Тошкентдаги экологик вазият бўйича Президент Администрациясида шошилинч йиғилиш ўтказилди
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева пойтахтдаги экологик вазият кескинлашгани боис тегишли идоралар раҳбарлари иштирокида шошилинч йиғилиш ўтказди.
Йиғилиш аввалида сўнгги кунларда Тошкентда ҳаво ифлосланиши даражаси сезиларли равишда ортиб бораётгани чуқур ташвиш уйғотаётгани, бу эса аҳолининг ҳақли равишда хавотирини ошираётгани таъкидланди. Мавжуд ҳолат зудлик билан, мувофиқлаштирилган ва қатъий чораларни кўришни талаб этаётгани қайд этилди.

Мажлис давомида мутасадди раҳбарлар атмосфера ҳавосининг ҳозирги кўрсаткичлари, аҳолининг мурожаатлари, жамоатчиликдан келаётган таклиф ва эътирозлар юзасидан ахборот берди. Ҳаво сифати ёмонлашувига таъсир кўрсатаётган асосий омиллар, унинг аҳолининг соғлиғига бўлган салбий таъсири ва экологик муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.
Администрация раҳбари ҳавони меъёридан ортиқ ифлослантираётган корхоналарга нисбатан қатъий чоралар кўриш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Одамлар саломатлиги ҳақида гап кетганда, ҳеч қандай муросага ўрин йўқ. Бу тамойил давлат учун ҳам, бизнес учун ҳам бир хилда амал қилиши шартлиги қайд этилди.

Йиғилишда қисқа, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган комплекс таклифлар тақдим этилди. Ушбу таклифлар экспертларнинг тезкор хулосаларига асосланиб ишлаб чиқилган бўлиб, нафақат вазиятни барқарорлаштиришни, балки келгусида бундай муаммолар такрорланишининг олдини олишни ҳам кўзда тутади.
Хусусан, қуйидаги йўналишларда аниқ чора-тадбирлар белгиланди:
— экологик назоратни кучайтириш;
— ҳавони ифлослантирувчи объектлар фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиш;
— қурилиш жараёнларига қўйиладиган экологик талабларни қатъийлаштириш;
— шаҳар миқёсида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш;
— ҳаво сифатини мониторинг қилувчи замонавий тизимни яратиш.

Ушбу чора-тадбирлар яқин орада давлатимиз раҳбарига кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси учун асос бўлиб хизмат қилади, дейилади хабарда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ян Брату билан учрашув ўтказди
- Тилда пайдо бўладиган ўзгаришлар саратон касаллигининг нозик аломати бўлиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг