Янги массив ҳуснидаги доғлар (Мулоҳаза)
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро шаҳридаги 7-мавзе 25-уйда яшовчи меҳнат фахрийси Салим Обидовнинг яхши бир одати бор. 70 ёшни қоралаб қўйган отахон эрта тонгда туриб, ўзи истиқомат қилаётган етти қаватли уй атрофи тозалигига эътибор беради. Оёқ остига ташлаб кетилган қоғоз қийқимлари, полиэтилен идишларни бирма-бир олиб, «Аттанг, аттанг» деганча ахлатхонага элтади. Ён-атрофдаги яккам-дуккам ўсган дарахтларга шакл беради. Ўзи эккан гулга сув қуяди.
— Тўртинчи қаватда яшайман, — дейди у. — Афсуски, айримларда уй атрофидаги гулзор учун мўлжалланган ернинг менга дахли йўқ, деган фикр бор. Ҳозир қўни-қўшнини тўплаб, «Оғайнилар, шу кафтдек ернинг ҳар икки-уч метри тозалигини ўз зиммамизга олсак дуруст бўларди. Ахир, уй атрофини озода тутсак, гулу гулзорга айлантирсак, ўзимиз учун яхши эмасми? Бунақада уйга меҳмон чақиргани ҳам хижолат чекасан, киши», дейишга чоғланиб турибман.


Салим ота ҳақ. Ота-боболаримиз «Ернинг ҳам уволи бор», деб бежиз айтишмаган.
Бухоро шаҳридаги янги массив саналган бу гўшани яёв кезган одам ободончиликка эътибор сустлигини кўради. Айрим кишиларнинг қўлидаги чиқиндини дуч келган жойга ташлаб кетишидан ранжийди. Бунга шоҳид бўлмоқ учун узоққа бориш шарт эмас. Массивдаги бетон ариқчаларда нималарни кўрмайман, дейсиз. Ҳатто бу ариқчаларда сув эмас, ахлат оқармикан, дея таажжубланишингиз тайин. Наҳотки, ҳудуддаги бошқарув сервис компаниясини бу ҳол зиғирча ташвишга солмаяпти? Дарвоқе, биз ҳудудда бу компания ишчиларининг бирортасини ҳам учратмадик.

— Ободончилик масаласи ҳудудимиздаги энг катта муаммо, — дейди мавзедаги Баҳоуддин Нақшбанд маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳилола Исоқова. — Бу кўп ҳолда маҳалладошларимизнинг эътиборсизлиги, лоқайдлиги, ҳафсаласизлиги ортидан рўй беряпти. Тўғри, ўзи яшаб турган кўп қаватли уй атрофини гулзорга, мевазорга айлантирган хонадонлар ҳам бор. Биз уларни бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиб, фуқаролардан ободончилик юмушларига эътибор қаратишларини сўраяпмиз.
Дарҳақиқат, Амир Темур кўчасидаги 20-, 13-, 12- уйлар атрофидаги кўкаламзорлаштириш ишларини кўриб, кишининг баҳри дили очилади. Лекин массивда оз эмас, кўп эмас, 85 та кўпқаватли уй борлиги, уларда 11 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётгани инобатга олинса, бу маскан ўрни бир пайтлар унумдорлиги, ҳосилдорлиги юқори экин майдонлари бўлгани назарда тутилса, уни биров кўрса ҳавас қилғилик обод гўшага айлантириш зарурлиги аёнлашади. Қолаверса, у тупроғи унумдор экин майдонлари ўрнида қад ростлаган. Гулзор барпо этиш, ён-атрофни яшил масканга айлантириш катта куч-ғайрат талаб қилмайди.
Шу ўринда массив қурилиши лойиҳачилари-ю қурувчи ташкилотларга ҳам эътирозлар йўқ эмас. Ҳудудда лоток ариқлар барпо этилган. Уларга боши берк ариқлар дея таъриф берилса, балки тўғрироқ бўлар. Ҳар ҳолда шуниси аёнки, ёғин-сочинли кунларда улардаги сув бирор-бир жойга бориб қуйилмайди. Оқибатда сув тошиб йўлни қоплайди. Кўлмаклар ҳосил бўлади. Табиийки, бундан йўл сифати яхшиланиб қолмайди.

Янги массивда ечимини кутаётган бошқа муаммолар ҳам йўқ эмас. Ҳудудда хусусий мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Аммо давлат мактабгача таълим ташкилотига ҳам эҳтиёж мавжуд. Негаки, мавзеда истиқомат қилувчиларнинг аксарияти уйларни банк кредити асосида олишган. Улар қарзни узиш учун анча-мунча маблағ сарфлашяпти. Бошқача айтганда, фарзандини хусусий боғчага беришга ёш оилалар барчасининг ҳам чўнтаги кўтаравермайди. Ҳудуддаги 43-умумтаълим мактабида таълим икки навбат (смена)да ташкил этилганидан келиб чиқилса, массивда яна бир таълим даргоҳи қурилишига эҳтиёж мавжуд. Негаки, бу ерда янгидан янги турар-жойлар қад ростламоқда. Аҳоли сони кўпайяпти. Қолаверса, мавзе аҳолиси чоғроқ бўлса-да замонавий деҳқон бозорига ҳам эҳтиёж сезмоқда.
Кўринадики, бу мавзеда ободончилик, кўкаламзорлаштириш юмушларини рисоладагидек йўлга қўйиш, одамларни ўйлантираётган масалаларга оқилона ечим топиш шаҳар масъулларининг эътиборида бўлиши мақсадга мувофиқдир. Токи, массив ҳуснидаги доғлар барҳам топсин, янги мавзе муаммолар гирдобида қолиб кетмасин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг