Янгиер шаҳрида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилди

19:47 20 Июнь 2024 Иқтисодиёт
230 0

Жорий йил бошида давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Янгиер шаҳрида ун-қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича вазифалар белгиланган эди. Ушбу топшириқ ижроси доирасида Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида озиқ-овқат кластери кўринишидаги «Ёшлар саноат технопарки» ташкил этилди.

Мазкур лойиҳа доирасида жами 1 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилиб, печенье, ун-қандолат ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳудуддаги «Энергетика технопарки» Хитойнинг нуфузли компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилиб, ушбу лойиҳа учун жами 5 млн. АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб этилди. Ишлаб чиқариш ускуналари тўлиқ тўғридан-тўғри инвестиция сифатида киритилиб, Ўзбекистон ҳамда МДҲ давлатларида инновацион энергия манбаларига ортиб бораётган талабни қондириш мақсадида йиллик 12 млрд. 500 млн. сўмлик литий ионли батарея (Li-ion)лар ишлаб чиқариб экспорт қилинади. Шунингдек, технопаркда портатив қувватловчи қурилмалар, электровелосипед, скутер, самокат ва портатив электр асбоблари учун аккумуляторлар ҳамда энергия сақлаш қурилмалари каби кенг турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

— Технопарклар филиал талабаларининг 170 нафарини доимий иш билан таъминлайди, — дейди Божхона назорати ва расмийлаштирувини ташкил этиш шуъбаси бошлиғи, божхона хизмати майори Рустам Нормаматов. Бу эса эҳтиёжманд талабаларнинг 30 фоизини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий аҳволини барқарорлаштириш имконини беради. Айни пайтда энергетика технопаркига филиалнинг «Электр энергетикаси», «Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш», «Технологик машиналар ва жиҳозлар» каби таълим йўналишларининг 10 нафар битирувчи талабалари ишга қабул қилинди. Талабалар ойига бошланғич 300 AҚШ доллари миқдорида маош олишмоқда. Келгусида йилда ушбу технопаркларга ишга қабул қилинадиган талабалар сони янада ортади.

Дарвоқе, технопарклар 6 та таълим йўналишида таҳсил олаётган 1400 га яқин талабаларга реал ишлаб чиқариш шароитида амалий тажрибага эга бўлиш имконини беради. Таълим йўналишларининг 20 дан ортиқ ихтисослик фанлари бўйича тегишли айрим амалий машғулот дарслари технопарклар базасида ташкил этилади. Ўқув йили давомида 200 дан ортиқ амалий машғулотлар ўтказилади. Профессор-ўқитувчилар фаолиятида ўқув юкламаси 10-15 фоиз ҳажмининг камайтирилишига эришилади, бу эса уларнинг асосий эътиборини сифатли ўқув ва илмий фаолиятга қаратиш имконини беради.

Саноат технопарки ишини ўрганиш ва таҳлил қилиш жараёнида талабалар тадбиркорлик ва бизнес кўникмаларини шакллантириш, илғор илмий-тадқиқот ва ишланмалар олиб бориш, шахсий бизнесни очиш ва бизнес-режалар ишлаб чиқиш кўникмалари, бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқариш масалалари бўйича ижтимоий-иқтисодий тушунча ва амалий билимларни шакллантириш, стартап лойиҳаларини ишлаб чиқиб амалиётга татбиқ этиш, реал ишлаб чиқариш лойиҳаларида иштирок этиш ва амалиёт ўташ каби кўникмаларга эга бўлишади.

Шунингдек, технопарклар негизида 15 та магистрлик диссертациялари, саккизта PhD ва битта DcS илмий тадқиқотлари устида иш олиб борилмоқда. Бу эса филиал илмий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Умуман олганда, технопаркларнинг очилиши нафақат минтақада инновацион ишлаб чиқариш ва энергетика технологияларини ривожлантириш учун янги истиқболларни очади, балки вилоятнинг иқтисодий ўсиши ва ривожланишга улкан ҳисса қўшади.

Раҳим ШEРҚУЛОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?