ва техникум)га кириш тест синовлари – 172 минг нафардан зиёд;

11. Адлия вазирлигининг юридик техникумларига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовлари – 22 минг нафардан зиёд;

12. Бошқа имтиҳонлар – 230 минг нафардан зиёд.

Тест топшириқлари базасини шакллантириш

Юқорида қайд этилган тест синовлари учун 12 та умумтаълим фанидан 42 мингдан ортиқ, 54 та махсус фандан 37 мингга яқин тест топшириғи шакллантирилган ва экспертизадан ўтказилган.

Бундан ташқари миллий сертификат имтиҳонлари учун 7 та умумтаълим фанидан 1,5 мингдан зиёд ва фан олимпиадасининг республика босқичи учун 16 та умумтаълим фанидан 1,4 мингдан зиёд тест топшириғи шакллантирилиб, экспертизадан ўтказилган.

Тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш

Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларини ўтказиш учун республика бўйича 58 та бино, стадион ва хиёбон танлаб олиниб, мазкур жойлар маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда тест синовларига тўлиқ тайёрланди. Бунда бир сменада 48 420 нафар, бир кунда эса 96 840 нафар абитуриент тест синовида иштирок этиши таъминланди.

Тест синовларига назоратчи сифатида жалб этиш учун 5,7 минг нафардан зиёд педагог ходимларга ўқув-семинар машғулотлари ташкил этилди ва машғулотлар якунида имтиҳон қилиниб, 3,6 минг нафардан зиёд педагог ходимлар гуруҳ назоратчиси сифатида танлаб олинди.

Абитуриентлар тест синовига видеофиксация қурилмалари орқали шахсини идентификация қилган ҳолда киритилди. Натижада абитуриентнинг ўрнига бошқа шахснинг тест синовларига киришининг олди олинди. Тест синовлари тўлиқ видеокузатув остида ўтказилиб, test2022.uz сайти ва “Viasat Explore” телеканали орқали онлайн трансляция қилинди. Бунинг учун тест синови ўтказиладиган жойлар 2,1 мингдан ортиқ шахсни идентификация қилиш қурилмалари ва видеокамералар билан жиҳозланди.

Олдинги йилларда абитуриентларга тест синовида фойдаланиш учун «Кимёвий элементлар даврий жадвали» ҳамда «Доимий физик катталиклар ва шартли белгилашлар жадвали» берилган бўлса, 2022 йилда улар билан бирга кимё, физика ва математика фанларидан асосий формулалар жадвали ҳам берилди.

Шунингдек, 2022 йилда илк бор имконияти чекланган абитуриентлар учун тест синовларига сурдотаржимонлар жалб этилди.

Абитуриентларнинг тест синовида тўплаган баллари тест синови ўтказилган куннинг эртасигаёқ шахсий кабинетида эълон қилиб борилди. Бунда абитуриентнинг жавоблар варақаси рангли сканер қилиниб, қайси саволларга тўғри, қайсиларига нотўғри жавоб берилгани ҳам кўрсатилди. Бундан ташқари абитуриентларга mandat.dtm.uz сайти орқали бошқа абитуриентларнинг ҳам натижаларини кузатиб бориш имконияти яратилди.

Тест натижаларига кўра 190 375 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди. Шундан 39 962 нафари давлат гранти, 150 413 нафари тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган.

Чет тилини билиш даражасини аниқлаш

2022 йил давомида 15 та чет тили бўйича 16 марта имтиҳонлар ташкил этилиб, 63 мингдан зиёд талабгорнинг тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш кўникмалари бўйича чет тилини билиш даражаси аниқланди. Мазкур имтиҳонлар 4 тоифага бўлинади:

1. Академик лицей битирувчилари учун бепул чет тили имтиҳони;

2. Чет тиллари ўқитувчилари учун устама имтиҳони;

3. Чет тилини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш имтиҳони.

4. Хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган 6 та олий таълим муассасасига кириш учун чет тилидан ижодий имтиҳон.

Шунингдек, 2022 йилда чет тилини билиш даражасини аниқлашнинг кўп даражали тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Ҳозирга келиб, инглиз, немис, француз ва араб тилларидан чет тили имтиҳонлари кўп даражали (multilevel) форматда ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, чет тили имтиҳони натижаларини эълон қилиш муддати 3 ҳафтадан 1 ҳафтагача қисқартирилди.

Тест синовларини йил давомида ўтказиш учун катта сиғимли бинолар қурилиши

Бухоро вилоятида 1 200 ўринли бино қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлиб, қурилиш ишлари Наманганда 93 фоизга, Самарқандда 84 фоизга, Хоразмда 90 фоизга, Андижонда 60 фоизга, Сирдарёда 63 фоизга, Қорақалпоғистон Республикасида 60 фоизга ва Сурхондарёда 37 фоизга бажарилган.

2023 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар

2023 йилда ҳам 50 дан ортиқ турдаги тест синовлари ташкил этилиб, унда 2 млн нафардан ортиқ талабгор тест синовидан ўтказилади.

Бунинг учун 15 та умумтаълим фанидан 25 мингга яқин, қардош тиллардан 4,5 мингдан ортиқ, шарқ тиллари ҳамда испан ва итальян тилларидан 1,7 мингдан ортиқ, 50 тадан ортиқ махсус фандан 15 мингдан ортиқ тест топшириқлари шакллантирилади.

Умумтаълим фанларидан миллий сертификат имтиҳонлари учун 9 та умумтаълим фанидан (математика, биология, физика, кимё, тарих, география, она тили ва адабиёт, рус тили ва адабиёт, қорақалпоқ тили ва адабиёт) 855 та тест топшириғи шакллантирилади, таржима қилинади ва экспертизадан ўтказилади.

Абитуриентларнинг тест материаллари билан ишлаш кўникмасини шакллантириш мақсадида намунавий тест топшириқлари асосида 100 минг нафарга яқин ёшларнинг диагностик тест синовлари орқали билими баҳоланади.

Кенг жамоатчилик вакиллари орасидан 8 минг нафардан ортиқ номзод my.dtm.uz сайти орқали тест синовларига гуруҳ назоратчиси сифатида рўйхатга олиниб, уларнинг малакаси оширилмоқда.

1,8 мингдан ортиқ тест вариантларининг классик ва замонавий тест назариялари асосида статистик таҳлили амалга оширилади.

2,5 мингга яқин хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш ишлари амалга оширилади.

Таълим соҳаси ташкилотлари томонидан бериладиган 10 мингдан ортиқ расмий ҳужжатларга апостил қўйилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер