Зироат Мирзиёева саратонга қарши курашаётган дунёнинг энг фаол 100 нафар аёли қаторига киритилди
«OncoDaily» халқаро платформаси саратон касаллигига қарши кураш йўналишида жаҳон миқёсидаги етакчи аёллар рейтингини эълон қилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними, «Замин» халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Маҳмудовна Мирзиёева «Онкология соҳасидаги энг нуфузли 100 нафар аёл» рўйхатидан ўрин олди.
Рейтингда таъкидланишича, Зироат Мирзиёева болаларда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволашга қаратилган кенг миқёсли ташаббуслари, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда оғир хасталикларга чалинган болаларнинг яшаб қолиш даражасини ошириш борасидаги фаолияти билан алоҳида эътирофга сазовор бўлган.
Маълумот учун, 2025 йил сентябрь ойида Биринчи хоним БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Ст. Жуде тадқиқот шифохонаси ҳамкорлигида ўтказилган глобал форумга раислик қилган эди. Ушбу тадбир саратон ва бошқа хавфли касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлигини ошириш, шунингдек, уларнинг азоб-уқубатларини камайтиришга қаратилган халқаро ҳаракатни жадаллаштиришга хизмат қилди.
Рейтингда қайд этилишича, Зироат Мирзиёева фаолиятида болаларга тиббий ёрдамдан тенг фойдаланиш имкониятини яратиш, айниқса яшовчанлик кўрсаткичлари паст бўлган давлатларда бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш масалалари устувор аҳамият касб этади. У илгари сурган ташаббуслар орқали Ўзбекистон болалар онкологиясини ривожлантириш борасидаги миллий стратегияларини 2030 йилга бориб болаларда саратоннинг яшовчанлик кўрсаткичини 60 фоизга етказиш каби глобал мақсадлар билан уйғунлаштириб, мамлакатнинг жаҳон соғлиқни сақлаш сиёсатидаги нуфузини юксалтирди.
Зироат Мирзиёеванинг мазкур нуфузли рўйхатдан жой олиши — юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашни миллий ва глобал миқёсда кучайтириш йўлидаги шахсий ҳиссасига берилган эътирофдир. Бу, шунингдек, Янги Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигининг яна бир тасдиғи бўлиб хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг