ЯХШИ ОДАМЛАР — ЯХШИ ШИФОКОРЛАР
Иллюстратив фото
Бемор ҳам, тиббиёт ҳам шифо истайди
Гап шундаки, менинг турмуш ўртоғим, қирқ йиллик қадрдоним Зулайҳо 2003 йилдан бери қандли диабет касаллиги билан оғрийди. Аниқроғи, Зулайҳонинг шу касалга чалинганини 2003 йили билганмиз, ўшандан бери тинимсиз даволанади, аммо... Эркин Турсунов исм-шарифли шифокор акамиз айтадики:
— Қандли диабетнинг ўзи ҳеч нарса эмас, уни парҳез ҳисобига меъёрда сақласа бўлади, аммо унинг асоратлари жуда ёмон кечади. Бу касаллик инсон организмини тинимсиз емириб бораверади. Айниқса, бирон жойингизни заифлаштириб олса бўлди, бутун зарба кучи ўша ерга урилаверади, урилаверади... Бу жудаям ёмон...
— Бизда касалхоналар кўп, аммо шифохоналар кам. Жудаям кам, — деган эди бир чиқишида машҳур қизиқчи Аваз Охун.
— Мен хусусий клиника очганда бунақа ташкилот Жиззахда бор-йўғи тўртта эди, ҳозир қирқ тўрттага етди ва тинимсиз болалаб боряпти. Шу сабабли мен ўз клиникамни ёпдим, — деган эди шоир ва шифокор дўстим, тиббиёт фанлари номзоди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мирза Даврон 2021 йили. Демак...
Бизнинг мазкур мақоламиз шу ҳақда.
Худодан яшира олмаганимизни бандасидан яшириб нима қилдик. Турмуш ўртоғим 2000 йилдаёқ цистит касаллигига чалинган эди. Бундан ташқари, бавосир (геморрой) билан ҳам оғриган. Уни 2006 йили операция йўли билан олдириб ташлаганмиз. Менга саккиз фарзанд — саккиз қизни туғиб, вояга етказиб берган гўзал Зулайҳони қирқ ёшидан кейин касалликлар мутлақо тинчитмай қўйди. Қандли диабет, цистит, геморрой устига фарингит деган томоқ оғриғи ҳам ўз исканжасига олди. Бу касалликлар одамни бутун умри давомида таъқиб қиларкан. Улардан тузалиб кетиш амримаҳол экан. Оилавий топиш-тутишимиз ёмон эмасди. Касалликларни даволаш учун харажатларга ҳамиша етарли даражада пулни қийналмай топганмиз. Касалликларни даволатганмиз.
...Зулайҳо билан 1984 йили турмуш қурган бўлсак, ўшанда у собиқ иттифоқ Олий Совети депутати, комсомол ёшлар бригадаси бошлиғи эди. Ўз бригадасида, керак бўлса, механизаторлик ҳам қилаверар, ҳар йили кузда пахта териш машинасига ўтириб, пахта терарди. Зулайҳо жуда бақувват, соғлом эди. Қорли, қировли кунлари мен бир неча қават иссиқ кийим кийиб, ўраниб ўтирганимда у енгил кўйлакда ташқарида кир ювар, молхонага ўтиб, сигир соғиб келар, куви пишар, ҳовли юмушларини бажарар ва асло чарчамасди. Ошхонада газ плита бўлатуриб, ҳовлида, ўчоқда овқат пиширишни яхши кўрар, бундай таомнинг таъми бошқача бўлади, дерди.
Зулайҳо ҳақ эди.
Мустақиллик йиллари биринчилардан бўлиб, Зулайҳо бош бўлган бригада базасида 73 гектар ерда мустақил деҳқон-фермер хўжалиги ташкил этдик. Фермер хўжалигининг ўз дала шийпони, дала ишларини амалга ошириш учун барча зарур техникаси етарли эди. Ер ҳайдашдан тортиб, бутун мавсум давомида барча амалга оширилиши талаб этиладиган дала ишлари учун зарур бўлган асбоб-ускуналаримиз бор эди. Бировга техника илтимос қилиб бормасдик. Шу сабабли ҳам топиш-тутишимизда барака бор эди.
Аммо тинимсиз турмуш ташвишлари, айниқса, цистит касаллиги Зулайҳони қирқ ёшидан сўнг тобора ўз исканжасига ола борди. 2010 йиллардан сўнг ҳар олти ойда бир марта вилоят эндокринология касалхонасида ўн кун даволанадиган бўлди. Ўшанда биратўла циститга ҳам даво изларди, шифокорлар дори ёзиб берар, турмуш ўртоғим уни касалхонада, кейин уйда ҳам қабул қиларди.
Цистит бошга битган бало экан. Туғаётган аёлларнинг аксарияти бу касалликка мубтало бўларкан. Айниқса, қандли диабетга чалинган аёлларнинг циститга чалиниши жуда хатарли экан. Бир куни Жиззахдаги тўйдан қўшни аёллардан бири менинг машинамда бирга қайтди ва уйигача етказиб қўйишимни илтимос қилди. Етказгандим, ҳеч нарсага қарамай, машинадан тушди-да, кўйлагини кўтарганча, уйи орқасидаги ҳожатхонасига шошилди...
Цистит ана шунақа ёмон экан.
Хуллас, қандли диабет аксарият аёлларда цистит келтириб чиқараркан, цистит эса...
2019 йили Мирзачўл тумани маркази — Гагарин шаҳридаги санаторийда эр-хотин бирга дам олдик, ўша ердаги бир шифокор Зулайҳога уролог шифокорга учрашишни тавсия қилди. Айтишича, сийдик қопида яра бор эмиш. Уни тезроқ даволаш керак, авжланишига йўл қўймаслик зарур, деди. Нари-бери даволаниб ҳам юрдик, аммо... Чини билан даволаниш зарурлигини тушуниб етганимизда 2020 йилнинг апрели, яъни пандемия бошланган, барча йўллар, шифохоналар ёпилган, ҳеч ким дардингни эшитмайдиган, зорингга қулоқ осмайдиган давр бошланган эди. Жиззахга кириб-чиқишнинг ўзи ҳам муаммо эди. Кириш-чиқишга бетон тўсиқлар қўйилиб, ҳарбийлар жанговар автоматлари билан ҳар бир автомобилни текшираётган давр эди. Яна ўша Аваз Охун айтмоқчи, гўёки бетон тўсиқ пандемияни қайтариб қоладигандек, шунақа чоралар қўллаган эдик.
Очиғи, вилоятимиз маркази Жиззахга кирганингиз билан касалхоналар ёпиқ эди. Борсангиз, қабул қилмасди. Вилоят тез тиббий ёрдам маркази дарвозасидан бизни ичкарига киритишмади. Илож тополмай турганимизда бир киши Жиззах бўйича биргина “Доктор-А” хусусий клиникаси ишлаётганини, у ердагилар барча беморни қабул қилишаётганини айтди. Биз учиб-қўниб вилоят кутубхонаси ортидаги ўша клиникага етиб бордик.
Хусусий клиника ишлаётган экан. Унча-мунча навбат ҳам бор экан. Уролог бор-йўқлигини суриштирганимизда, Шавкат исмли битта терапевт шифокор борлигини, аммо у барча беморларни қабул қилиб, даволаётганини айтишди. Коронавирус туфайли бизда вариантлар қолмаган эди. Худога шукр қилиб, навбат кутдик. Шавкат ака бизни яхши кутиб олди. Касаллик таҳлиллари олишимиз керак, деди. Демак, пухта ишлар экан, дея хурсанд бўлдик. Салкам бир миллион сўмга таҳлиллар топширдик. Таҳлилларга асосан икки миллион сўм атрофида дори-дармон ёзиб берди. Дориларни уй шароитида ичадиган, физиотерапевтик муолажани ўн беш кун давомида ҳар куни “Доктор-А”га келиб қабул қиладиган бўлдик. Ўн беш кундан сўнг қайтадан беш юз минг сўмлик таҳлиллар топширдик ва Шавкат ака айтдики, ўн беш кунлик муолажадан беморга наф бўлмапти. Ва у киши аввал тайинлаган дори-дармонларини бекор қилиб, бошқаларини ёзиб берди...
Хуллас, шу тахлит уч ой “Доктор-А”га қатнадик. Шу давр мобайнида тўрт миллион сўмга таҳлиллар топширдик. Ўн миллион сўмга дори-дармон сотиб олдик, яна бир қанча пуллик муолажалар қилдирдик. Уч ойда йигирма миллион сарфлаб, тушуниб етдикки, меҳнатларимиз, харажатларимиз ҳавога учиб кетибди. Биз қатори “Доктор-А”га қатнаган бир қўшнимиз: “Одатда, хусусий клиникаларда ҳар бир касалликнинг ўз мутахассис шифокори бўларди. Бу ерда эса барча турдаги касалларга битта шифокор қараркан”, дея афсусланиб кетиб қолгандан сўнг биз ҳам нима қиларимизни билмай турганимизда, кимдир вилоят тез тиббий ёрдам марказида Ўлмас исмли уролог борлигини айтиб қолди. Табиийки, у ерда ҳамон дарвозалар ёпиқ эди. Телефон қилган эдик, Ўлмаснинг ўзи чиқиб келиб, дарвоза олдидаги хусусий клиникада УТТга туширди, ҳолатни аниқлади ва бор-йўғи иккита арзонгина таблетка ёзиб берди. Шу билан биз бир йил давомида цистит асоратларидан қутулгандай бўлиб юрдик.
Биз касалликни алдамоқчи бўлдик, касаллик эса бизни алдади. 2021 йили Тошкентдаги хусусий клиникаларга бордик, фалон пулга текширтирдик, дорилар ёзиб беришди, фалон пулга қабул қилдик, аммо... 2022 йилга келиб, сийдик қопидаги яра кучайиб кетди ва Зулайҳога ўз таъсирини аввалгилардан зиёда ўтказа бошлади. Иштаҳа йўқолди, кечалари иситмалаб чиқадиган бўлди.
Кунларнинг бирида Ўлмас дўхтир “Новомедикс” хусусий клиникасига боришимиз кераклигини таъкидлади. Жиззах вилояти бўйича энг замонавий урологик асбоб-ускуналар ўша ерда экан. Асбобларнинг айримлари ҳатто Ўзбекистонда ҳам ягона дейишди. Клиникада бизни уролог Шерзод Тўйчиев кутиб олди ва дарҳол беш юз минг сўмлик таҳлил топширдик. Икки юз эллик минг сўмга цистокопия қилдирдик. Ва Ўлмас билан Шерзод сийдик қопдаги яраларни энг замонавий асбоблар ёрдамида куйдириш, қотириш керак, деган қарорга келишди. Муолажа икки ярим миллион сўм экан. Клиникада кунлик ётиш — икки юз эллик минг сўмдан... Биз ҳаммасига рози бўлдик. Шу ерда саратон таҳлили учун маҳсулот олиб, саратон касали шифохонаси ёнидаги хусусий лабораторияга жўнатишди. Таҳлил нархи 180 минг сўм экан. Тўладим. Икки кун давомида ҳаммадан яшириб, йиғладим. “Саратон” деса ёмон таъсир қилар экан-да. “Саратон йўқ”, дея хулоса беришганда хурсанд бўлганларим-чи... Аммо хурсандчилигимиз ўн кунга ҳам чўзилмади. Куйдирилган яра такроран очилиб, Зулайҳо қон кетиш ташхиси билан вилоят тез тиббий ёрдамининг реанимация бўлимига тушди. Икки кун давомида қон қуйишди ва кейин 3 сентябрда Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт марказига олиб бориб ётқиздик. Ва “Новомедикс”даги барча муолажалар, таҳлиллар такроран амалга оширилди. Аммо... бу ер — Тошкент-да! Республика маркази. Ҳаммаси анча қиммат эди. Цистокопия — 400 минг сўм. Ярани куйдириш — тўрт миллион сўм. Таҳлиллар олиш ҳам Жиззахга нисбатан бир неча баравар қиммат экан. Яна... дори-дармон дегандай, бир ҳафтада ўн миллион сўмдан зиёд сарфладик. Биз харажатларга оғринганимиз йўқ. Тузатишса бўлди, дея айтганларини бажараверганмиз. Бу ерда ҳам саратонга таҳлил олиб, лабораторияга жўнатишди ва бу ерда ҳам саратон масаласида хавотирга ўрин йўқлигини айтишди. Шунингдек, шу ерда биринчи марта туберкулёзга текширтириш лозимлигини айтишди.
Мен туберкулёз масаласида қўл силкидим. Негаки, илгарилари ҳам муолажалар давомида Зулайҳонинг ўпкасини бир неча бор рентген қилдирган ва мутахассисларга текширтирган эдим. Ва туберкулёз мутахассислари ҳаммаси жойидалигини айтишган эди. Шу сабабли...
2023 йили Зулайҳони касалликлар янада кўпроқ қийнай бошлади. Апрель ойида ўн кун вилоят эндокринология касалхонасида ётди. Мафтунхўжа исмли ёшгина шифокор муолажа қилди ва қон таркибида креатинин миқдори ошиб бораётганини, нефролог-мутахассисларга кўрсатиш лозимлигини айтди. Вилоят кўп тармоқли шифохонасидаги бир нефрологга учрадик. Беш юз минг сўмга таҳлиллар топширдик. Шу шифохонага ётқизмоқчи бўлишди, аммо... шароитлар жуда ёмон эди. Саратон олов пуркаяпти, палаталар беш-олти кишилик. Ҳар бир беморнинг ёнида биттадан қаровчиси бор. Беморни зиёрат қилувчилар тинимсиз келяпти. Хуллас, бу палатада соғ одам касал бўлади, касал эса... Бу ерда ётиб даволанишдан бош тортиб, кетаётган эдик, нефролог бизнинг асабимизни бузишга уринди: “Касалда саратон аломатлари бўлиши мумкин. Бориб, текширтиринглар”. Биз эса энди бунақа муомалаларга кўникиб қолган эдик, парво қилмадик.
Июль ойида Зулайҳонинг аҳволи оғирлашди. Яна “Новомедикс”га бордик. Шерзод Тўйчиевга учрадик. У биздан қутулиш учун нефрологга учрашимизни тавсия қилди.
— Вилоят бўйича ҳеч бир клиникада сиздақа шароит йўқ, шу ерда даволанамиз, — дедим мен.
Шерзод Тўйчиев хонага кардиолог шифокорни чақириб, Зулайҳони даволашни таклиф қилди. Урология жиҳатдан ўзим назорат қиламан, дея таъкидлади. Барча айтган пуллик таҳлилларни топширдик, дорилар билан таъминладик, палата учун тўлов қилдик. Тўрт кун ўтди ҳамки, Зулайҳонинг аҳволи ёмонлашиб бораверди. Эртаю кеч мен ҳам клиника атрофида айланиб юраман. Ҳеч ёққа кета олмайман. Асабим бузилади, аммо... Шу орада тенгқур дўстларим — шоир-шифокор Мирза Даврон ва кўз доктори Ваҳоб Очилов билан бирга тушлик қилдик. Улар мендан кўнгил сўрашди. Мен ёрилдим: “Юринглар, клиникага кириб, ҳеч бўлмаса, касаллик варақасини текширинглар, Зулайҳонинг аҳволини билиб беринглар”. Аниқ бўлдики, Зулайҳо клиникага ётқизилган куни олинган биохимик таҳлилга кўра, креатинин миқдори 500 бирликка тенг бўлган экан. Тўрт кун давомида 430 га тушибди.
— Сиз шуни яхши ўзгариш деяпсизми? — сўради Ваҳоб Очилов ёшгина кардиолог шифокорга тикилиб.
Кардиолог шифокор шошиб қолди. Югурганча, Шерзод Тўйчиевни топиб келди. Ҳарқалай, менинг дўстларим Жиззах вилоятида тажрибали, ном қозонган шифокорлар бўлгани учун Шерзод Тўйчиев ҳам ортиқча бир нарса дея олмади. Креатинин миқдори нега кўтарилиб кетгани бўйича ҳам хулосалар йўқ. Тўрт кун давомида УТТ қилишмаган эди. УТТда аниқландики, ташқарига чиқиб кета олмаган сийдик икки буйракни ўраб олган. Шу сабабли буйраклар эркин нафас ололмай, шишиб кетган. Сийдик қопининг аҳволи ҳам шунақа. Яралар кўпайиб, шишиб, хуллас... бир соат ичида буйраклар атрофидан уч литр сийдикни чиқариб олишди ва ўша куни кечгача Зулайҳонинг иситмаси тушди. Аҳволи бир қадар яхшилангандай бўлди. Кейин айтишдики, креатинин миқдори 600 га етса, одам комага тушаркан, кейин... у ёғи... Яна уч кун ўтиб, креатинин 140 кўрсаткичга тушгани маълум бўлди.
