Ёш оилалар ҳаётини яхшилаш ўз қўлимизда

Фото: Архив сурат
Раҳматжон БОБОЖОНОВ/«Халқ сўзи». Кўнглингиз хотиржамлик тусаб ёхуд дам олиш кунлари сайр қилиш илинжида пойтахтимизнинг муҳташам кўчалари, бир-биридан гўзал боғлари, дам олиш масканларини кезар экансиз, катта-кичик фарзандларини елкасига олиб, қўлидан ушлаб айланаётган ота-оналарни учратасиз. Бу юртимизда тинчлик ҳукм сураётгани, жамиятимиз ҳаёти фаровонлиги, энг асосийси оилаларимиз бахтиёр яшаётганидан далолат, албатта.
Оиланинг инсон камолга етиши, ўсиб-улғайиши, миллатнинг маънавияти, ўзига хос қадрият ва анъаналарини қалбига сингдиришида ўрни беқиёс. Оилага жамиятнинг ўзаги, негизи, дея қараш бекорга эмас, чунки унда яхши муҳит ҳукм сурмаса, тинчлик ва хотиржамлик бўлмаса бу бевосита жамият ҳаётига таъсир ўтказади. Ота-она бир-бирини яхши тушунса, ўғил-қизига нисбатан эътиборли бўлса, унинг хоҳиш-истаклари билан қизиқса, яқинлар орасида меҳр-муҳаббат каби инсоний туйғулар алангаси ўчмаса бу хонадондан файзу барокот аримайди, яхшиликлар ёғилаверади. Атрофимиздаги баъзи оилаларнинг ҳаётини кузатсак, уларда ушбу муқаддас тушунчани тўлақонли англаб етмагани, болаларига диққати камлиги, яқинлари билан ҳатто борди-келди қилмай қўйгани, баъзи ота-оналар ҳатто ажрашаётганига гувоҳ бўламиз.
Минг таассуф билан айтиш жоизки, бундай ҳолат айниқса ёш оилаларда кўп учрамоқда. Хўш, бунинг сабаби нима?
Айбни четдан ахтарган бефойда. Ота-она ўзини ҳар кун, ҳар соатда тафтиш қилмаса, ўзига «Оилам мустаҳкам бўлиши учун нима қиляпман? Яқинларим мендан қанчалик рози? Фарзандларим, умр йўлдошимга эътиборим сусаймадими?» деган саволлар билан юзланмаса, борган сари ўзига талабчанлиги камайиши, фақат моддий ташвишларга ўралашиб оилани унутиб қўйиши, натижада эса бу улуғ қўрғон ер билан яксон бўлиши шубҳасиз.
Шу боис, бугунги ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш даркор. Чунки, кўп ҳолларда турмуш қурган икки ёш ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг нозик жиҳатлари ҳақида етарли билим, зарурий кўникма ва малакага эга бўлмаслик, қолаверса икки ёшнинг бир-бири ҳамда оилавий ролларнинг тақсимланиши тўғрисидаги тасаввурларнинг шаклланмагани салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мақолани ҳозирлаш жараёнида мавзу юзасидан фикрларини билиш илинжида соҳада кўп йиллик тажрибага эга, психология фанлари номзоди, доцент Феруза Акрамова билан суҳбатлашдик.
— Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашнинг психологик хусусиятларини ўрганиш ва тадқиқ этиш жуда муҳим, — дейди у. — Бу орқали ҳозирги ўзбек оиласининг мустаҳкам ва бахтли этиш йўлларини аниқлаш мумкин. Оила психологиясида никоҳ қурувчиларнинг никоҳ қуриш омиллари ва шартлари масаласи муҳим бўлиб, никоҳ қуриш омилларига оилавий ҳаётга етуклик, оила қуриш ёши, оила қуриш мотивлари, оила қурилгунгача таниш муддати, оила қуриш шартлари ва шароитлари ва ёшларнинг оилавий ҳаёт ҳақидаги тасаввурларини киритиш мумкин.
Никоҳ ажримларининг сабаблари ўрганилганда, аксарият ҳолатларда бунга биринчи навбатда, келин-куёвларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, эр-хотинларнинг ўзаро келишмовчиликлари, феъл-атворнинг бир-бирига мос келмаслиги, рашк, келин билан қайнона ва бошқа яқин қариндошларнинг чиқишмасликлари, эркакнинг зарарли одатларга берилиб кетиши, моддий қийинчиликлар, асосан эрнинг ишламаслиги, оилани мустақил бошқара олмаслиги, қудаларнинг тўйдан кейин ўзаро келишмай қолишлари сабаб бўлган.
Тадқиқотларга кўра, ёшлар томонидан қиз боланинг турмуш қуриш ёши масаласида энг мақбул ёш сифатида 20-21 ёш танланган бўлиб, бу ўз навбатида оила қурувчининг оилада бажарадиган турли вазифаларни яхши англаган бўлишини тақозо этади. Бу вазифаларга тарбиявий, иқтисодий, коммуникатив, маънавий, ижтимоий, психологик, репродуктив ва бошқа вазифалар киради. Йигитларнинг оила қуришлари учун энг мақбул ёш сифатида 24-25 ёш энг мақбул ёш сифатида танланган. Айрим ёшлар фикрига кўра, йигит кишининг оила қуриши учун энг мақбул ёш сифатида 22-23 ёшни олиш мумкин. Йигитларнинг аксарият қисми учун севги асосида оила қуриш, аксарият қизлар отаси талабига кўра оила қуришни маъқуллар эканлар. Никоҳга маънавий тайёрликнинг паст кўрсаткичи йигитларда оз бўлсада кузатилар экан. Никоҳга маънавий тайёрликнинг ўртача кўрсаткичи қизларнинг деярли барчалари учун хос экан. Ёшлар учун уларни оилавий ҳаётга тайёрлашга қаратилган педагогик-психологик усулларни қўллаш зарурлиги кўринди, чунки ёшлик даври айрим ёшларнинг оила қуриши учун муқаррар ёш даври экани кузатилган.
— Оила қурганимизга бир йилдан ошди, минг шукрки рафиқам билан бир-биримизни тушуниб, яхши ҳаёт кечиряпмиз, — дейди Масиҳуллоҳ Мадаминов. — Катталардан «Уйлансанг оилага барокат киради», деб кўп эшитгандим, турмуш қургач бунга амин бўлдим. Аёлим ҳозирда университетда ўқийди, ўзим эса ишлайман. Тўғри, оиланинг ўзига яраша ширин ташвишлари, муаммолари, бошоғриқлари бўлади, аммо буни енголган инсонгина бахтга эришади.
Дарҳақиқат, бахт манзилининг калити оила аъзоларининг ўз қўлида, фақатгина ундан қандай фойдаланишни билишса бас. Оилани муқаддас даргоҳ билган, ота-оналик юкини елкасида кўтариб фарзандларига тўғри тарбия беролган инсонларгина бу манзилга ета олади.
Суҳбатимиз давомида Феруза опа ёш оилаларга фойдали бўладиган таклиф ва ташаббуслари билан ҳам ўртоқлашди.
— Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда уларнинг маънавий, касб жиҳатидан, яъни профессионал, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик етук бўлишларига эришиш керак. — дейди у. — Шунингдек, ёшларга педагог-ўқитувчилар, ота-оналар, катталар томонидан шу жиҳатларнинг муҳим эканлигини ўргатиб бориш ва тушунтириш лозим. Оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда шу мавзуда мулоқотлар олиб бориш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишини муҳим деб қараб, оилага доир суҳбатлар уюштириш, ҳаётий мисоллар воситасида никоҳ қуриш омилларининг никоҳ барқарорлигига таъсирининг ибратли жиҳатларини кўрсатиш орқали бу муаммога доир ижобий тасаввур шакллантириш ҳам мақсадга мувофиқдир. Умуман олганда, ёш оилалар ҳаётини яхшилаш уларнинг ўз қўлида, фақат бунга масъулият ва ишонч билан ёндашилса бас.
Қайд этиш жоизки, юртимиздаги ҳар бир оила давлатимиз ҳимоясида, жамиятимиз эътиборида. Ёшларнинг турмуш қуриш олдидаги тайёргарлигидан то оила бўлгунигача эътибор, уларни қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш, оила вакилларининг тиббий, ижтимоий, ҳуқуқий хизматлардан фойдаланиши учун имкон яратиш каби қатор йўналишларда шарт-шароитлар яратилмоқда. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари оилалар билан ишлаб, улар ҳолидан хабар олмоқда, нотинч оилаларга ёхуд эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга алоҳида эътибор қаратмоқда, ўз ёрдамини кўрсатмоқда.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда оилани кўз қорачиғидай асраш, оила аъзоларининг тинч ва гўзал ҳаёт кечиришларини таъминлашга қаратилган ишлар сон ва сифат жиҳатдан ошиб бормоқда. Бу йўлда, албатта, ҳар биримиз ҳам жамиятимиз, Ўзбекистон деб аталган катта бир оиланинг муҳим аъзоси сифатида масъулият ҳис қилсак, оиламиз ва яқинларимизга эътиборли, меҳрли бўлсак келажак йўллари ойдин, умримиз роҳат-фароғатда ўтишига шубҳа йўқ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг