Жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинган
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов ва бир гуруҳ депутатлар Тошкент вилоятида бўлиб, янгиланаётган Бош қомусимизнинг мазмун-моҳияти, янги нормаларнинг аҳамиятини тушунтиришга бағишланган учрашувлар ўтказди.
Мазкур жараёнда аҳолига Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, вакиллик ва ижро органларининг ўрни ва роли, Асосий қонунимизнинг ижтимоий давлат қуриш, оила институтини мустаҳкамлаш, мулкни ҳимоя қилиш каби принципиал қоидалари ҳақида кенг ва атрофлича маълумот берилди.
Мулоқотларда фуқаролар янгиланаётган Конституцияда миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, анъаналаримиз, шонли маданий, маънавий ва тарихий меросимизни сақлаш ва авлоддан-авлодга етказиш ғояларининг акс этаётганини қайд этиб, киритилаётган нормаларни эътироф этдилар.
Элмурод МИРАЛИЕВ,
Қуйи Чирчиқ туманидаги 45-мактаб директори:
— Мен 18 йилдан бери педагоглик фаолияти билан шуғулланаман. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жамиятни инсон, инсонни эса таълим ва тарбия ўзгартиради. Миллат ва халқнинг ривожи, унинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, авваламбор, ўқитувчилар фаолиятига боғлиқ.
Шу боис кейинги йилларда юртимизда ўқитувчи касбининг мақоми ва обрўсини кўтариш, муаллим ва устозларнинг қадри, шаъни ва ғурурини тиклаш, уларнинг моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватланишини таъминлаш, самарали меҳнат фаолияти учун муносиб шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Янгиланаётган Конституцияда ҳам давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши белгиланаётгани бизни жуда қувонтирди. Биз албатта, бор куч ва имкониятларимизни баркамол авлодни тарбиялашга сафарбар этамиз.
Дилшод ТЎРАЕВ,
Қуйи Чирчиқ туманидаги “Беруний” МФЙнинг ёшлар етакчиси:
— Маҳаллаларда ёшлар етакчиси фаолияти йўлга қўйилганлиги ёшларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш, муаммоларини ўрганиш, янги истеъдодларни кашф қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Янгиланаётган Конституциямизда ёшларнинг жисмоний, ақлий ва маданий ривожланиши учун энг яхши шароитларни яратиш масаласига алоҳида урғу берилган.
Хусусан, Бош қомусимизда давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш, уй-жой, ишга жойлашиш, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароит яратади, деган норма киритилмоқда.
Мазкур қоидалар ёшлар томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда.
Марҳабо АБДУЛАЗИЗОВА,
Бўка туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари ўринбосари:
— Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан такомиллаштириш, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлод тарбияси учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, бу йўлда мисли кўрилмаган ишлар қилинди.
Муҳими, бугун тиббиётдаги ижобий ўзгариш ва янгиланишларни мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳаётида, турмуш тарзида чуқур ҳис этмоқда. Янги таҳрирдаги Бош қомусимизда ҳам давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўриши мустаҳкамланаётгани эътиборга молик.
Тожихон ЙЎЛЧИБОЕВА,
Бўка туманидаги “Янгиҳаёт” МФЙ раиси:
— Маҳалла жамиятнинг муҳим таянч бўғини ҳисобланади. Шу маънода, мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида ҳаётбахш ислоҳотлар самарадорлигини оширишда маҳалланинг ўрни ва мавқеи юксалиб боряпти. Буни биргина жорий этилган янги тизим “бешлик” мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори бирлашиб, маҳаллада қандай муаммо бўлса, жойида ҳал этмоқда, юрт тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб, ислоҳотлар “драйвери” бўлмоқда.
Раҳим ОБИДОВ, меҳнат фахрийси:
— Янгиланаётган Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинганидан маҳалламиз фуқаролари жуда хурсанд. Эътиборлиси, аҳоли давлатнинг ғамхўрлигини сезяпти.
Янгиланаётган Бош қомусимизда ҳам пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари энг кам истеъмол ҳаражатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланяпти, давлатимиз уй-жойли бўлиш, бепул тиббий ёрдам, касб-ҳунар ўрганиш, етарли иш ҳақи ва пенсия олиш учун қонуний имконият яратишни бўйнига олаяпти.
Мазкур нормалар ҳаммамизнинг келгуси тақдиримиз учун жуда муҳим. Шу боис, оила аъзоларимиз билан референдумда фаол иштирок этамиз.
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг