Буюк ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи

12:15 31 Январь 2025 Сиёсат
152 0

Президент Шавкат Мирзиёев 29 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишар экан, бу даргоҳ нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилаётган ушбу мажмуада юртимиздаги ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш мужассам бўлади.

— Марказ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўриб, ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини англайди, — деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари янги Ўзбекистонда айни йўналишда олиб борилаётган ишлардан кўзланган бош мақсадни ҳам аниқ ва лўнда ифодалади: миллий ўзлигимизни англаш ва англатиш!

Ҳақиқатан ҳам, замонавий дунёда сарҳадлар йўқолиб, глобаллашув жараёни янгича қоидаларни тақозо этар экан, миллий ўзлик масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Хўш, бугун шиддат билан илгарилар эканмиз, нима учун ўз тарихимиз сарчашмаларини ёдда тутишимиз керак?

Ҳар қайси тамаддун, маданият ва халқ тарих асосида шаклланади. Тарих эса фақат саналар ва воқеа-ҳодисалар билан чекланиб қолмайди, балки у авлодларнинг жонли хотираси сифатида ғалаба ва фожиалар, сабоқларни ўз ичига олади. Ўз тарихини ёдда тутиб, ҳурмат қилувчи халқ ўтмишдаги хатоларни такрорламай, ёрқин келажакни барпо этишга қодир бўлади. Франциялик мутафаккир Вольтер XVIII аср бошидаёқ шундай деган эди: “ўтмишни билмайдиган одам ҳозирги замонни ҳам, келажакни ҳам, ҳатто ўзлигини ҳам билмайди”.

Шундай экан, тил ва адабиёт, санъат ва урф-одатлар шунчаки “ўтмиш сарқити” эмас, балки халқнинг келиб чиқишини белгиловчи код дейиш мумкин. Уларни унутган халқ ва миллат ўзининг қиёфасини йўқотади. Бунга эса замонавий воқеликда йўл қўйиб бўлмайди. Яқин вақтларгача умуминсоний деб ҳисобланган қадриятлар кўз ўнгимизда таназзулга юз тутмоқда.

Сиёсий танглик, иқтисодий буҳронлар ва технологик инқилоб эса жамиятни мисли кўрилмаган тезликда ўзгартирмоқда. Бундай шароитда ўз тарихий илдизларини билиш ва унинг асосида ривожланган, маърифатли жамиятни, барқарор давлатни қуриш ўта муҳим. Зотан, хотира ўзгаришлар силсиласида йўқолиб кетишга йўл қўймайдиган маёқдир.

Халқ ўз ўтмишини қадрласа, у келгуси авлодларга нафақат билимларни қолдиради, балки ўзларидан кўра йирикроқ тарихий меросга эгалик ҳиссини шакллантиради.

Шу маънода Хитойни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. У айни замонда жуда тез суръатда ривожланаётганига қарамай Конфуций фалсафаси билан чуқур боғлиқликни, оилага ва аждодларга ҳурмат руҳини сақлаб келмоқда. Ё бўлмаса Ирландияни олайлик. У ерда ХХ асрда “кельтлар мероси” қайта тиклана бошлади, бу эса — миллий ўзликни мустаҳкамлашга ёрдам берди ва шундай қилиб, иқтисодий мўъжиза учун пойдевор яратди. Икки асрдан кўпроқ давр мобайнида Европадаги энг камбағал деб ҳисобланган давлат 1990 йилларда жуда тез ривожланиш суръатини намойиш этди ва 2020 йилларга келиб аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми бўйича Буюк Британия ва Германияни анча ортда қолдирди.

Ўзбекистон халқи, образли қилиб айтганда, буюк аждодларининг руҳи билан кучли. Шундай экан, ўзининг кимлигини билиш ва ёдда тутиш қанчалик муҳим бўлса, дунёда юз бераётган ҳар хил тарихий буҳронларда, ахборот ва ўзгаришлар оқимида осонгина йўқолиб кетмаслик, ўзини сақлаб қолиш ҳам шунчалик зарур. Бунда миллий бирхиллик мамлакат фуқаролари учун муҳим таянч ва суянч, куч ва барқарорлик гарови бўлади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонликлар ўзини ягона халқ деб англаши мустаҳкамланди. Буни қуйидаги ҳолатларда кўриш мумкин: юртдошларимизнинг фан соҳасида ёки спортда эришган ютуқларига ҳамма — қайси миллат вакили бўлишидан қатъи назар, бирдек қувонади, мамлакатимиз ёки ватандошларимизга нисбатан айтилган адолатсиз иғволардан хафа бўлади, шунингдек, минтақамиз ва дунёдаги вазият бўйича бир хилда қайғуришади. Янги авлодни ҳам шу руҳда тарбиялаймиз. Шундай қилиб, янги тарихни ва келажакни яратмоқдамиз, бу келажак буюк ўтмишимизга муносибдир.

Билим — ҳаётий маслак

Кўп асрлик тарихга эга давлатимиз бой илмий ва маънавий меросни кўз қорачиғидек асрайди, буюк аждодларимизнинг билими ва тажрибасидан ўз тараққиёти йўлида фойдаланади. Юртимиз келажагини биз таълимда, фан ва маърифатда кўрамиз.

Айнан шунинг учун ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг учинчи Ренессансни яратиш ҳақидаги ташаббуси халқимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди, миллий ғоя даражасига кўтарилди. Бу ғоя ватандошларимизнинг энг эзгу орзусини аниқ ва тўлиқ акс эттирди — орзуки, у жаҳонда тенглар ичра тенг ва кучли бўлиш, эркин яшаш, фан ва таълимда, маърифатда, ижтимоий-сиёсий, маънавий ва маданий тараққиётда юксак кўрсаткичларга эришишдан иборат.

Кейинги йилларда амалга оширилган туб ўзгаришлар бу орзуга эришиш мумкинлигини кўрсатди. Тарихий далиллар ва халқимизнинг анъаналари, унинг яратувчанлик салоҳияти келажакка илдам қадам ташлаш учун, жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча йўналишида навбатдаги Ренессансга эришиш учун ҳал этувчи омиллар бўлиб хизмат қилмоқда.

Халқимиз тарихида иккита Уйғониш даври бўлган. Биринчиси IХ — XII асрлардаги маърифий Ренессанс бўлса, иккинчиси — XIV-XV асрлардаги темурийлар Ренессанси.

IХ — XII асрларда ҳозирги Ўзбекистоннинг ҳудуди таълим ва илмий анъаналарнинг тикланиш ўчоғига айланган бўлиб, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Хоразмий, Фарғоний сингари қомусий олимлар, таъбир жоиз бўлса, оламшумул илмий инқилоб яратдиларки, у дунё тамаддунининг кейинги ривожини таъминлади. Биринчи Ренессанс даврида юртимизда аниқ фанлар, табиий, фалсафий ва диний илмлар жадал ривожланди. Буюк олимлар тадқиқотлар ва ҳисоб-китоблар олиб боришди, кўп жилдли асарлар ёзишди, бу билан эса бутун инсониятнинг фан ва маданиятини тараққий эттиришга муносиб ҳисса қўшишди.

Машҳур математик, астроном ва географ Муҳаммад Хоразмийнинг ўрта асрлар фанига қўшган улкан ҳиссаси туфайли бутун дунё ўнлик саноқ тизими ҳақида тасаввурга эга бўлди, “алгебра” ва “алгоритм” атамалари ҳам олимнинг исми ва илмий китобининг номидан келиб чиққан.

Яна бир буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино замонавий тиб илмининг асосчиси сифатида дунёга машҳур бўлди. Унинг 29 соҳага тегишли 450 та илмий асари ҳозиргача юқори даражада қадрланади.

Қомусий олим Абу Райҳон Беруний математика, астрономия, физика, ботаника, география, геология, минералогия, этно­графия, тарих ва хронология, шунингдек, фаннинг бошқа соҳаларига оид кўплаб асарлар яратдики, инсоният улардан юзйилликлар давомида фойдаланиб келмоқда.

Буюк астроном Аҳмад ал-Фарғоний ёки Оврупода айтишганидек, Альфрагануснинг илмий мероси бутун дунёда юксак қадрланади. Бу асарлардан бир неча аср давомида дарслик сифатида фойдаланилган. Хусусан, олим Ер сайёрасининг шар шаклида эканини исботлади, Қуёшда доғлар мавжудлигини аниқлади. Унинг ихтироси бўлган Нил дарёсининг сув сатҳини ўлчовчи асбобдан мутахассислар ҳанузгача фойдаланиб келишади.

XIV асрдан XV асргача давом этган иккинчи Ренессанснинг асосчиси Амир Темур бўлиб, у тарихдаги буюк империялардан бирини тузган шахс сифатида ном қозонган. Унинг ҳукмронлиги даврида Самарқанд ва бошқа шаҳарларда гўзаллиги ва мукаммаллиги билан такрорланмас бўлган бинолар барпо этилди, шунингдек, қонунлар мажмуаси ишлаб чиқилди, иқтисодиёт, савдо-сотиқ, фан ва маданият ривожланди. Темурийлар даврида санъат, ҳунармандчилик, меъморчилик, шеърият ва дунёвий фанлар тараққий топди. Самарқанд дунёнинг энг йирик илмий марказларидан бирига айланди.

Буюк ижтимоий-сиёсий ва ижодий арбоблар сулоласи кейинроқ XIX ва ХX аср чегарасида шаклланди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Файзулла Хўжаев, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон ва бошқа маърифатпарвар олимлар жадидлар ҳаракатига асос солиб, Марказий Осиёнинг жадал тараққиётига улкан ҳисса қўшди. Илғор маърифатпарварларнинг ҳақиқий вакиллари бўлгани ҳолда улар миллий ўзликни тиклаш, Туркистон халқининг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, унинг тарихий ва маънавий қадриятларини асраш ғояларини дадил илгари сурди. Жадидлар туркистонликларни озодлик ва мустақиллик тантанаси учун, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини рўёбга чиқариш ва давлатчиликни тузиш учун курашда бирлаштирди. Улар фаолият юритган давр олимлар томонидан Марказий Осиёда миллий ўзликни ва ақлий тафаккурни тиклаш даври, дея тан олинган.

Давлатимиз раҳбари бир неча бор таъкидлашича, бизнинг аждодларимиз бўлмиш жадидлар ХХ асрдаёқ учинчи Ренессансни амалга оширишга қодир бўлганлар. Улар “Нажот учун билимдан бошқа йўл йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”, деган ҳикматли сўзларни ўз ҳаётий ақидаларига айлантирган.

Президентимизнинг яқинда чиқарган қарори Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида эканлиги — нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам тан олинган буюк маърифатпарварнинг хизматлари эътирофидир.

Ўзбекистон раҳбарининг қарорига муносабат билдирар экан, Саудия Арабистонида чиқадиган “Al Harir” газетасида шундай ёзишди: “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва фаолияти замонавий дунё учун қимматли сабоқ беради. У таълим, ўз маданияти билан фахрланиш ва конструктив ислоҳотларга урғу берар экан, замонавий муаммоларни ҳал этишда билим ва бирдамлик катта кучга эга эканлигини ҳаммамизга эслатади. Унинг таваллудига 150 йил тўлиши нишонланар экан, биз нафақат миллий қаҳрамонни, балки ўз ғоялари билан тараққиёт йўлини ёритишни давом эттираётган глобал новаторни олқишлаймиз”.

Президент Шавкат Мирзиёев алоҳида эътироф этганидек, буюк аждодларимиз қолдирган бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мерос бизнинг хатти-ҳаракатларимизда доимий дастуриламал бўлиши лозим. Биз ушбу ўлмас бойликни авайлашимиз, ундан куч-қувват ва илҳом олишимиз керак. Ва ушбу ғояларга мувофиқ ҳолда, аввало, миллий таълим тизимини ривожлантиришимиз лозим.

Иқтисодий «йўлбарс»нинг истиқболлари

Ўз олдига барча соҳа ва тармоқларни модернизация қилиш бўйича катта мақсадлар қўйган давлат учун энг муҳим нарса нима? Ёш авлоднинг билимли бўлиши, тафаккури ва тарбияси. Шундай экан, янги Ўзбекистонда ёшлар масаласи ижтимоий сиёсатнинг энг устувор йўналиши этиб белгиланган. Кейинги йилларда қабул қилинган юздан ортиқ қонун ва қарорлар ҳам ёш авлоднинг манфаатларига йўналтирилган.

Хусусан, ёшларнинг сифатли таълим олиши, уларнинг касбий тайёргарлиги, шунингдек, фан ва инновациялар, ахборот-коммуникация технологиялари каби юқори истиқболли соҳалардаги ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор кучайтирилди. Биргина таълим кредити олиш имкониятидан 151 минг нафар талаба фойдаланди, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари бўлган 110 минг нафар талабага шартнома маблағи тўлаб берилди. ўтган йили 310 минг нафар ёш талабаликка қабул қилинган бўлса, уларнинг деярли ярми қизлар. 110 минг нафар ёш Ўзбекистонлик хорижда таълим олмоқда.

Давлатимиз ёш авлоднинг ҳар томонлама ривожланиши учун катта маблағлар сарфлайди. Етти йилда таълим тизимини такомиллаштириш учун 216 триллион сўм маблағ ажратилди. Моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун бюджетдан 19,5 триллион сўм йўналтирилди. Бу эса 6 мингта давлат мактаби ва 3,5 мингта болалар боғчасини реконструкция қилиш ва қуриш имконини берди. Мактабларда 800 мингта, боғчаларда 535 мингта қўшимча ўрин яратилди.

Таълимнинг хусусий сектори учун кенг имкониятлар яратилиши туфайли хусусий мактаблар сони 27 тадан 500 тагача, нодавлат болалар боғчалари сони эса 250 тадан 30 мингтагача кўпайди.

Шуни ҳам эътироф этиш лозимки, аҳоли сони ортиши билан мактабларда ҳар йили 120 мингта, боғчаларда эса 30 мингта қўшимча ўринга эҳтиёж юзага келади. Жорий йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 375 та мактаб ва 97 та болалар боғчаси реконструкция қилинади ва қурилади.

Хусусий секторда ўқувчи ўринларини кўпайтириш учун 2025 йилдан бошлаб мактаб очмоқчи бўлган тадбиркорларга кредитлар тақдим этилади. Бунда кредит фоиз ставкаларининг бир қисми бюджетдан қопланади, янги хусусий мактаб қуриш учун коммунал харажатларнинг 50 фоизи эса беш йил муддатгача бюджет ҳисобидан компенсация қилинади. Уларга, шунингдек, солиқ енгилликлари берилади.

Шахснинг тарбияси ва ривожланиши асослари болаликдан бошлангани учун давлатимиз мактабгача таълим тизимининг ривожланишига амалий ғамхўрлик кўрсатади. Кейинги етти йилда мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 74,6 фоизгача ортди. Яқин истиқболда ушбу кўрсаткични 80 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Мактаб таълимини ҳар томонлама ривожлантириш мамлакатимизда умуммиллий ҳаракатга айланмоқда. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида таълим соҳаси ҳам бирламчи вазифалар қаторида белгиланган. Иқтидорли ўқувчилар билан ишлашни такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчи-педагог касбининг нуфузини кўтариш, ҳуқуқий, ижтимоий ва молиявий ҳимоясини таъминлаш мақсадида янги таҳрирдаги Конституцияда ўқитувчи алоҳида мақомга эга экани белгиланди. “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Яқинда, январь ойида бўлиб ўтган олий таълим ва илм-фан соҳасидаги устувор вазифаларга оид тақдимотда Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз тараққиётининг таянчи сифатида бу йўналишларга катта эътибор қаратилаётганини айтиб ўтди. Янги олийгоҳлар очилиб, қамров анча кенгайди. Таълим жараёнлари сифат жиҳатдан яхшиланмоқда. Республикада олий таълим муассасаларининг сони 77 тадан 211 тагача кўпайди, олий таълим билан қамраб олиш даражаси эса 9 фоиздан 42 фоизгача ортди.

Бундан ташқари, бакалавриат йўналишлари мақбуллаштирилди, 1,2 мингдан ортиқ таълим дастурлари хорижий андозаларга мослаштирилди.

Битирувчиларга қўйиладиган малака талаблари тўлиқ янгиланди, олий таълим тизимида қайта тикланувчи энергия манбалари, атроф-муҳит муҳандислиги, биотизимлар муҳандислиги каби замонавий йўналишлар очилди.

Бу йил яна мингдан ортиқ таълим дастурлари “ТОП — 300” университет дастурлари асосида такомиллаштирилади. 45 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилади. Талабалар “Регистратор офиси” хизматлари билан тўлиқ қамраб олинади. Дуал таълимга яна 50 минг талаба жалб қилинади.

Олий таълимда илмий салоҳиятни 55 фоизга чиқариш, хорижда 5 минг нафар педагог малакасини ошириш режалаштирилган. Шунингдек, илғор муҳандислик мактабларини 25 тага етказиб, саноат корхоналари билан лойиҳалар қийматини 10 баробар ошириш мақсад қилинган.

Ёшларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар янада яхшиланади. Мамлакатимизни жадал ривожлантириш мақсадида ёшларни “тўртинчи саноат инқилоби” касблари бўйича тайёрлаш даражасини кўтариш мўлжалланган. Йигит-қизларни катта даромад келтирувчи касбларга ўргатиш, юқори қўшимча қийматга эга лойиҳалар сонини кўпайтиришга эътибор кучайтирилмоқда. Жумладан, олий таълимнинг биринчи ва иккинчи курсларидаги фанлар техникумлар билан интеграция қилинади. Техникумни яхши баҳолар билан тугатган битирувчиларга халқаро классификаторга мос келувчи дипломлар топширилади. Қувонарлиси, уларга ўқишини олий таълим муассасасининг иккинчи ё учинчи курсида тўлов-шартнома асосида давом эттириш имконияти берилади. Етарлича касбий тайёргарлиги ва икки йиллик иш стажи бўлган ёшлар олийгоҳларга тўлов-шартнома асосида корхоналар тавсиясига кўра қабул қилинади.

Кўриниб турганидек, Ўзбекистоннинг жадал ривожланиши янги индустриал давр шароитида ишлашга қодир юқори малакали мутахассислар тайёрлашни талаб қилмоқда. Бу даврда, шубҳасиз, мамлакатимиз олдида янги истиқболлар очилади. Улар ҳақида фикр билдирган “Berliner Telegraph” журналининг сиёсий шарҳловчиси Грегор Шпитцен шундай деб ёзди:

— Ўзбекистон Марказий Осиёнинг иқтисодий “йўлбарси” сифатида кейинги саккиз йилда ажойиб иқтисодий тараққиёт йўлини босиб ўтди. 2024 йилга келиб, ўсиш пасаймади, аксинча, янги суръат ола бошлади. Ислоҳотлар ва янгиланишларнинг бундай ўсиши шароитида 2030 йилга бориб Ўзбекистон нафақат минтақавий, балки глобал сиёсий ва иқтисодий марказга айланади.

Тўртинчи саноат инқилоби учун мутахассислар

Мамлакатимизда нафақат билим олиш, балки уни юрт манфаати йўлида амалий қўллаш учун ҳам улкан имкониятлар яратилмоқда. Ёш фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, бизнесини ривожлантириш мақсадида тадбиркорлик асослари ва ихтисослаштирилган мутахассисликларга ўқитиш орқали уларга мақсадли грантлар, кредитлар ва субсидиялар ажратилиб, ёшлар орасида замонавий тадбиркорлик муҳити шакллантирилмоқда. Ахборот технологиялари соҳасида 50 мингдан ортиқ йигит-қизлар ўзини ўзи банд этган тадбиркор сифатида меҳнат қилаётгани эътиборли. Уларнинг қўшимча қиймат яратиш ва хизматлар экспорти билан шуғулланаётганларига катта имкониятлар очилди. Бундай ёшларга ўтган йилдан бошлаб “IT-парк резиденти” мақоми берилмоқда, бу эса барча турдаги солиқлардан уч йилга озод этилишини назарда тутади.

Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси иқтидорли йигит-қизларга ғоядан тайёр бизнесгача бўлган лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашмоқда. 14 та туманда реал вақт режимида интеллектуал тизимлар томонидан бошқариладиган тўлиқ автоматлаштирилган рақамли ишлаб чиқаришга ўтишни таъминлашга қодир мутахассислар ўқитиладиган “тўртинчи саноат инқилоби” касбларини тайёрлаш марказлари ташкил этилмоқда. Ҳудудлардаги саноат зоналарида бинолар қурилиб, улар юқори қиймат яратадиган лойиҳалар учун ёшларга “саноат ипотекаси” асосида 7 йилда бўлиб тўлаш шарти билан бериладиган бўлди. Бунда биринчи йили тўлов ундирилмайди.

Бундан ташқари, ҳар бир вилоятда “Креатив саноат парклари” ташкил қилиниб, уларга IT-парк резидентлари учун назарда тутилган имтиёзлар берилади. Бу жойлар ёш тадбиркорлар, илм ва бизнес ўртасида мулоқот майдончаси бўлади. Ёшларнинг “стартаплари”ни амалга ошириш учун уч йилга 100 миллион сўмгача ссуда берилиши белгиланган.

Бугун юзага келаётган барқарор тенденцияни қайд этмаслик мумкин эмас. Баъзи ёшлар ҳар доим ўз куч ва билимини чет элда синаб кўришга интилади. Илгари бундай мақсадлар рағбатлантирилмаган бўлса, энди давлат буни ихтиёр этганларга ёрдам бермоқда. Масалан, ёшларимизнинг ривожланган мамлакатлардаги “Ишла ва саёҳат қил” дастурларида иштирок этишига кўмаклашиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги жорий йилдан бошлаб талабаларга саёҳат харажатларини қоплаш учун кредитлар ажрата бошлайди. Шунингдек, таълим олиш ва малакасини ошириш, хорижда замонавий корхоналарда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун Буюк Британия, Германия, Канада, Словакия, Авс­тралия, Янги Зеландия каби давлатлар билан виза тартибини соддалаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Германия билан биргаликда мамлакатимиздаги 14 та техникумда талаб юқори бўлган касблар ва немис тилини ўқитиш йўлга қўйилган. Ушбу тажриба ҳар бир ҳудуддаги камида бешта техникумда амалга оширилади. ўтган йили Германия канцлери Олаф Шольцнинг мамлакатимизга ташрифи чоғида ёшларимизнинг немис тилига қизиқиши юқорилиги ҳақида сўз борди. Германия томони тил ўрганиш дастурларини кенгайтириш ва ҳудудларда ўқитувчилар малакасини оширишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, меҳнат миграцияси борасида келишув имзоланиб, талаб юқори бўлган Ўзбекистонлик мутахассисларни касбга тайёрлаш ва Германияга жўнатиш мақсадида амалий ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди. Дуал таълимнинг немис моделини Ўзбекистон ҳудудларида кенг жорий этишга қизиқиш билдирилди.

Айни пайтда Германияда уч юзга яқин ҳамюртларимиз тиббиёт соҳасида меҳнат қилмоқда. Ўзбекистонлик тингловчиларнинг янги гуруҳлари учун Германия таълим стандарти асосида тренинглар олиб борилади. Яқин келажакда Германия тиббиёт академиясини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, у ерда Ўзбекистондан мутахассислар учун мақсадли ишга танлов эълон қилинади. Бундан ташқари, “Аскания Фьючер ГмбХ” рекрутинг компанияси ўзбек ёшлари вакилларини меҳмонхона ва гастрономия соҳаларига ишга жойлаштириш учун танловни амалга оширяпти. Компания менежери Инго Юнгнинг сўзларига кўра, компания 2025 йилда Германияга 1000 нафаргача Ўзбекистонлик ёшларни жўнатишни режалаштирган. Шунингдек, Ўзбекистонда немис тили курслари сони ва сифатига эътибор кучайтирилади, маҳаллий ўқитувчиларнинг Германияда малакаси оширилади.

Яқинда мамлакатимизга ташрифи чоғида “Hyundai” автомобиль корпорацияси ва йирик саноат шаҳри Улсан мэрияси вакилларидан иборат Жанубий Корея делегацияси аъзолари ўз режалари билан ўртоқлашди. Шаҳар ҳокими ўринбосари Сон Ён Жунинг сўзларига кўра, дастлабки даврда Ўзбекистондан 350 нафар ишчи жалб этилиши режалаштирилган. Корпорация жорий йилда мамлакатимизда илғор технологиялар ва Корея стандартлари асосида профессионал таълим олиб бориладиган Касб ўқув марказини очиш ниятида.

— Ўзбекистонлик ёшларнинг меҳнатсеварлиги, янгиликларни тез ўзлаштириши, бошқалар билан тил топишиш қобилиятининг юқорилиги бизни Ўзбекистондан ишчилар жалб қилишга ундаётган омиллардан бири, — дейди Жанубий Кореянинг “Hyundai Heavy Industries” кемасозлик компанияси вице-президенти Ким Сон Хун.

Польша компаниялари ҳам Ўзбекистондан келган ишчиларга тобора кўпроқ эътибор қарата бошлаган. “Бу ходимлар ўзининг юқори мотивацияси, интизоми, қаноатлилиги ва интилувчанлиги учун қадрланади, бу уларга кадрлар бўшлиғини самарали равишда тўлдириш ва поляк корхоналарининг рақобатбардошлигини ошириш имконини беради”, деб ёзади Польшанинг ҳафталик “Dziennik Wschodni” (“Шарқий журнал”) журнали мухбири.

Ёшлар касбий ривожланиш ва мартаба ўсиши йўлларини белгилашда катта танловга эга. Агар илгари ишсизликдан чиқишнинг ягона йўли сифатида ашаддий камситиладиган ва бошқа турдаги қийинчиликларга осонликча дуч келадиган мамлакатларда ишлашга тўғри келган бўлса, ҳозир меҳнат миграцияси соҳасидаги вазият тубдан ўзгармоқда. Ривожланган мамлакатларда ишга қабул қилиш жараёни қонунийлаштирилмоқда, хориждаги меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя этилмоқда, Европа Иттифоқи ва МДҲ мамлакатларида ишчиларни аввалгидек тартибсиз эмас, расмий ишга жойлаштириш тизими жорий қилинмоқда, ушбу тизим меҳнаткашларимиз қадрланадиган Осиё давлатларида ҳам самарали йўлга қўйилмоқда.

Қалбда Ватан туйғуси билан яшаш

Яқинда Жаҳон иқтисодий форумининг глобал хавфларга оид навбатдаги ҳисоботи нашр этилди. Ҳисоботда глобал муҳит парчаланиши тобора авж олаётгани алоҳида таъкидланган. Унга кўра, барқарорлик ва тараққиётга таҳдид солаётган омиллар орасида геосиёсий, экологик, ижтимоий ва технологик муаммолар етакчилик қилмоқда. Технологик хавфлар алоҳида тоифани ташкил этади, улар орасида нотўғри маълумотлар, дезинформация ва сунъий интеллект технологияларини қўллашнинг салбий оқибатлари санаб ўтилган. Сўнгги йилларда экологик хавфлар, жумладан, экстремал об-ҳаво ҳодисалари, биохилмахилликнинг йўқолиши ва экотизимларнинг бузилиши, табиий ресурсларнинг етишмаслиги каби ҳолатларнинг устуворлик қилаётгани аниқланган.

Шу муносабат билан Жаҳон иқтисодий форумининг глобал хавфлар ташаббуси раҳбари Марк Элснер дунё учун ишончни тиклаш ва ҳамкорликни ривожлантириш йўлида янги саъй-ҳаракатлар зарурлигини таъкидлади, акс ҳолда, ҳаракатсизлик оқибатлари бир неча авлод тақдирига таъсир ўтказиши мумкин.

Шуни айтиш керакки, ушбу ва бошқа кўплаб долзарб муаммоларни маҳаллий даражада ҳал қилишга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон томонидан 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида тўлиқ акс этган. Жорий йилнинг Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”, деб эълон қилингани ҳам бежиз эмас.

Унда белгиланган чора-тадбирлар қуйидаги асосий йўналишларда жамланган: экология йўналишида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сув ресурсларини тежаш чоралари кўзда тутилади; таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимояни назарда тутувчи, шунингдек, мамлакат келажагини таъминлаш, яъни ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат доимий ривожланишни мақсад қилган ижтимоий сиёсат; барқарор ўсиш ҳисобига аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган “яшил” иқтисодиёт; қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматига йўналтирилган бошқарув тизимини такомиллаштиришга асосланган давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ соҳаси; ташқи сиёсат ва хавф­сизлик, халқаро миқёсда тинчликпарвар сиёсат тамойилларини амалга ошириш ва мамлакат хавфсизлигини таъминлаш.

Мазкур устувор йўналишларнинг ҳар бири, аввало, давлатнинг ўз фуқаролари ҳақида амалий ғамхўрлик қилишини назарда тутади, жумладан, глобал хавф-хатарлар ва таҳдидлар шароитида давлатнинг бардавом ва изчил ривожланиш асосларини мустаҳкамлаш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон муҳит яратиш, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятларини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни кафолатлаш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш.

Ва, албатта, давлат дастури лойиҳасида ёшларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилгани алоҳида эътирофга лойиқ. Ҳужжатнинг бутун бир бўлимида ҳар бир шахснинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитлар яратиш кўзда тутилган, таълим соҳасини янада ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар белгилаб берилган, бу мактабгача таълим босқичидан бошлаб амалга оширилади. Мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва болаларни тўлиқ қамраб олиш мақсади белгиланган. Умумий ўрта таълим тизимида “Таълим учун қулай муҳит” дастурини амалга ошириш, уйда таҳсил олаётган талабалар учун қулайликлар яратиш ва “Рақамли кутубхона” тизимининг самарадорлигини ошириш режалаштирилган. Узоқ ва олис ҳудудларда жойлашган мактаб ўқувчиларининг автобусда бепул қатновини ташкил қилиш, мактабларни асосий спорт анжомлари ва миллий мусиқа асбоблари билан таъминлаш, таълим жараёнида иштирок этувчилар учун психологик қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чораларини кўриш режалаштирилган.

Умумий ўрта таълим тизимини янги босқичга кўтариш мақсадида билимларни баҳолашнинг янги тартиби жорий қилинадиган мактаблар сонини ошириш кўзда тутилмоқда. ўрта мактаб ўқувчиларида мулоқот қилиш кўникмалари, танқидий ва ижодий фикрлаш қобилиятлари, жамоада ишлаш ва тадқиқотлар олиб бориш маҳоратини ривожлантириш назарда тутилган. Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун чет эллик мутахассислар жалб этилади.

Ўқитувчиларнинг мавқеини ошириш, уларнинг билимлари ва малакаларини халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида давлат грантлари асосида мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг услубчиларини ривожланган хорижий мамлакатларга юбориш мўлжалланмоқда. Бунга қўшимча равишда умумий ўрта таълим тизимида нодавлат ташкилотларнинг фаолияти кенгайтирилади ва хусусий сектор жалб қилиниши давом эттирилади.

Олий маълумотлилар даражасини ошириш мақсадида ёшларга олий ўқув юртларига кириш имкониятларини кенгайтириш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш режалаштирилган. Бунинг доирасида хориждаги “ТОП — 500” рўйхатига кирган олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари яратилади.

Замонавий билимлар ва кўникмалар билан таъминлаш мақсадида касб-ҳунар таълими тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Улар доирасида касб-ҳунар таълими ташкилотларида малака тоифасига эга педагогик кадрлар салмоғи оширилади. 14 та техникумда халқаро таълим дастурлари асосида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш ташкил этилади.

Давлат дастури лойиҳаси 2025 йилга мўлжалланган бўлиб, жамиятимиздаги мавжуд ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ўз ичига олган. Айниқса, ҳужжат ушбу муаммоларни ҳал қилишнинг аниқ йўллари белгилангани, жадал ривожланиш учун кучли туртки бериши жиҳатдан жуда муҳим ҳисобланади. Ва аксарият ташаббуслар ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилгани халқимизга хос бўлган келажак ворисларига ғамхўрлик қилиш, Ватанга муҳаббат каби азалий қадриятлардан далолат беради.

Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан танишиш мақсадида жойларга қилган ташрифлари чоғида умумтаълим мактабларини кўздан кечирар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев энг катта мақсадимиз ёшларга тарбия бериш эканини, олдимизга қўйган юксак марраларга эришишимиз учун билимли ёшлар кераклигини, шу сабабли уларга барча зарур шароитни яратишга интилаётганимизни алоҳида таъкидлайди.

Дарҳақиқат, ривожланиш ва билим олиш имкониятларидан фойдаланар экан, ҳар бир фуқаро учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор яратишга ўз ҳиссасини қўшади. Бу тарихий жараён нафақат ўз билими, имкониятларини ривожлантиришга интилишни талаб этади, балки мамлакат истиқболи, унинг маданий мероси ҳамда келажак авлод олдидаги масъулиятни англашни тақозо қилади. Чунки айнан билимли, интилувчан, Ватанга садоқатли инсонларгина буюк ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучига айлана олади.

Ўзликни ўйлаган виждонлар уйғоқ,

Қаддини кўтариб борар номус-ор.

Юрт эса ободдир, эл-улус қувноқ,

Интилмоқ давридир, бошқаси бекор!

Аммо чекинмоқ йўқ, чекинмоқ надир,

Чумчуқдан қўрққанлар тариқ экарми?

Шижоат бахш этса қаноат, сабр,

Асли шер бўлганлар бўйин эгарми?!

Қиёски, ота бор уйда фароғат,

Эгали ҳар ернинг баҳори бордир.

Бу юртга жон тиккан фидолар фақат,

Эртани нурафшон этмоққа қодир!

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?