Ёшларимиз шашмақомни тинглашяптими?
Бир гуруҳ санъаткорлар билан Бухоро шашмақоми ижрочиси сифатида хорижий давлатларга сафарда бўлганман. Бельгия, Германия ва Нидерландия мамлакатларида миллий мумтоз санъатимизни намойиш этганмиз. Ўшанда бизни ҳаяжонга солган воқеалар кўп учраган. Хорижликлар мусиқий чиқишларимизни ниҳоятда катта ҳайрату ҳавас, эътибор билан қабул қилишган. Бу илоҳий санъат билан тақдиримиз чамбарчас боғлиқлигини ҳис қилиб, қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлганди. Хорижликларнинг жуда маданиятли шинавандалиги бизда унутилмас таассурот қолдирган.
Хўш, шашмақом санъатига юртимиз аҳолиси, айниқса, ёшларимизнинг қизиқиши қай даражада? Тўй ва бошқа маросимларимизда қандай ашула ва қўшиқлар ижро этиляпти? Меҳмону мезбон улардан қанақанги маънавий озуқа олмоқда?
Афсуски, бу саволларга ижобий жавоб бериш қийин. Тўғри, мақомларимиз салобатли, жиддий. Улар ўта мукаммал ва мураккаб ишланган. Лекин шуниси ҳам борки, мақом тингловчининг фикрини чархлайди, кишини эзгулик сари етаклайди, ҳаётга енгил-елпи қарашдан асрайди. Қолаверса, мақомларнинг ҳаммаси ҳам мунгли, оғир эмас. Улар орасида чиройли, равон, эшитувчига яхши кайфият берувчи Қашқарчаю Соқийномалар, ҳатто беихтиёр рақсга чорловчи 2-3 хил уфарлар билан бойитилганлари бор.
Кейинги йилларда айнан шу жиҳатлар назарда тутилиб, мамлакатимизда мумтоз миллий санъатимизни ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш ва соҳа вакиллари фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарор муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Жойларда мақом марказлари фаолият юритяпти. Шунингдек, олий ўқув юртларига ўқишга кирувчилар квоталарининг кўпайтирилгани, санъатнинг барча йўналишларига ижодий имтиҳонлар ташкил этилиб, ҳақиқий истеъдод эгаларининг ўқишга қабул қилиниши ўз натижаларини беряпти. Юртимизда Шашмақомни кенг тарғиб қилиш, ёш истеъдодларни кашф этиш, мумтоз санъатимиздаги энг яхши анъаналарни келгуси авлодга етказиш каби мақсадлар кўзда тутилган кўрик-танловлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Давлат Консерваторияси ҳузуридаги Шарқ мусиқаси мақом кафедрасининг Юнус Ражабий номидаги Миллий мақом институтига айланиши, вилоятлардаги олийгоҳларининг мусиқа кафедраларида мақом санъатини ўрганиш ва ўргатиш йўлга қўйилганлиги, қолаверса, Бухоро, Хоразм, Тошкент ва Фарғона вилоятларида мақом санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг ташкил этилганлиги, юртимиз шаҳар, туманларидаги « Болалар мусиқа ва саньат мактаби” ларида анъанавий чолғу ва анъанавий хонандалик бўлимлари фаолият олиб бораётганлиги бебаҳо маънавий меросимизга жуда катта эътиборнинг белгисидир.
Мақом санъатининг гултожи бўлган «Шашмақом» ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатда эътироф этилгани ҳамда унинг Репрезентатив рўйхатига киритилганини айтмайсизми?! Тақдир халқимизга раво кўрган бу ноёб санъатдан ўзни баҳраманд этмаслик ачинарли саналади. Шашмақом ҳар бир хонадон, ҳар бир киши қалбига маънавий озуқа сифатида кириб бориши зарур. Олий ўқув юртларининг мусиқа кафедраларида анъанавий чолғу ва анъанавий хонандалик якка дарсларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Қолаверса, тўй ва бошқа маросимларда хизмат қилаётган хонандаларнинг репертуарлари яъни ижро дастурини назардан ўтказиш мавриди келди.
Республика ва вилоятлар телерадиокомпаниялари ҳамда хусусий телевидениелар орқали эфирга узатилаётган замонавий мусиқа дастурлари орасида ҳеч бўлмаганда бир-иккита мумтоз куй-қўшиқ ҳавола этилса, асар ҳақида қисқагина изоҳ берилса фойдадан холи бўлмасди. Қанийди, маҳалла, таълим даргоҳларида кичик-кичик мақом кечалари уюштирилса, ота-оналар ўқитувчилар ҳамкорлигида мумтоз мусиқа санъатимиз ҳақида ёшларимиз билан суҳбатлар ўтказилса... Бундай тадбирлар фарзандларимиз онгу шуурини маънавий жиҳатдан бойитар, уларни енгил-елпи, миллий менталитетимизга ёт мусиқалардан муҳофаза қилишда асқатарди. Буюк номоддий мусиқий меросимизни асраб-авайлаб келажак авлодга бекаму кўст етказишга барчамиз камарбаста бўлмоғимиз лозим.
Эшпўлат ОРТИҚОВ,
Бухоро давлат университети Мусиқа ижрочилиги
ва маданияти кафедраси ўқитувчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг