Янги Ўзбекистон: таълим соҳасидаги ҳамкорлик самаралари
Кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу нафақат ички сиёсат, балки ташқи алоқалар, халқаро муносабатларда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Ушбу йўналишда, айниқса, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, юртимизнинг дунё ҳамжамиятига самарали интеграциясини таъминлаш, икки ва кўп томонлама алоқаларни янги босқичга кўтариш мақсадлари устуворлик касб этмоқда.
Бу жиҳатдан, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлари барқарор, адолатли ва демократик давлат қуришга, мамлакатнинг ташқи ошкоралигини илгари суришга ҳамда регионал ва кўп томонлама ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилгани халқаро миқёсда алоҳида эътирофга сазовор бўлмоқда.
Бугунги кунда мамлакат ҳозирги ташқи фаолиятининг устувор йўналишлари “Янги Ўзбекистон – 2030 стратегияси”да кўрсатилган вазифалар доирасида бўлиб, халқаро майдонда алоқаларни янада кенгайтиришга доир янги ёндашувларни ишлаб чиқиш бўйича амалий қадамларда ўз аксини топмоқда.

Шу муносабат билан дунё мамлакатлари билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир бир қатор тегишли дастурий ҳужжатлар ишлаб чиқилган ва қабул қилинган, «йўл хариталари» тасдиқланган.
Олий ва юқори даражалардаги ташрифлар давомида мамлакатнинг миллий манфаатларига жавоб берадиган ҳамда яқин ва узоқ хорижий давлатлар билан алоқаларни кенгайтиришга қаратилган фаол, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсий йўналишни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Халқаро майдондаги ҳамкорлик илғор дунё тажрибасини ўрганиш, хорижий мамлакатлар билан алоқаларни йўлга қўйиш орқали Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифаларни ҳал қилишга ёрдам бермоқда, бу мамлакатда максимал қулай амалий ва инвестицион муҳитни шакллантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Бу борада Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий стратегияси хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, инвестицияларни, илғор технологияларни ишлаб чиқаришга жалб этиш, маҳаллий экспорт географиясини кенгайтириш соҳасида янги қирраларни очмоқда.

Бунинг учун, энг аввало, илғор хорижий тажрибадан, замонавий инновацион, педагогик технологиялар ва илмий лойиҳалардан фойдаланиш, мамлакатнинг таълим ва илмий-тадқиқотчилик муассасалари фаолиятини самарали ўзаро мувофиқлаштириш асосида юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасида мутахассисларни тарбиялаб вояга етказиш талаб қилинади.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги муҳим устувор йўналиши дунёнинг етакчи давлатлари ва халқаро ташкилотлари, хусусан билан стратегик шериклик ҳамда ҳамкорликнинг мувозанатланган тизимини шакллантиришдан иборат.
Президентимиз томонидан хорижий тажрибадан фойдаланилган ҳолда илм-фанни ривожлантиришга ҳамда хорижий университетлар ва илмий марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳам катта эътибор қаратилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни фаоллаштириши натижасида хорижий мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича улкан натижаларга эришилди.

Хорижий шериклар билан муносабатларни йўлга қўйиш бўйича устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Европа иттифоқи ва унинг етакчи аъзо давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда кенгайтириш жараёнини давом эттиришдан манфаатдор. Улар орасида Франция Республикаси энг яқин ва ишончли ҳамкорлардан ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, 2016 йилдан кейин ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга 2018 йил 8-9 октябрь кунлари амалга оширган расмий ташрифи алоқаларнинг янги даврини бошлаб берди. Парижда ўтган олий даражадаги музокаралар чоғида ҳукуматлараро ва идоралараро 10 та ҳужжат имзоланди.
Юқоридаги ҳужжатлар қаторида “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти”да ЮНЕСКО кафедраси ташкил этилди. Ушбу кафедрада минтақада сув танқислигини юмшатиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва иқлим ўзгариши натижасида қишлоқ хўжалиги экинларига таъсирини баҳолаш каби фундаментал тадқиқотлари олиб борилмоқда.
Хуллас, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга, Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Ўзбекистонга ташрифлари муҳим аҳамиятга эгалиги шубҳасиз. Амалга оширилган расмий ташрифлар кўп томонлама ўзбек — француз муносабатларига янгича руҳ бериш йўлида кейинги йилларда янада фаоллашган ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди ва бу борада янги босқични очди.

Ўзбекистон ва Франция ҳамкорлиги кун тартибида ўзбек — француз сиёсий мулоқотини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш масалалари доимий ўрин олди. Икки давлатнинг долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишга доир ёндашувлари яқин ёки мос экани эътироф этилиб, минтақавий ҳамда халқаро ҳамкорлик, хавф-хатарларга қарши биргаликда курашишнинг янги шаклларини ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратилмоқда.
Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бир томондан, Ўзбекистонда ҳаётнинг барча жабҳасини эркинлаштириш ва модернизация қилиш бўйича рўёбга чиқарилаётган кўп қиррали ислоҳотлар, бошқа тарафдан — расмий Тошкентнинг мамлакат атрофида хавфсизлик ва барқарорлик белбоғини яратиш йўлидаги фаол ҳаракатлари ҳамда булар Парижнинг Марказий Осиёдаги сиёсатига ҳамоҳанг эканлиги мазкур жараёнларга ўзгача суръат бахш этмоқда. Минтақага нисбатан Франция позицияси Марказий Осиёдаги барча давлатлар суверенитети, хавфсизлиги ва фаровонлигини ёқлаши билан ҳамиша ажралиб турган.
Кейинги йиллардаги ўзбек — француз муносабатларида маданий-гуманитар ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Хусусан, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини халқаролашган тамойили асосида “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ва Франциянинг SUEZ халқаро компанияси келишув битимини имзолади.
Мазкур битимга асосан, икки мамлакатнинг таълим салоҳиятни ривожлантириш, тенг манфаатли илмий тадқиқотларда ҳамкорлик қилиш, ичимлик суви таъминотини модернизация қилиш, илмий-инновацион лаборатория ташкил этиш; ақлли суғориш ва сувни тежовчи технологияларини ишлаб чиқиш; барқарор шаҳар ва қишлоқ сув бошқаруви бўйича технология трансфери; Ўзбекистонлик мутахассислар ва тадқиқотчилар учун ишлаб чиқариш таълими ва стажировкалари амалга оширилади.
Умуман олганда, Франция тажрибаси ва салоҳиятини ўрганиш мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий йўналишда устувор лойиҳаларни амалга ошириш, таълим тизими сифатини юқори босқичга чиқариш, иқтисодиётни саноат ва технологик жиҳатдан модернизациялаш ҳамда унинг таркибий жиҳатдан диверсификациялашга яқиндан кўмак беради.
Ҳар икки мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни янги босқичда нафақат ўзбек — француз, балки Ўзбекистон ва Европа иттифоқи стратегик ҳамкорлигининг кўп қиррали муносабатларини татбиқ қилиш учун янги имкониятлар очади.
Нафақат Европада, балки бутун дунёда энг юқори технологияларга эга Франция билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш Ўзбекистоннинг халқаро мақомини ҳамда обрўсини ошириш, юқори сифатли инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш имконини беради. Шунингдек, ўзбек маҳсулотларини ушбу мамлакатга экспорт қилиш имкониятини кенгайтиради.
Баҳодир МИРЗАЕВ,
“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини
механизациялаш муҳандислари институти”
Миллий тадқиқот университети ректори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг