Залварли ижодий меҳнатлар маҳсули

16:31 25 Июнь 2022 Жамият
1000 0

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланган «Ҳамиша халқ билан ҳамнафас» альбоми ҳамда таҳририят кутубхонаси серияси остида чоп этилган «Халқнинг юрагига йўл» китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, таниқли журналистлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалар қатнашди. Шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ва хориждан медиа соҳа вакиллари, ижодкор зиёлилар ZOOM платформаси орқали онлайн иштирок этди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жамиятда очиқлик ва ошкоралик муҳитини шакллантириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Янгича шароитларда, эркинлик муҳитида ижод қилиш «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари жамоасига ҳам катта масъулият юклайди. Чунки мана 30 йилдан ошдики, ушбу нашрлар Ўзбекистон матбуотининг флагмани ўлароқ мамлакатда кечаётган ислоҳотларни, қабул қилинаётган қонунлар, фармонлар ва қарорларни, уларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишдек шарафли ишни амалга ошириб келмоқда.

Дарҳақиқат, газеталарда чоп этилган янгилик ва репортажлар, интервью ва шарҳлар, очерк ва фельетонлар — сон-саноқсиз турли жанрдаги материаллар ўтган йиллар мобайнида ўқувчилар эътирофига сазовор бўлди. Мазкур нашрлар бугун ҳам аудитория билан ишончли мулоқот ўрнатган. Газеталар саҳифаларидан ўрин олаётган халқ фикри, мутахассислар таҳлил ва шарҳлари нафақат бугунги куннинг манзарасини яққол кўриш, балки келажакни ёрқин тасаввур қилиш имконини беради.

Айтиш мумкинки, мазкур нашрлар ҳар доим ўқувчиларни сезгирлик билан тинглайди. Агар ташвишли сигнал келиб тушса, улар, албатта, ўткир мақолалар учун сабаб бўлади. Бу эса турли даражадаги расмийларнинг муқаррар реакцияси билан якун топади. Мухбирлар томонидан тайёрланган танқидий материаллар юзлаб фуқароларнинг зарур муаммоларига ҳокимият органлари эътиборини жалб этган, жамиятда кучли акс-садо берган ҳолда уларни бартараф этишга ёрдамлашган.

Газеталар жамиятда маданиятни ривожлантиришда катта роль ўйнамоқда. Нафақат тил мусаффолигини сақлашга, балки унинг қудрати ва сўзлар маъносини адабий тил қоида ва нормаларига тўла риоя этган ҳолда бойитишга хизмат қилмоқда. Бу — ўқувчилар олдидаги ўзига хос масъулият ҳисси, десак, янглишмаган бўламиз.

Таҳририят жамоаси ростгўйлик, мулоҳазакорлик, ҳалоллик ва бурчга садоқатни асосий тамойили деб билади. Ўзбекистонга пандемия кириб келган пайтда, «Халқ сўзи» ва «Народное слово» фавқулодда мураккабликлар, номаълум вирус қаршисидаги қўрқувларга қарамай, чиқишдан тўхтамаган кам сонли газеталардан бўлди. Тиббиётчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан бир қаторда журналистлар, муҳаррирлар, мусаҳҳиҳлар, саҳифаловчилар — ижодий ва ишлаб чиқариш жараёнида қатнашаётганларнинг барчаси севимли ишларидан воз кечмади, чинакам қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди.

Соҳада кадрларни тайёрлашга ҳам таҳририят ўзининг муайян ҳиссасини қўшмоқда. Бир неча ўнлаб талабалар, магистрлар ҳамда сўз ижодкорлигига бефарқ бўлмаган оддий йигит-қизлар журналистик маҳорат мактабида таҳсил олди. Улар таҳририят ишидаги ўзига хослик, журналистик материалларнинг мумтоз намуналари билан танишиб, келгуси ишларида база вазифасини ўтайдиган билим ва маҳоратларини бойитишди.

Таъкидлаш керакки, кейинги йилларда сиёсий, ижтимоий, иқтисодий соҳалардаги бирор муҳим воқелик таҳририят журналистларисиз кечмаяпти. Олий даражадаги тадбирлардан жонли репортажлар, улар ортидан таҳлилий материаллар, қатнашчилардан интервьюлар — нашрларнинг ўзига хос «ташриф қоғози»га айланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган «Янги Ўзбекистон — янги парламент» формуласи ва «Ислоҳотлар ташаббускори —жамиятнинг ўзи» принципидан келиб чиқиб, таҳририят жамоаси Олий Мажлис палаталари фаолиятини, кўп миллионли ўзбекистонликларнинг хоҳиш-иродасини ифодаловчи турли даражадаги халқ вакилларининг фаолиятини ёритишда ғайрат-шижоат кўрсатиб келмоқда.

Газеталар ўзининг кўп тилли веб-сайтига эга, “Facebook” ва “Instagram«да, “Telegram” мессенжерида, “Youtube” видеохостингида ўз аккаунтларини ривожлантириб бормоқдаки, бу аудитория қамровини биринчи навбатда ёшлар ҳисобига кенгайтириш, улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш имконини бермоқда.

Юбилей муносабати билан чоп қилинган «Ҳамиша халқ билан ҳамнафас» номли альбомда ўтган йиллар давомида таҳририятда фаолият юритган ва бугунги кунда ишлаб келаётган журналистларнинг фидокорона меҳнати акс этган. Унда нафақат таҳририят фаолияти, балки мамлакатимизда юз бераётган оламшумул ўзгаришлар ҳам ўз ифодасини топган. Зеро, таҳририят фаолияти мамлакатимиз тараққиёти билан чамбарчас боғлиқдир.

Президентимизнинг сиёсий иродаси, эзгу ташаббуслари туфайли юртимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Халқнинг юрагига йўл, аввало, инсон қадрини улуғлашдан бошланади. Янги Ўзбекистон йўли бу — халқнинг юрагига элтувчи йўлдир. Бу нурафшон йўлда инсонларда келажакка ишонч уйғотиб, уларни бунёдкорлик ва яратувчанликка руҳлантирувчи улкан куч мавжуд. «Халқнинг юрагига йўл» тўпламидан жой олган, сўнгги йилларда «Халқ сўзи» саҳифаларида чоп этилган долзарб мавзулардаги мақолаларда ана шундай руҳ бор. Мақолаларда янги Ўзбекистон пойдеворини қуриш йўлида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тафсилотлари қиёсий ёритилган. Уларда муаллифлар яқин йилларда эътибор қаратиш лозим бўлган долзарб мақсад-вазифалар ҳамда ечимини кутаётган муаммолар ҳақида мушоҳада юритишган. Китобни ўқиб, мулоҳаза қилиб, жаҳон минбарида Ўзбекистон овози янграшига олиб борадиган, барча драйвер соҳаларда зафарларга элтадиган ўзига хос «йўл харита»си кўз олдингизда гавдаланади. Юрт равнақи, халқ турмуши фаровонлиги қандай мезон ва омилларга боғлиқлигини чуқур ҳис қиласиз. Истиқболли улкан мақсадлар сизни янада олдинга юришга ундайди.

Тақдимотда янги нашрлар таҳририятнинг ўтган йиллардаги залворли меҳнатидан далолат бериши қайд этилди. Шу билан бирга, жамоани янги ижодий марралар сари руҳлантириши таъкидланди.

«Халқ сўзи».

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер