Яшил шаҳар туризм марказига айланади

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Шаҳрисабз туманининг Мираки қўрғончасига келган киши бу ернинг табиат гўзалликларидан ҳайратга тушади.
Икки томондан Ҳисор тоғ тизмасининг пурвиқор қоялари билан ўралган бу гўшанинг тепа қисмида «Ҳисорак» сув омбори жойлашган. Маҳалланинг бир ёнида шу сув омбордан бошланажак «Оқдарё» дарёси ҳайқириб оқса, бир ёнда сокинликни хўш кўрадиган «Қорадарё» мавжланади. Миракида ўнлаб булоқлар, ариқ ва каналлар бор. Бу ерга қачон келманг, дарё ва жилғаларнинг шовқини, сувнинг салқин шабадаси дилингизни яйратади.
Ҳудуднинг бетакрор табиати доим сайёҳларни ўзига мафтун этиб келган. Айниқса, иссиқ ёз ойлари бу ер янада гавжум бўлади. Аммо шу вақтгача ҳудудда туризм хизматлари тизимли йўлга қўйилмаган. Дам олишга келганлар икки дарё бўйлари, аҳоли томонидан қурилган қўлбола «дача»ларда бироз ҳордиқ чиқариб кетишарди.
Сўнгги йилларда ҳудудда туризм инфратузилмасини шакллантириш ҳамда сайёҳлик жозибасини ошириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, сўнгги икки йил ичида маҳалладаги ички йўллар таъмирланиб, аксарият қисмига асфальт қоплама ётқизилди. Аввал қаттиқ режимда қўриқланадиган «Ҳисорак» сув омбори туристлар учун очилиб, у ерда 2 та 20 ўринли катерда саёҳат хизмати ташкил этилди.
— Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 ноябрдаги тегишли қарори билан Шаҳрисабз туманида «Шаҳрисабз туристик маркази» ташкил этилди, — дейди Қашқадарё вилояти туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш департаменти раҳбари Муҳаммадхон Абдулхаиров. — Шу марказда 240 гектар ер майдонида халқаро экспертларни жалб қилиб, мастеррежа ишлаб чиқилган. Унинг доирасида 117 миллион долларлик 48 та меҳмонхона, меҳмон уйлари ва аҳоли дам олиш масканлари қурилиши режалаштирилган. Натижада 1,7 мингта янги иш ўринлари яратилиши мўлжалланган. Шундан ҳозирда биринчи босқичда 22 гектар майдонлар аукцион савдоларига чиқарилган. Ушбу ер майдонларини тадбиркорлар Президент қарори билан белгиланган имтиёзлар асосида 10 йил муддатга тўлаш шарти билан олмоқда. Шундан ҳозир 60 миллион долларлик 1100 ўринли иккита меҳмонхона, 3 та хостел, иккита ресторан ва савдо кўнгилочар комплекси қурилиши бошланди. Яна 15 миллион долларлик 10 та қурилиш лойиҳаси бошланиш арафасида.
Таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг 3 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишида Шаҳрисабз туманида туризм кластери ташкил қилиш ҳамда Ҳисорак – Ғелон ва Ҳисорак – Сарчашма йўлини кенгайтириб таъмирлаш, «Чироқчи—Шўрқудуқ» автомобиль йўлини таъмирлаш орқали Самарқанддан Шаҳрисабзга қатнов вақти қисқартириш бўйича ҳам топшириқлар берилган эди. Айни пайтда бу борада ҳам ишлар бошлаб юборилган.
Шунингдек, россиялик инвесторлар томонидан Шаҳрисабз туманининг Ғелон қишлоғида «Тоғ чанғи комплекси» барпо этилмоқда. Бу ҳам Мираки, Ғелон ҳамда Сарчашма қишлоқларининг ўзаро узвийликда, яхлит сайёҳлик мажмуасига айланишида муҳим аҳамият касб этади.
Бир сўз билан айтганда, Миракида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳудуднинг доимо сайёҳлар билан гавжум бўлиши, пировардида, иқтисодий салоҳияти юксалиб, минглаб янги иш ўринлари яратилишига замин ҳозирлайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Ўзбекистон терма жамоаси Қувайт билан 2 та ўртоқлик ўйини ўтказади
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг