Ёшлари қўллаб-қувватланган ва аҳолиси саломат юртда тараққиёт бўлади

16:45 29 Декабрь 2020 Жамият
1027 0

Янгиланаётган Ўзбекистон янги марралар сари қадам ташламоқда. Бу қадамларнинг қутлуғ бўлиши ҳар биримизнинг шу жонажон юрт тақдирига дахлдорлигимизни чуқур ҳис қилишимизга кўп томонлама боғлиқ. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини эшитар эканман, ҳам депутат ҳам шифокор сифатида юрт эртасига, мамлакат тараққиётига дахлдорлигимни яна бир бор кўнглимдан ўтказдим.

Мени қувонтирган нарса шу бўлдики, 2021 йил Президентимиз томонидан Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилинди. Энди бир ўйлаб кўрайлик: ҳар бир ота-она ўз фарзандини ўқимишли, элу юртга нафи тегадиган инсон бўлиб улғайишини истайди. Бунинг учун эса фарзандларимиз соғлом ва бақувват бўлиши лозим. Президентимиз бу муҳим масалани давлат сиёсати даражасига кўтараётган экан, албатта, бунинг самараларини яқин кунларда сезила бошлайди.

Президентимиз Мурожаатномада келгуси йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашишни тизимли равишда давом эттириш муҳим вазифалигини алоҳида айтиб ўтди. Бу эса ҳар бир тиббиёт тизими ходимига, шифокорларга катта масъулият юклайди. Бундан ташқари санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга 200 миллион доллар йўналтирилиши ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини оширади.

Кейинги йилдан бошлаб, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Бу жараён билан 2021 йилда 11 миллион нафар, 2022 йилда 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Аёллар ва болаларни ёд, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилади. Тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга ҳам эътибор оширилади.

Албатта, Президентимиз Мурожаатномасида саломатликка бу қадар катта аҳамият бераётганининг сабаблари аён. Чунки халқи саломат мамлакатда тараққиёт бўлади, янгиланиш бўлади. Зотан, тараққиёт аҳоли саломатлиги билан чамбарчас боғлиқдир.

Мавлуда Ибрагимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер