Янги Ўзбекистоннинг янги ташаббусларини дунё эътироф этмоқда

19:39 25 Декабрь 2020 Сиёсат
4639 0

Бугун Ўзбекистон ўз мустақил тараққиётининг сифат жиҳатдан янги босқичига қадам қўйди. Бу йўлда у жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари ва йирик халқаро ташкилотлари билан турли соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, хорижий давлатлар билан дўстона ҳамда ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида муҳим натижаларга эришиляпти.

Айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбари бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг фаровонлиги учун жон куйдираётган, минтақани саноати ривожланган, обод ва дунё билан кенг интеграциялашган ҳудудга айлантириш орзуси билан яшаб, шунга монанд меҳнат қилаётган етакчи сифатида намоён бўлмоқда.

Қисқа давр ичида Ўзбекистон халқи мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига асос бўлувчи улкан ютуқларни қўлга киритди. Европанинг бир қатор давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланиб, БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Зеро, Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва Европа давлатлари билан ҳамкорликни ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири деб, билиши бежиз эмас. Негаки, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг қўҳна қитъа мамлакатлари билан барча жабҳалардаги алоқалари жадал суръатларда юксалиб боряпти. Пировардида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги даври бошланди.

Масалан, Президентимизнинг биргина Германия давлатига расмий ташрифи доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда салмоқли келишувларга эришилди. Шу боисдан Ўзбекистон учун Германия улкан сиёсий, иқтисодий ва илмий-интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ишончли ҳамда узоқ муддатли шерик, деб айта оламиз.

Инчунин, Ўзбекистон ва Германия ўртасида барча соҳада фаол мулоқот, яқин алоқалар йўлга қўйилди, тажриба алмашиляпти.

Шунга монанд равишда Президентимиз раҳбарлигида бошланган ислоҳотлар ва модернизация жараёни, жумладан, қўшни мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича сиёсатни Германия Федератив Республикаси тўлиқ қўллаб-қувватлаяпти.

Германияда чоп этиладиган нуфузли “Berliner Telegraph” журналининг декабрь ойидаги сонида Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилингани бунинг ёрқин ифодасидир.

Таниқли немис сиёсатшуноси Маттиас Дорнфелднинг "Ўзбекистоннинг янги имижи:очиқлик ва ҳамкорликка тайёрлик" сарлавҳали мақоласида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ўзгаришлар, мамлакатимиз раҳбарининг ташқи ва минтақавий сиёсати ҳақида батафсил сўз юритилган. Ўзбекистон Евроосиёнинг маркази ва Марказий Осиёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган давлат сифатида минтақавий ҳамкорликда етакчи мавқега эга экани баён қилинган.

Мақоланинг яна бир муҳим хусусияти шундаки, унда Ўзбекистон раҳбарининг кўплаб ташаббуслари Германиянинг Европа Иттифоқи Кенгашига раислиги даврида қабул қилинган ЕИ Марказий Осиё стратегиясининг мақсад ҳамда вазифаларига мос келиши ўз ифодасини топган. Мамлакатимиз раҳбарининг иқтисодий ислоҳотлари бошлангандан буён Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, шу жумладан, Германия Ўзбекистоннинг муҳим шериклари экани ҳақида тўхталиб ўтилган.

Таҳлилий мақолага асосланиб муболағасиз айтиш мумкинки, Ўзбекистон Президентининг ўзбек жамияти манфаатлари йўлидаги истиқболли ислоҳотлари Германия тузилмалари томонидан қатъий қўллаб-қувватланмоқда. Мақолада давлатимиз раҳбари томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган янги халқаро ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти очиб берилгани диққатга сазовордир.

Шубҳасиз, Ўзбекистонда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш давлат сиёсатининг бош мезони этиб белгилангани, минтақа мамлакатлари билан яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик асосида фаол муносабатлар ўрнатиш ташқи сиёсат соҳасидаги устувор тамойил, деб эълон қилингани бугун тўла ўзини оқламоқда. Дунёга очиқ бўлиш, умумэътироф этилган демократик принципларни амалда жорий этиш жаҳон ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликнинг асосий йўналиши сифатида қабул қилингани дунё жамоатчилиги томонидан юқори баҳоланмоқда.

Буларнинг барчаси Президентимизнинг Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида туну кун тиним билмасдан, бор билим ва тажриба, куч ва имкониятлар сафарбар этилаётгани ҳамда бу жараён тобора кучайиб, янги сифат босқичига кўтарилиб бораётганидан далолат беради. Зотан, Шавкат Мирзиёев президентлик фаолиятининг илк кунлариданоқ Ўзбекистоннинг ташқи ва минтақавий сиёсати сезиларли даражада ўзгарди.

Хулоса ўрнида айтганда, бугун Ўзбекистон халқаро ташкилотлар доирасида мунтазам равишда муҳим ташаббуслар ва сиёсий таклифларни илгари сурмоқда. Президентимиз амалга ошираётган улуғвор ишларни нафақат халқимиз қўллаб-қувватламоқда, балки дунё ҳамжамияти ҳам алоҳида эътироф этмоқда. Бу мустақил Ўзбекистондаги янгича бошқарув, янги стратегия ва янги имкониятларнинг амалдаги ёрқин намунасидир.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,

ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер