Жондорлик қулупнайчи Бухоро вилояти ҳокимига маслаҳатчи бўлди

16:54 23 Февраль 2024 Иқтисодиёт
1030 0

Фото: "Халқ сўзи"

Истам Иброҳимов/“Халқ сўзи”. Жондор туманидаги Ифтихор қишлоғида яшовчи Оғабек Остоновнинг иссиқхона хўжалиги фаолияти билан танишган кишининг кўнглидан “Қаловини топса қор ёнади” деган нақл ўтиши тайин. Гап шундаки, бундан уч йилча аввал шунчаки қизиқиш юзасидан қишки мавсумда икки сотих ерда қулупнай етиштирган интилувчан йигит бугун 12 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаган бутун бошли иссиқхона хўжалиги соҳиби ҳисобланади.

— Иш фаолиятим билан яқиндан танишган туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жондор туман Халқ қабулхонаси ва Пўлоти маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари менга ёрдам қўлини чўзишди, — дейди Оғабек Остонов. — Натижада 50 сотих ерда замонавий иссиқхона хўжалиги фаолиятини йўлга қўйишга муваффақ бўлдик. Қулупнай гидропоника усулида етиштиряпмиз. 38 минг туп қулупнай кўчати экканмиз. Айни пайтда унинг ҳар килосини кўтарасига 120-150 минг сўмдан сотяпмиз.

Оғабекнинг таъкидлашича, Жанубий Кореядан келтирилган қулупнай нави серҳосил саналади.Унинг ҳар тупидан бир килограммгача ҳосил олиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, омилкорлик билан ишланса, шу 50 сотихли иссиқхонадан 1,5 миллиард сўмгача даромад қилиш имкони бор.

Айтмоқчи, яқинда вилоят ҳокими Б. Зарипов мазкур иссиқхонада бўлиб, Оғабекнинг иш фаолияти билан танишди. Табиийки, тўпланган тажрибани оммалаштириш, ихчам иссиқхоналар воситасида қишлоқ одамлари даромад манбаларини кўпайтириш ҳақида ҳам сўз борди. Пировардида ҳоким О. Остоновни тажриба тариқасида қулупнайчилик бўйича ўзига маслаҳатчи этиб тайинлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер