Юртимизнинг ҳар гўшасида қайрағочлар қад ростласин

18:35 16 Октябр 2023 Жамият
482 0

Қайрағоч — сербарг дарахт. Бухорода уни чинни гужум деб ҳам аташади. Сувсизликка, шўрланишга, жазирама иссиғу қаҳратон совуққа чидамли бу дарахт кўчатини бухоролик ўрмончилар турдош садақайрағочга пайванд қилиш ҳадисини олишган.

— Бу эса қайрағоч барги сатҳининг бироз катталашишига олиб келмоқда, — дейди вилоят ўрмон хўжалиги бошлиғи Рустам Ҳожиев. — Натижада дарахт атроф-муҳитдаги чанг-ғуборларни ўзига сингдириб, кўпроқ кислород ажратиш хусусиятига эга бўлаяпти. Шу боисдан ҳам кўкаламзорлаштириш ишларида бу турдаги дарахт ниҳолларига талаб ошиб бормоқда. Хўжаликларимизда шундай кўчатларни етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дейлик, биргина Ғиждувон туман давлат ўрмон хўжалигида жорий мавсум учун садақайрағоч кўчатидан 150 минг туп, қайрағоч ниҳолидан эса 100 минг туп тайёрланган.

Дарҳақиқат, кўпйиллик дарахт саналган қайрағоч Бухоронинг мураккаб иқлим шароитига мос. У юз, икки юз ва ҳатто ундан ҳам кўпроқ йил яшайди.Қуюқ соя беради. Остига тангадек офтоб нури тушмайди. Ёзда сояси жоннинг ҳузури.Тухумсимон шаклда виқор билан чиройли туриши эса кўзни қувонтиради. Вилоятдаги болалар оромгоҳларида ҳамда Баҳоуддин Нақшбанд қадамжосида шундай чинни гужумларни кўплаб учратиш мумкин.

Маълумотларга қараганда, ҳозир вилоят ўрмон хўжаликларининг 20 гектар ерида қайрағоч кўчатлари етиштириляпти.Бу борада тўпланган тажрибани қўшни вилоятлардан келиб ўрганиб кетишмоқда.

Қайрағоч ҳақида алоҳида тўхталишимиз бежиз эмас. Жорий мавсумдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги юмушларга вилоятда пухта тараддуд билан киришиляпти. Кўчалар, хиёбонлар, йўл ёқаларида тут, каталпа каби манзарали дарахтлар қатори қайрағоч кўчатлари ўтқазишга ҳам катта эътибор қаратилади.Умуман эса вилоят бўйича салкам 7 миллион туп кўчат ўтқазилиши кўзда тутилган. Шу мақсадда “манзилли дастур” ишлаб чиқилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер