Яратувчилик, бунёдкорлик руҳи янги марраларни забт этишга чорлайди

13:15 29 Ноябрь 2020 Сиёсат
522 0

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Тошкент вилояти ҳам изчил ривожланмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси ўзгариб, одамларнинг турмуш фаровонлиги ошиб бормоқда. Президентимиз раҳнамолигида ҳудудда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, йирик саноат корхоналари, ижтимоий объектлар ва кўп қаватли уй-жойлар барпо этилаётир. 

Бугун қай томонга боқманг, улкан бунёдкорликлар, ободонлаштириш ишларига гувоҳ бўласиз. Айниқса, қишлоқларда шаҳардаги шароитлардан асло кам бўлмаган инфратузилмалар шакллантирилаётгани кишида чексиз қувонч бағишлайди. Замонавий уй-жойлар, шаҳарникидан қолишмайдиган шарт-шароитлар, албатта, замондошларимизнинг фаровон ҳаёт кечиришлари учун яратилаётганлиги айни ҳақиқат. Бундан буён ҳам бу борадаги бунёдкорлик ишлари кўлами ортса ортадики, аммо камаймайди. 

Давлатимиз раҳбарининг “Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилашга қаратилгани билан аҳамиятли, десак муболаға бўлмайди. 

Унга биноан, 2020 йил 17 январда Ўзбекистон Республикаси билан Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси билан 100 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳамда жорий йил 28 майда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан 82 миллион АҚШ доллари миқдорида «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳаси бўйича 5 йиллик имтиёзли давр билан 30 йил муддатга имзоланган қарз (кредит) битимлари доирасида Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишдан нисбатан ортда қолаётган 21 та туманида улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. 

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, Уюшма ва Банк кредитларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи орган ҳисобланади. Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи барча ташкилотлар лойиҳа бўйича имзоланган қарз (кредит) битимларида кўрсатилган механизмлар талабларига амал қилади ҳамда уни амалга ошириш доирасида Уюшма ва Банк кредитларини қайтариш, шунингдек, улар бўйича ҳисобланган фоизлар, хизмат кўрсатганлик учун ҳақ ва бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Қарорга асосан «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки кредитларининг асосий қарзини, унга ҳисобланган фоизларни ва бошқа тўловларни қайтариш прогноз жадвали, шунингдек, Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида маблағлардан фойдаланиш бўйича «Йўл харитаси» ҳам тасдиқланди. 

Яна бир мyҳим янгилик - қонунчиликка мувофиқ халқаро молия институтларининг қарзлари ва ҳукумат ташкилотларининг халқаро қарзлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида агарда ушбу лойиҳалар халқаро ва хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари томонидан 2020 йил 1 июлга қадар маъқулланган бўлса, юридик шахслар томонидан сотиб олинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир айланмага қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи солинмайди. Мазкур қарз маблағлари ҳисобидан юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар божхона божи тўлашдан озод этилади. Ушбу имтиёзлар натижасида иқтисод қилинган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишдаги улуши деб ҳисобланади.

Қарорда белгилаб қўйилганидек, эндиликда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда лойиҳа доирасида аҳоли орасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқишда доимий ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича зарур чораларни кўради.

Қарорда ҳар бир вилоят бўйича қишлоқлар аниқлангандан сўнг, ҳар бир вилоятнинг тегишли сублойиҳалар бўйича амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлари юзасидан белгиланган тартибда лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоблари ишлаб чиқилиши ва экспертиза органларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилиши ҳам назарда тутилган. 

Ҳар бир инсон бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхши яшашни истайди. Сўнгги йилларда республика бўйлаб «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари асосида қурилаётган, таъмирланаётган гузар ва қишлоқлар, янги маданият ва истироҳат боғлари эртанги кунимиз порлоқ эканидан дарак бермоқда. Бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсат аҳоли турмуш фаровонлиги, жамият тараққиёти, инсонпарварлик ғоясининг асоси ҳам шунда бўлса керак, деган хаёлга борасан киши. 

Илгари қишлоқларда пахсадан тикланган пастқам уйларда икки, уч оила тиқилинч яшашларини яхши эслаймиз. Бугун-чи, барча шарт-шароитга эга бўлган, намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган уй-жойлар ҳудудларимиз файзи, кўркига айланмоқда. Мазкур қарорнинг ижроси ҳам ҳудудларни комплекс ривожлантириш, ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш орқали аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Бундай яратувчилик, бунёдкорлик руҳи эса янги марраларни забт этишга чорлайди, кишини.

Нодиржон Абдувалиев, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер