Янги Ўзбекистон меъмори

17:08 23 Май 2024 Жамият
816 0

Фото: УрДУ Ахборот хизмати

Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг «Ишонч» ҳамда «Халқ сўзи» газеталарида эълон қилинган
«Шавкат Мирзиёев:  Мен умримни шу халққа тикканман» сарлавҳали мақоласига муносабат.

Авваламбор, инсонларни сергаклантирувчи, чуқур мулоҳазага чорловчи, қалбимизда бугунги кундан розилик ва шукроналикни такрор ва такрор оширувчи мазкур асосли мақола муаллифи сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовга ва уни жамиятимизга тақдим қилган «Халқ сўзи» газетаси таҳририятига Урганч давлат университети жамоаси номидан миннатдорчилик билдирамиз. Боиси, ундаги ҳар бир мавзу жуда топиб, ўринли асосланган. Мақолани ўқиб қалбларимизни ҳаяжонга тўлди.

Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Янги Ўзбекистон халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатга айланаётгани барчамизга аён.

Мақолада юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилгани қайд этилади. Янги Ўзбекистон ижтимоий давлат тамойилининг янги таҳрирдаги Конституциямизда асосий норма сифатида мустаҳкамланиши, инсон қадрини янада улуғлаш, ҳозирги ва келгуси авлодларнинг фаровон турмушини таъминлашга қаратилгани билан янада аҳамиятли эканлиги жуда ўринли изоҳлаб берилади.

Фото: УрДУ Ахборот хизмати

Дарҳақиқат, ижтимоий давлатда барқарор ривожланишнинг муҳим мақсади ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигига кўмаклашиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва маънавий-маданий соҳаларнинг мунтазам тараққий этишини таъминлаш, самарали ижтимоий суғурта таъминотини йўлга қўйиш, жамиятда кескин ижтимоий фарқланиш ва ижтимоий тенгсизликка йўл қўймаслик, аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш каби вазифалардир.

Мамлакатимизда таълим масаласи ҳар доим куннинг биринчи даражали мавзуларидан бири бўлиб келган. Дунёнинг ривожланган давлатларидаги жамият ва давлат тараққиёти масаласига эътибор қаратадиган бўлсак, ёшлар таълим-тарбияси асосий ўринда туради. Мақолада юртимизда кейинги йилларда таълимнинг барча соҳаси ва педагоглар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар, улар учун яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида жуда таъсирли мисоллар билан ёритиб берилган.

Фото: УрДУ Ахборот хизмати

Айниқса, бир пайтлари таълим тизимига адолатсиз ёндашув муаллимнинг обрўси, шаъни, қадри ҳаминқадар баҳолангани, бунинг оқибатида аксарият эркак ўқитувчилар ўз касбини ташлаб кетишга мажбур бўлганлиги ҳақидаги оғриқли ҳолатлар ҳақида гапирилади. Бундай ҳолатлар бевосита ёшлар тарбиясига ҳам акс таъсир этиши таъкидланади.

Шукурки, бугун халқимиз ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўйди. Инсон қадри улуғланди. Ҳаётимизнинг барча жабҳаси гўзал ўзгаришлар ичида. Янги Ренессанс даврининг элпарвар жадиди – маърифатпарвар аждодларимизнинг етук давомчиси бўлган Давлат раҳбари халқимизнинг суянчига, етук йўлбошчисига айланаётгани бугун одамларимиз юз кўзида, фаровон турмушимизда, тинч ва осойишта юртимизда ўз ифодасини топмоқда.

Таълим тизимидаги мисли кўрилмаган ислоҳотлар ҳақида тўхталганда кейинги йилларда айни жабҳада пайдо бўлган Президент мактаблари тизими ва бошланғич таълимнинг жаҳон андозаларига жавоб берадиган бундай тизими бугун барча вилоятларда яратилгани, уларнинг битирувчилари дунёнинг энг нуфузли университетларига кириш учун грантларни ютиб олаётгани алоҳида қувонч билан тилга олинади. Албатта, бу барчамиз учун юксак фахр ҳисобланади.

Фото: УрДУ Ахборот хизмати

Мамлакатимиздаги олий таълимдаги ислоҳотларнинг ўзи бир алоҳида юксак ҳажмдаги мавзу бўла олади. Тасаввурингизни рақамларга қаратсак, бугун юртимизда ОТМ лар сони 210 тадан ошганлиги, улар орасида дунёнинг нуфузли университетлари филиаллари ҳам борлиги, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизга кўтарилгани ёшларимиз учун, келажагимиз пойдеворлари учун энг зўр имконият эмасми?! Бугун ўқишга кириш имкони ниҳоятда кенг. Бир абитуриент бир пайтнинг ўзида бир неча ОТМга ҳужжат топшириши ва талаба бўлиши мумкин. Мана сизга қулайлик!

Буларнинг барчаси донолик билан узоқни кўзловчи, юксак тажриба ва кенг мушоҳадали, кечани кеча, кундузни кундуз демай халқ учун, миллат учун, ёшларимиз келажаги учун жон куйдириб меҳнат қилаётган, юртимизда инсон қадрини энг муҳим даражага олиб чиққан, одамлар ҳаётини тубдан янгилаб, ўзгартириб юборган Янги Ўзбекистон меъмори – Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ўткир зеҳни натижасида эканлигини қалбан ҳис қилмоқдамиз.

Қисқагина фикрларимизнинг якунида сифатида айтиш жоизки, ушбу муносабат мисолида Урганч давлат университети жамоаси кўп минг сонли талабалари олийгоҳ узра тарғибот-ташвиқот ишларини жадал бошлаб юборди ва барча факультетларда, кафедраларда, профессор-ўқитувчилар давраларида «Ишонч» газетасининг 21 май кунги ҳамда «Халқ сўзи» газетасининг 2024 йил 22 майдаги 99-сонида нашр этилган сиёсатшунос, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси президенти Қудратилла Рафиқовнинг «Шавкат Мирзиёев: Мен умримни шу халққа тикканман» сарлавҳали мақоласи чуқур ўрганилмоқда, шунингдек, ёшларга маънавий ибрат қилиб ўргатилмоқда.

Фото: УрДУ Ахборот хизмати

Университетимиз жамоаси сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг теран ва мушоҳадали фикрларини қадрлайди ва тўла қўллаб-қувватлайди.

Зотан, Қудратилла Рафиқов «…ўқитувчилар, профессору академикларнинг қадри юксалаётган экан, нега зиёлиларимиз бу ўзгаришлар ҳақида гапирмайди ёки мулоҳазалари ўзаро гурунглардан юқорига кўтарилмади?! Ҳолбуки, улар бундан етти-саккиз йил олдинги вазиятни оддий одамлардан кўра теранроқ тушунишади, билишадику?…» деганларида ҳақ эдилар.

Зеро, педагог сифатида жамиятда олдинда юришимиз, ислоҳотларимизнинг жонли тарғиботчиси бўлишимиз бугунги даврда ҳар қачонгидан муҳим саналади.

Баҳром АБДУЛЛАЕВ, Урганч давлат университети ректори,

физика-математика фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?