Яширин дарслар ортидаги хатар
Андижон шаҳрида яшовчи бир фуқаро ўз хонадонида ноқонуний “ҳужра” ташкил этиб, йигирмага яқин болажонларга диний сабоқ бериб келгани аниқланди. Унинг дарсларида ёш жиҳатдан турлича бўлган ўғил-қизлар билимни ҳам ҳар хил ўзлаштирган. Кимдир мавзуни тез ёдласа, бошқаси ортда қолган. Бундай ҳолларда “устоз” хивчин билан жазолаш усулини қўллаган.
Машғулотлар ўтказиладиган хонага кузатув камераси ўрнатилган бўлиб, фуқаро шу восита орқали хонадонига келаётган кишиларни назорат қилиб турган. Агар шубҳали ҳолатни сезса, дарҳол хонадаги музлаткични суриб, унинг ортидаги тешикдан болаларни ертўлага тушириб юборган. Уларга овоз чиқармасликни уқтирган. Ички ишлар ходимлари хонадонини текширганида, диний китоблар орасидан таъқиқланган адабиётлар ҳам топилди. Фуқаро барча қилмишларининг қонунга зид эканини билган ҳолда фаолиятини давом эттирган.
— Вилоятимизда диний муҳитни соғломлаштириш, ёшларни турли ғаразли оқимлар таъсиридан асраш, жамиятда соф эътиқод ва маърифатни мустаҳкамлаш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди вилоят ИИБ Терроризмга қарши курашиш бошқармаси катта мутахассиси, майор Шерзодбек Мирзаев. – Айниқса, “ҳужра” деб аталмиш ноқонуний таълим манбаларини аниқлаш ва уларга ҳуқуқий баҳо бериш борасида кенг қамровли чоралар кўрилмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоятда 184 та ноқонуний диний таълим бериш ҳолати фош этилди. Шулардан 94 таси хонадонларда ташкил қилинган бўлиб, 592 нафар вояга етмаган бола ноқонуний равишда сабоқ олган. 65 та ҳолатда 354 нафар шахс яширин “ўқишхонлик” тўгаракларига қатнашган, 25 та ҳолатда эса ижтимоий тармоқ орқали виртуал дарслар ўтилгани аниқланган.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай “ҳужра”лар фақат қонунбузарлик эмас, балки болалар руҳиятига жиддий зарар етказади. Бундай муҳитда ўсган болалар оиладаги меҳр ва эътибор ўрнига қўрқув ва қаттиққўлликни ҳис қилади. Бу эса келгусида ишончсизлик, қўрқоқлик ва ҳаётдан четлашиш каби руҳий ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Андижон шаҳридаги истиқоматчи Неъматжон Абдукаримов қонуний диний таълим имкониятлари ҳақида шундай дейди:
— Бугунги кунда Қуръон ўрганиш ва диний сабоқ олиш учун барча шароитлар яратилган, – дейди Андижон шаҳридаги истиқоматчи Неъматжон Абдукаримов. – Масалан, Андижон шаҳридаги Саййид Муҳйиддин Махдум номли ўрта махсус диний билим юртида ҳар йили хоҳловчилар учун махсус курслар ташкил этилади. У ерда тажрибали устозлар болалар ва катталарга Ислом таълимотини одоб, адолат ва маънавият асосида ўргатади. Қонуний таълим билан ноқонуний “ҳужра” ўртасидаги фарқ осмон билан ердек. Қонуний муассаса билим, маърифату меҳрга таянади, ноқонуний ҳужралар эса қўрқув, нафс, пулга қурилган.
Шунинг учун ота-оналар фарзандини қаерда ва кимдан таълим олаётганига жиддий эътибор қаратиши зарур. Акс ҳолда бола ёлғон “устозлар” таъсирига тушиб, маънавий бўшлиққа юз тутади. Болалар онгида пинҳона дарслар эмас, балки очиқ ҳақиқатлар, соф муҳит ва пок иймон мустаҳкам бўлиши лозим. Акс ҳолда, мурғак қалбларда қайта тикланмас дарз қолиши мумкин.
Саминжон ҲУСАНОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг