Янги Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Малайзия халқаро сайёҳлик ярмаркасида намойиш этилмоқда
Ўзбекистон элчихонаси ходимлари 20-Малайзия халқаро сайёҳлик ярмаркаси ишида (Malaysia International Travel Mart – MITM 2023) қатнашаётир.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ва икки мамлакат туроператорларининг “B2B” учрашувлари ташкил қилинди.
Ярмаркада Малайзиянинг 100 дан ортиқ туроператорлари ҳамда Ўзбекистон, Корея Республикаси, Таиланд, Хитой, Филиппиннинг сайёҳлик саноати ва авиакомпаниялари вакиллари қатнашмоқда.
Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот давомида мамлакатимизда замонавий сайёҳлик инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва туризм хизматларини диверсификация қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумотлар ўртоқлашилар экан, Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий сайёҳлик марказлари, жумладан Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг туризм маҳсулотлари ҳақида атрофлича фикр юритилди. Хусусан, Самарқанд халқаро аэропорти ва “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказида сайёҳлар учун яратилган имкониятларга алоҳида урғу берилди.
Сўнгги йилларда виза режими соддалаштирилиши натижасида 90 дан ортиқ хорижий давлатлар, жумладан, Малайзия фуқаролари учун республикага визасиз кириш тартиби амал қилаётгани таъкидланди. Шунингдек, Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасида “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг тўғридан-тўғри авиақатновлари йўлга қуйилгани ҳам қайд этилди.
Ўзбекистон ва Малайзия туроператорлари ўртасида “B2B” учрашувлари натижаси ўлароқ, тўғридан-тўғри ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди — туроператорлар ҳамкорлигида Ўзбекистонга янги турпакетларни йўлга қўйиш ва республикага йил охиригача қўшимча 500 нафар сайёҳни жалб қилиш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Малайзия халқаро сайёҳлик ярмаркаси 1992 йилда таъсис этилган Малайзиянинг хитой туркомпаниялари ассоциацияси (Malaysian Chinese Tourism Association) томонидан ҳар йили ташкил этилади. Ассоциация Малайзиянинг хитой этник гуруҳи вакиллари зич яшайдиган Пенанг, Перак, Селангор, Негри Сембилан, Жохор, Саравак, Сабах ва Лабуан штатларида ўз бўлинмаларига эга. Бугунги кунда Ассоциациянинг 1300 дан ортиқ аъзоси бор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг