Янги ўқув йили тизимдаги янги ўзгаришларга пойдевор бўлади

18:42 04 Сентябр 2023 Жамият
467 0

Фото: “Халқ сўзи”

Самарқанд вилоятининг барча умумтаълим мактабларида ҳам “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси садолари остида Нарпай туманидаги 17-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Биринчи қўнғироқ” тадбирида тумани ҳокими Шерзод Раҳмонов иштирок этиб, ўқитувчи ва ўқувчилар, ота-оналарни янги ўқув йили билан муборакбод этди.

Таъкидлаш лозимки, жорий йилда 17-умумтаълим мактабининг битирувчилари Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш бўйича 100 фоизлик натижага эришган эди. Тадбирга йиғилганлар ўқувчиларни ана шундай юқори натижани сақлаб қолган ҳолда, илм сирларини яна ҳам чуқур эгаллашга ундади.

Фото: “Халқ сўзи”

Оқдарё туманининг Истиқлол маҳалласидаги 14-умумтаълим мактабида эса “Биринчи қўнғироқ” тадбири қўшалоқ байрамга айланиб кетди. Мактабга жорий йилда 140 ўринли қўшимча янги бино қурилиб берилди. Янги ўқув йили бошланиши билан мазкур бино фойдаланишга топширилиб, тантанали очилиш маросими ўтказилди. Иштирокчилар янги бинода яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, ўқувчи ёшларни бугунги қувончли кун билан табриклади.

Шу ўринда айтиш керакки, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном олган 2023-йилда вилоятдаги 158 та умумтаълим мактаби, 54 та мактабгача таълим ташкилоти, 14 та жисмоний тарбия ва спорт муассасалари, 6 та олий таълим муассасаларини реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Республика бюджети маблағлари ҳисобидан Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида 1680 ўринли, Ургут туманидаги Мерганча маҳалласида 990 ўринли янги мактаб бинолари қурилмоқда.

Фото: “Халқ сўзи”

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон”нинг ўзига хос таълим тизимини шакллантириш жараёни кечмоқда. Мактабларда ўқувчиларга иккита хорижий тил ва касб-ҳунар ўргатиш тизимининг йўлга қўйилганлиги, давлат умумтаълим мактаблари билан бир қаторда нодавлат шаклдаги мактаблар, Президент, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари фаолият юритаётгани ва янги баҳолаш тартиби жорий этилганлиги ушбу тизимда қисқа муддатда чуқур таркибий ва сифат ўзгаришлари юз берганини кўрсатади.

Жорий ўқув йили бошидан мактаб таълимини ислоҳ қилиш, жумладан, мактабда ўқувчиларга сифатли таълим бериш билан бирга, уларни иккинчи хорижий тил ва камида 1 та касбни ўрганишларини тизимли ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Шундан келиб чиқиб Самарқанд вилоятида 1 та шаҳар ва 2 та туманидаги 3 тадан мактабларда ўқувчиларга иккинчи хорижий тил ва касбни ўргатиш ишларини ташкил этиш мақсадида Самарқанд шаҳар, Пастдарғом ва Ургут туманидаги 3 тадан умумтаълим мактаблари тажриба-синов шаклида танлаб олинди, — дейди Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шокир Султонов. — Ушбу 3 та туман ва шаҳардан ташқари қолган 13 та туман ва шаҳарларда ҳам биттадан мактаблар таянч сифатида танлаб олиниб, уларда ўқувчиларни иккинчи хорижий тил ҳамда касб ўрганишлари учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан зарурий шарт-шароитлар билан таъминлаш ишлари олиб борилди. Хуллас. янги ўқув йили тизимдаги янги ўзгаришларга пойдевор бўлади.

Фото: “Халқ сўзи”

Давлатимиз раҳбари 24 август куни Самарқанд вилоятига қилган ташрифи чоғида Оқдарё туманидаги 32-умумтаълим мактабида бўлиб, бу ерда ўқувчиларга таълим бериш ва уларни касбга ўргатиш борасида қилинган ишлар, ёшларга яратилган шароитлар билан танишган, ўқитувчилар, ёзги тўгаракка келган болалар билан суҳбатлашиб, галдаги аниқ вазифаларни белгилаб берган эди.

782 ўқувчига мўлжалланган мазкур мактаб жорий йилда 7,5 миллиард сўм маблағ эвазига капитал таъмирланди. 22 та синфхона, спорт зали, ошхона, STEM лабораторияси, компьютер хоналарида замонавий шароитлар яратилган.

Эндиликда ушбу даргоҳ битирувчилари мактаб ҳудудидан чиқмаган ҳолда назарий билимларини мустаҳкамлаш баробарида тил ўрганиб, 15 хил касб-ҳунар эгаллаш орқали ҳаётга тайёр бўлиб боришади. Чунки мактабнинг бўш турган ер майдонида енгил конструкциялардан қўшимча хоналар қурилиб, 15 хил касб-ҳунар ўргатиш учун шароит яратилди. Бу ерда ўқувчилар компьютер, техник хизмат кўрсатиш, тўқувчилик, сартарошлик, косметология, кулолчилик, ўймакорликнинг илк сабоқларини ўрганмоқда.

Фото: “Халқ сўзи”

— Мен ёшлигимдан қандолатчиликка қизиққанман ва жуда ҳам кўп ҳаракат қилганман. Лекин бундай шароитлар йўқ эди, — дейди Феруза Рашидова — Мана эндиликда шу ерда олти ойдан бери мутахассислардан пишириқ пишириш, ҳар хил ширинликлар ва торт безатиш сирларини ўрганяпмиз. Ҳар хил ускуналар, печлар шу ерда бор. Барча шароитлар яратилган.

Таълим тизимидаги бундай ўзгаришлардан кўзланган мақсад — мактабларда ўқувчиларга чуқур билим бериш билан бирга, уларни ҳунарли қилиб тарбиялаш. Шунда ўқувчилар мактабни битирганда ҳунари бор, ишига эга шахс бўлиб чиқади.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида кейинги ўқув йилига қадар Самарқанд вилоятдаги ҳар бир туманда 10 тадан мактабда худди шундай тизим йўлга қўйилади. Шунингдек, бу борадаги Самарқанд тажрибаси бутун Республикага жорий қилинади.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?