Юксак мукофот — биз учун улкан рағбат

Давлатимиз раҳбари биз, ёшларга яратиб бераётган имкониятлар илм-фан ва санъатда қобилиятларимизни намоён этиш, спортда юқори натижаларга эришиш, турли соҳаларда ўз ўрнимизни топиш учун кенг йўл очмоқда. Бунга ўз ҳаётим мисолида ҳам гувоҳ бўлиб келяпман.
Мамлакатимизда ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишига алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли мен рус, инглиз, япон ва немис тилларида мукаммал сўзлашадиган даражага етдим. Халқаро миқёсдаги беллашувлар, мусобақалар ва танловларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгалладим. Хусусан, Нидерландиянинг Гаага шаҳрида ўтказилган «IBA International Criminal Court Moot Court Competition 2024» мусобақасида халқаро сертификат билан тақдирландим.
Япониянинг Нагоя университетида 2024 йил баҳорги семестрда ўқиш учун эълон қилинган танловда грантни қўлга киритиб, таҳсил олишни муваффақиятли тамомлаб, халқаро сертификатга эга бўлдим.
Германиянинг Регенсбург университетида 2024 йил кузги семестрда ўқиш учун ўтказилган танловда Тошкент давлат юридик университети талабалари орасидан ғолиб чиқиб, тўлиқ грант асосида ўқишга қабул қилиндим. Шунингдек, Берлин шаҳридаги Буюк Британиянинг консуллигида International English Language Testing System (IELTS) халқаро имтиҳонини муваффақиятли топшириб, 8.0 (C1) даражали IELTS халқаро сертификатни ҳам қўлга киритдим.
АҚШнинг дунё рейтингида кучли 100 таликдан жой олган PennState Dickinson Law университетига 2025/2026 ўқув йилига магистратурада таҳсил олишга эълон қилинган халқаро танловда иштирок этдим. Ундан 45 минг долларлик грант ютиб олиб, университетга ўқишга қабул қилиндим. Шу каби АҚШнинг дунё рейтингида кучли 20 таликдан жой олган Cорнелл, Беркелей ва Бостон университетларига магистратура босқичига қабул қилиндим.
Ҳали олдиндаги мақсадларим улкан. Орзум қайси давлатда таҳсил олишимдан қатъи назар, билим ва кўникмаларимни ўз юртимда сафарбар этиш, она Ватаним равнақи йўлида хизмат қилишдир. Шу мақсадда 2023 йилнинг ёз ойларида Термиз шаҳридаги «Боғзор» маҳалласида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва ҳуқуқий билимларини оширишга ҳисса қўшиш учун «Ҳуқуқий маданият» тўгарагини ташкил этдим.
Бу йил Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида бир гуруҳ иқтидорли қизлар қаторида Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб кўрилганим эришган ютуқларимнинг энг аълоси бўлди. Зеро, халқимизнинг ардоқли шоираси номидаги Давлат мукофоти биз учун бетакрор рағбат, катта имкониятлар эшигидир.
Гулрухсорабегим АБДУСАИДОВА,
Тошкент давлат юридик университети талабаси,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси.
(Сурхондарё вилояти)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг