Янги ташкил этилган Касбий таълим агентлигига директор тайинланди

12:32 29 Октябр 2025 Жамият
418 0

Фото: Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Янги ташкил этилган Касбий таълим агентлигига директор тайинланди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Президентининг тегишли қарори билан Ҳусанов Азимжон Нозимжонович Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги директори лавозимига тайинланди.

Азимжон Ҳусанов бунга қадар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.

Агентлик Президентнинг 23 октябрь куни қабул қилинган «Касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–190-сон Фармони билан ташкил этилди.

Фармондан кўзланган асосий мақсад этиб, касбий таълим ва касбга ўқитишда бошқарув тизимини такомиллаштириш орқали ягона ёндашув асосида касбга ўқитиш, илғор хорижий тажрибаларни самарали жорий этиш ва халқаро стандартларга мос бўлган юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш белгиланди.

Касбий таълим фаолиятини давлат таълим стандартлари асосида ташкил қилган техникумлар ва ўқув курслари битирувчиларига давлат намунасидаги ҳужжат (диплом, сертификат) Агентлик томонидан берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари раислигида Касбий таълимни ривожлантириш ҳудудий тадбиркорлар кенгашлари ташкил этилади.

Кенгаш таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан тасдиқланади ҳамда унинг таркибига ҳудуддаги йирик тадбиркорлик субъектлари, иш берувчи ташкилот ва корхоналар, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари киритилади.

Шунингдек, қуйидаги тизим ва таълим ташкилотлар Касбий таълим агентлигига ўтказиш орқали қайта ташкил этилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг:

• Профессионал таълимни ривожлантириш институти — Касбий таълимни ривожлантириш институти сифатида;

• Олий ва профессионал таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш маркази — Касбий таълим моддий-техника таъминоти маркази сифатида;

• Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармалари — Қорақалпоғистон Республикаси Касбий таълим агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касбий таълим бошқармалари сифатида;

• Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси ҳамда техникумлар.

Бундан ташқари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги касбий кўникмалар марказлари ва уларнинг филиаллари техникумлар сифатида қайта ташкил этилиб, Агентлик тизимига ўтказилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?