Ёшлар фестивали бугун Навоий шаҳрида қизиқарли лойиҳалар билан давом этади

11:25 26 Июнь 2022 Жамият
718 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимиз харитасида Тўдакўл сув омбори ўтган асрнинг 60- йилларида пайдо бўлиб, иншоотдан шу пайтга қадар фақат суғориш мақсадларидагина фойдаланилган.

Давлатимиз раҳбарининг Навоий вилоятига қилган ташрифларидан бирида ушбу кўл атрофида ички ва ташқи сайёҳлар учун дам олиш масканлари барпо этиш ҳамда имкониятлардан самарали фойдаланиш тўғрисидаги топшириқларидан сўнг кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, бири-биридан шинам манзиллар барпо этилди.

Кўл соҳилида «Мироншоҳ чорбоғи» фермер хўжалиги томонидан асос солинган замонавий дам олиш маскани ҳамда "Silk Road Family Resort" сайёҳлик пляж зонаси шулардан бўлиб, бугун ушбу масканлар республика миқёсидаги йирик турнирга мезбонлик қилмоқда.

Президентимизнинг «Заковат» интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсади ҳамда Ёшлар ойлиги доирасида «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида спортнинг шахмат тури бўйича ўтказилаётган ушбу турнир беш босқич - маҳаллалар, секторлар, туман(шаҳар) ва вилоят босқичларида ўтказилиб, уларда жами 300 минг нафарга яқин юртдошларимиз иштирок этди. Ушбу босқичларда ғолибликни қўлга киритган 56 нафар шахматчи финал босқичида ўз салоҳиятларини намойиш этмоқда. Айтгандай, ушбу турнирнинг соврин жамғармаси 880 миллион сўмни ташкил қилади.

Таъкидлаш жоиз, мусобақада шахмат турниридан ташқари ўттиздан ортиқ лойиҳалар амалга оширилиб, иштирокчилар спортнинг бадминтон, волейбол, пляж футболи, стол тенниси, енгил атлетика каби турлари бўйича ўз куч ва эпчиллигини, «Зукко китобхон», мушоира, «Заковат» лойиҳаларида эса ўз интеллектуал салоҳиятларини синовдан ўтказадилар.

Бевосита “Toʼdakol fest-2022» номини олган шахмат турнирига қайтадиган бўлсак, Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманининг «Олчазор» маҳалласидан 10 ёшли Жавоҳир Бозоров ўз ёш тоифасида ушбу мусобақанинг ғолиблигини қўлга киритиб, 50 миллион сўм пул мукофоти билан рағбатлантирилди.

«Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остидаги ушбу фестиваль бугун Навоий шаҳрида давом этмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?