«Бирлик – 2025»: Ўзбекистонда бешта давлат иштирокида йирик ҳарбий ўқув машғулоти бошланди

10:35 16 Октябр 2025 Дунё
103 0

Марказий ҳарбий округ “Каттақўрғон” полигонида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғиз Республикаси ва Озарбойжон мудофаа вазирликларининг бўлинмалари иштирокида йирик ҳарбий ўқув машғулотига старт берилди.

14 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий ҳамкорлик доирасидаги энг катта ўқувларидан бири – “Бирлик – 2025” Минтақавий биргаликдаги ўқувининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон сўнгги йилларда халқаро ҳарбий ҳамкорлик йўналишида катта ютуқларга эришиб, кўплаб давлатлар билан ҳарбий ва ҳарбий-техник йўналишларда – замонавий билим ва тажриба алмашиш, ҳарбий соҳа бўйича шерикликни тубдан кенгайтириш, ҳамкорликда ҳарбий ўқувларни ўтказиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасида қатор келишувларга эришди.

Очилиш маросимида таъкидланганидек, бир неча кунга мўлжалланган ўқувнинг мақсади – мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш, жаҳонда тобора кучайиб бораётган геосиёсий кескинлик ва инқирозли ҳолатлар, юзага келаётган янги хавф-хатар ва таҳдидлар шароитида замонавий чақириқларга самарали қарши туришда яқин шерикчилик алоқаларини янада кучайтиришдир.

Хусусан, “Бирлик – 2025” Минтақавий биргаликдаги ўқувида иштирокчилар ҳозирги замон жанговар тажрибадан келиб чиққан ҳолда жанг олиб боришнинг энг самарали услуб ва усулларини қўллаш, узоқ масофалардаги нишонларни ишончли йўқ қила оладиган артиллерия, учувчисиз учиш аппаратлари, зирҳли техника ва бошқа қуролларнинг имкониятларидан фойдаланиб, қўйилган ўқув-жанговар вазифани биргаликда бажаради.

Шунингдек, ўқув доирасида иштирокчилар жанг олиб бориш санъатининг илғор усул ва услубларидан фойдаланган ҳолда жанговар тайёргарлик машғулотлари билан шуғулланиши, турли мусобақаларда иштирок этиши, боқий Самарқанд шаҳрига саёҳат қилиб, халқимизнинг бой тарихий-маънавий мероси, урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишиши кўзда тутилган. Самарқандда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбойжон Республикаси мудофаа вазирларининг биринчи учрашуви ўтказилиши ҳам шулар жумласидан.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?