Ёш авлоднинг “ақл машъала”ларини ёқмоғимиз лозим
Фото: Архив сурат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродовнинг “Халқ сўзи” газетасининг шу йилги 11 апрель сонида босилган “Миллат учун ҳаёт-мамот масаласи” мақоласи жамиятимизда катта қизиқиш уйғотди. Боиси унда жамият ва давлат тараққиёти негизида фақат ва фақат таълим-тарбия асосий ўринда туриши жуда ўринли тарзда асослаб берилган.
Дарҳақиқат, бу янги Ўзбекистон пойдеворини бунёд этаётган бир пайтда жуда долзарб масала саналади.
Жамиятда ёшлар таълим-тарбияси ҳар доим куннинг биринчи даражали мавзуларидан бири бўлиб келган. Дунёнинг ривожланган давлатларидаги жамият ва давлат тараққиёти масаласига эътибор қаратадиган бўлсак, ёшлар таълим-тарбияси асосий ўринда туради. Мақолада келтирилган жаҳоннинг таниқли ёзувчи вао лимларининг бу борадаги қарашлари инсонни янада чуқурроқ мушоҳада қилишга ундайди.
Мақолада муаллифнинг ёзишича: “Янги Ўзбекистонни барпо этиш, учинчи Ренессансни бунёд қилиш, эркин ва фаровон жамият қуриш йўлида белгилаб олган улкан мақсадларга қанчалик тез эришишимиз миллатнинг билим ва тафаккури, салоҳиятига боғлиқ”.
Халқимиз азалдан илмли, маърифатли кишиларни қадрлаган, илм аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев барча маърузаларида илм-фан, инновация, шижоат ва ташаббускорлик хусусида такрор ва такрор таъкидлайди.
Дарвоқе, таълим-тарбия узлуксиз жараён бўлиб, ушбу жараёнда ҳеч қачон танаффус бўлмайди. Ва шу ўринда таълим ва тарбия юксак масъулият талаб этадиган жараёндир. Шунинг учун ҳам таълим ва тарбия ижтимоий ислоҳотлар занжиридаги энг муҳим ҳалқа ҳисобланади.
Профессор Рустам Холмуродов таълим тизимининг чин маънодаги жонкуяри, соҳанинг дарғаларидан десам янглишмайман. Айниқса, олий таълимда ўз ўрнига эга олим. Муаллиф мақолада билимсизликка қарши қандай кураш олиб бориш керак, деган саволни қўяди ва унга қуйидагича жавоб қайтаради: “Албатта, сифатли таълим бериш, миллатнинг мудраб ётган даҳосини уйғотиш билан. Демак, ёш авлоднинг “ақл машъала”ларини бугун ёқмоғимиз лозим. У жамиятда инсоннинг бутун умр илм олиш учун барча шароитни яратиб бериш, маърифатли давлат сиёсатини юритиш, бола онгу шуурига гўдаклигиданоқ зиё олиб кириш ёрдамида амалга оширилади”.
Бугун дунёда глобаллашув жараёни тезлашмоқда. Дунё халқлари, давлатлар ўртасида ўзаро алоқалар кучаймоқда. Мамлакатимиз ҳам бундан йироқда эмас. Турли миллатларга хос бўлган қадриятлар ёшларимиз ҳаётига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бундай пайтда ёшларимиз ақлан теран мушоҳада юрита олишлари лозим. Бунинг учун эса чуқур билим ва салоҳият, мустаҳкам тарбия зарур. Бу борада эса жамиятимизнинг ҳар бир фуқаросидан юксак масъулият талаб этилади.
Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий қисмини, албатта, олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ташкил этади. Бу борада, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси мазкур соҳадаги янги ислоҳотлар учун дебоча бўлди. Янги-янги олий ўқув юртлари, дунёдаги етакчи университетларнинг филиаллари ташкил этилмоқда. Сўннги 6 йил ичида давлат олий таълим муассасалари сони 200 тадан ошди. Олий таълимга қамровнинг кўлами йилдан йилга ортмоқда. Демакки, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам бугунги кунда ўзининг долзарблиги ҳамда амалий аҳамияти билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан асло қолишмайди. Шундай экан, давлатимизнинг бу юксак ишончини оқлаш, муносиб жавоб қайтариш таълим тизимидаги барча педагогларнинг ҳам бурчи, ҳам улуғ вазифаси саналади.
Профессор Рустам Холмуродов мақолада таълим тизимини модернизация қилиш, уни миллий ғоя даражасигача олиб чиқиш орқали мамлакат ва миллатни юксак тараққиётга эришишини таъминлаш борасида ўзининг жуда ўринли фикрларини илгари сурган. Бутун умрини илмга бахшида этган бу инсоннинг фикрларини қадрлайман ва тўла қўллаб-қувватлайман.
Бахром АБДУЛЛАЕВ,
Урганч давлат университети ректори,
физика-математика фанлари доктори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг