Янги инновацион жарроҳлик усули

18:32 01 Декабрь 2023 Жамият
271 0

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети биология факультетида яқинда ташкил этилган Физиология илмий-тадқиқот марказида янги инновацион жарроҳлик усули тақдим этилди. Яъни академик Бакриддин Зарипов бошчилигида “Янги Ўзбекистон ёш физиологлари мактаби” аъзолари ушбу усулда қуёнда жарроҳлик амалиётини бажардилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент тиббиёт академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу машғулотда нафақат юртимиз олий ўқув юртлари талабалари, балки қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Чехия, Беларусь Республикаси университетлари физиолог олимлари, талабалари онлайн иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, инсоният саломатлиги ва фаровон ҳаётида физиологиянинг ўрни ғоятда катта. Зеро, у ҳаёт ҳақидаги фан бўлиб, медицина, ветеринариянинг асоси ҳисобланади. Қолаверса, соғлом турмуш тарзи айнан инсон физиологиясига боғлиқ. Дунёдаги энг нуфузли мукофот саналган Нобель мукофоти ҳам биринчи бўлиб физиология ва тиббиёт йўналишига берилиши замирида ҳам катта маъно бор.

Бироқ мамлакатимизда физиология узоқ йиллар давомида эътибордан четда қолиб кетди. Давлатимиз раҳбари томонидан илм-фан ва таълим ривожи йўлида олиб бораётган тизимли ислоҳотлар туфайли юртимизда мазкур фан ривожида янги саҳифалар очилмоқда.

Ўзбекистон Миллий университети Одам ва ҳайвонлар физиологияси кафедраси қошида Физиология илмий-тадқиқот маркази ҳамда “Янги Ўзбекистон ёш физиологлари мактаби”нинг тузилгани бунинг ёрқин далилидир.

Марказ ва ёш физиологлар мактаби олдига қўйилган асосий вазифа талабалар, ёш олимлар орасида физиология фанини кенг тарғиб қилиш, жаҳон физиологлари тажрибаларини чуқур ўрганишдан иборат. Шу билан бирга, бўлғуси мутахассисларни инновацион физиологик лабораториялар билан яқиндан таништириш, мустақил экспериментлар қилиш орқали юқори малакали, профессионал, бугунги замон талабига мос кадрларни тайёрлашга кўмаклашиш мақсад қилинган. Шу боис машғулотлар инновацион усул ва технологиялардан фойдаланилган ҳолда ўтказиляпти. Чунки назарий билимлар амалиёт билан уйғунлашсагина янада мустаҳкамланади, ёшларни янгиликларга руҳлантиради.

Навбатдаги машғулотда “Қуён ичагида инновацион физиологик сурункали (in vivo) жарроҳлик усули” мавзуида қуёнда жарроҳлик амалиёти бажарилди.

— Бугунги машғулотимизда физиологиянинг энг долзарб масалаларидан бири бўлган овқат ҳазм қилиш мавзусига мурожаат қилдик, — дейди Физиология илмий-тадқиқот маркази раҳбари, академик Бакриддин Зарипов. — Янги инновацион “in vivo” усулида қуён ичаги изоляция қилиниб, яъни чегараланиб, фистула қўйилди. Бу овқат ҳазм қилишнинг ўзига хос хусусиятларини тадқиқ қилишга қаратилган жарроҳлиқ амалиёти ҳисобланади. Унинг аҳамияти шундаки, операциядан сўнг талаба ва ёш тадқиқотчиларимиз овқат ҳазм қилиш тизими, хусусан, овқатларнинг сўрилиши, парчаланиши, унинг моликуляр мезанизмалари, витаминлар, йод ва таксик моддаларнинг организмга таъсирини тирик қуён мисолида ўрганишади. Қувонарлиси, ёш олимлар, бакалавр ва магистрлар ушбу жараённинг кузатувчиси эмас, бевосита иштирокчисига айландилар. Бу эса уларга олган назарий блимларини амалиётда синаб кўриш имконини берди.

Олимларнинг айтишича, ўткир ва хроник экспериментлар, “in vivo” ва “in vitro” тажрибалари ўтказишда, кўргазмали жарроҳлик дарсларида, асосан, қуён ва каламушлардан фойдаланилади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ушбу жониворлар физиологик функциялари, жумладан, овқат ҳазм қилиш, қон айланиш, гармонларнинг ишлаши ва бошқа жиҳатлари инсонларга энг яқини ҳисобланади.

Инновацион машғулотда жарроҳлик абоб-ускуналари, уларнинг яратилиш тарихида Абу Али ибн Сино бобомизнинг беқиёс хизматлари, чок турлари, ичакни изоляция қилиш ва фистула қўйиш каби нозик масалалар кенг тушунтирилиб, жарроҳлик амалиётидан сўнг жониворларни парваришлаш бўйича маълумот берилди. Хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда бундай машғулотлар мунтазам равишда ўтказилиши белигилаб олинди.

Шубҳасиз, бу ёш физиолог олимлар замонавий билимларни чуқур эгаллаб, Янги Ўзбекистон илм-фани ютуқларини дунёга танитиш, Президентимиз таъбири билан айтганда, Учинчи Ренессанс авлодларини камол топширишда муҳим роль ўйнайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?