Жонкуяр муаллимни ким қўллаб-қувватлайди?
Қўрғон – нафақат Ромитан, балки Ўзбекистонимизнинг энг кўҳна гўшаларидан. Бу қишлоқда Қўзи Саидов деган 76 ёшли муаллим яшайди. Бундан чорак аср муқаддам шу инсон Қўрғон тарихи, ўтмишдаги осори-атиқалари, яшаб ўтган ажойиб инсонлари ҳақидаги маълумотларни тўплаш фикрига келди.
Устоз ишга киришди. Қўрғонлик қатағон қурбонлари, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, бу гўшадан етишиб чиққан олимлар, спортчилар, таниқли инсонларнинг 600 нафардан зиёди ҳақида маълумотлар, фотосуратлар тўплади. Қадимий деҳқончилик иш қуроллари – омоч, пона, болта, ўроқ, уй-рўзғор буюмларининг юздан ортиғини, 1900 йилдан тортиб то ҳозирда муомалада бўлиб турган пуллар, тангаларни жамғарди. Тарихдан сўзлагувчи сарғайган газеталар, уруш йиллари фронтдан юборилган мактублар… Эҳе, муаллимнинг авайлаб йиққанларини санаб адоғига етолмайсиз.
Таассуфки, бу осори атиқалар жой йўқлигидан бир муддат кўчада қолди. Шунда журналистларнинг жонкуярлиги асқатди. Улар аралашуви билан 27-мактабдан мўъжаз музей учун хона ажратилди.
Бу ердаги ҳар бир экспонат олис ва яқин ўтмишимиздан сўзлайди. Устоз улар ҳар бири ҳақида батафсил тўхталиб, ёшларимизни ўзликни англашга даъват этади. Сирасини айтганда, тарих фани машғулотларини ўтиш учун кекса муаллим ташкил этган бу гўшадан афзалроғи йўқ. Ватан остонадан бошланади, деганларидек, ўғил-қизларимизнинг ўзлари туғилиб ўсган қишлоқ, маҳалла тарихини билиши жуда муҳим. Мактаб маъмурияти, айниқса, тарих фани ўқитувчилари масаланинг шу жиҳатини инобатга олишса, ўз навбатида маҳалла масъуллари кекса муаллимни қўллаб-қувватлашса, унинг меҳнатини қадрлашса айни муддао бўлур эди.
Махфират АТОЕВА,
журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг