“Ёшлар дафтари”даги йигит-қизлар қандай ёрдам берилмоқда?

19:28 07 Декабрь 2021 Жамият
769 0

Фото: «Халқ сўзи»

Андижон вилоятида ёшларни иш билан таъминлаш, айниқса,   ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш мақсадида шу йил бошида уларга 10 сотихдан ер майдони ажратилган эди. Натижада “Ёшлар дафтари”га киритилган юзлаб йигит-қизлар деҳқончилик қилиш орқали даромад манбаига эга бўлдилар. Мисол учун, Олтинкўл туманида истиқомат қилувчи Бекзодбек Ботиров ана шу имкониятдан унумли фойдаланиш орқали “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди.

— Ер майдони ажратилиши билан картошка экдим, — дейди Бекзодбек. — 3 тонна ҳосил йиғиб олдим. Унинг ўрнига маккажўхори экдим. Учинчи экин ўрнида мош  экдим. Бир пайтнинг ўзида мош билан бир қаторда кунгабоқар  парваришладим. Яъни, 10 сотих ердан 4 турдаги экин орқали 3 марта ҳосил йиғиб олдим. Умумий даромадим 20 миллион сўмни ташкил этди.

Ер билан тиллашишни ўрганган ёш йигит қишда ҳам бекор юргани йўқ. Томорқасидаги 5 сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, саримсоқпиёз экди. Бу орқали у қиш мавсумининг ўзида яна 20 миллион сўм даромад топишни режалаштирган.

Чиндан ҳам “Ёшлар дафтари”га киритилган  йигит-қизлар бугун деҳқончилик ва тадбиркорлик йўналишларини ўзлаштирган ҳолда эҳтиёжмандлар сафидан чиқмоқдалар. Амалда ўз натижасини кўрсатган ушбу йўл орқали 2022 йилда биргина Олтинкўл туманининг ўзида яна 273 нафар шу тоифадаги ёшларга даромад манбаига эга бўлиши учун яқиндан кўмаклашиш кўзда тутилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?