Жиззахда ҳам боғча болалари овқатдан оммавий заҳарланди

11:14 10 Октябр 2025 Жамият
137 0

Жиззах вилояти Фориш туманидаги давлат мактабгача таълим муассасаларининг 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 37 нафар тарбияланувчи овқатдан заҳарланди. Бу ҳақда Туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, кеча, 9 октябрь куни соат 9:00 лардан 16:00 га қадар бўлган вақт давомида Фориш тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 1, 3, 5 ва 7-сонли давлат мактабгача таълим муассасаларининг 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 37 нафар тарбияланувчилари иситма кўтарилиши, кўнгил айниши, қорин оғриғи, ич кетиш ва ҳолсизлик каби шикоятлари билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Шифокорлар томонидан ўтказилган эпидемиологик суриштирув давомида мурожаат қилиб келган болалар 8 октябрь куни мактабгача таълим муассасаларида биокефир, сир ва сариёғ каби маҳсулотларни истеъмол қилишгани аниқланиб, уларга анамнез ва биринчи текширувлар асосида «ўткир диарея» ташхиси қўйилиб, стационар равишда тиббий ёрдам кўрсатилган.

Аниқланишича, Жиззах вилояти санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг дастлабки хулосасига асосан Фориш тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 1, 3, 5 ва 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида оммавий заҳарланиш юзага келишида озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, сақлаш, ишлов бериш жараёнларидаги санитария қоида ва нормаларининг бузилиши ҳолатлари мавжудлиги сабабли инсон организмида ошқозон ичак ҳазм қилиш тизимининг бузилишига олиб келиши мумкинлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фориш туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?