Ва Шерзод бизни дарҳол касалхонасидан чиқариб юбормоқчи бўлди. Қутулай, деди шекилли-да! Аммо... биз кетмадик. Даволанишни истадик. Шерзод биздан безор бўлган эди. Сийдик ичагини узиб, бел қисмидан ташқарига чиқариб қўйиб, кейин сийдик қопдаги яраларни даволаб, ўн — йигирма кун ичида ичакни яна эски жойига уласа бўлади, деди. Цистокопия қилишни таклиф этди. Ҳисоб-китоб бўлимига борсам, 410 минг сўм тўлаш кераклигини айтишди.
— Нега? Цистокопия 250 минг сўм эди-ку!
— Гепатитга ҳам таҳлил топширишингиз керак. Агар беморда гепатит бўлса, цистокопия қилаётган тиббиёт ходимларига юқиб қолиши мумкин.
— Бир ҳафтадан бери шу ерда ётиб даволаняпмиз. Агар гепатитимиз бўлса, тиббиёт ходимингизга аллақачон юқиб бўлди. Ҳимояланиш энди эсингизга келдими? Яхшиси, “ҳар бир имкониятдан пул ундиришимиз керак”, деб қўя қолинглар...
Хуллас, асабим бузилди. Аразлаб, вилоят тез тиббий ёрдамдаги урологлар Бахтиёр ва Ўлмасга учрадик. Улар айтдиларки, сийдик йўли бир марта узилиб, ташқарига чиқарилса, кейин қайтадан эски жойига улаб бўлмайди. Устига-устак, қандли диабетли беморларда бунақа муолажа мутлақо мумкин эмас.
Кейин биз “Уромет” хусусий клиникасига мурожаат қилдик. Уролог Алижон Азимов 200 минг сўмлик таҳлиллар олдирди. Барча арзимизни тинглади ва бевосита сийдик қопининг ўзига шприц ёрдамида левомеколь мойини жўнатиб, ярани даволашга киришди. Тўғрисини айтганда, хусусий клиникалар ичида энг инсофлиси шу “Уромет” экан. Икки ой давомида яна бир неча бор таҳлиллар топширдик, УТТга тушдик, аммо уролог Алижон ака пул талаб қилмади. Ва ниҳоят муолажалари бизга ёрдам бермаётганини тушуниб, Шерзод Тўйчиевга телефон қилиб, энг замонавий асбоб-ускуналар ундалигини, барча хафагарчиликларни унутиб, беморни қабул қилиши лозимлигини таъкидлади. Аммо... биз у ерга қайтиб боришни истамадик. Шерзоддан мутлақо кўнглимиз совиб бўлган эди. Тўғри, биз тушунардик: у ҳам бор-йўғи бир шифокор, клиникага пул ишлаб бериш учун таклиф қилинган, унинг ҳам бошқа иложи йўқ. Аммо... натижа ҳам керак-ку, ахир!
Сирасини айтганда, вилоятдаги барча урологияга алоқадор клиникалар, шифокорлар бизни кўрса қўл кўтарадиган, бир-бирига жўнатадиган вазиятга етиб келган эдик. Ҳатто Ўлмас очиқчасига: “Сизни ҳали ҳам тирик кўриб турганимдан ғоятда хурсандман!” деса-да, парво қилмадик. Этимиз шу қадар ўлиб бўлган эди.
Октябрнинг ўрталарида Зулайҳони яна даволаш зарурати туғилди. Аммо... қаерга борамиз? Ногоҳ... умид пайдо бўлди: “Диёр” номли янги урологик хусусий клиника очилибди. Ҳамма мақтаётган эмиш. Интернетдаги сайтидан шифокорнинг телефон рақамини топиб беришди. Телефон қилган эдим, шифокори кўтарди. Мен кейинги йиллар давомидаги сарсон-саргардонликларимизни тушунтирдим. Врач йигит ҳаммасини сабр билан тинглади ва деди:
— Ака, бизга келсангиз, биз ҳам шу тарзда пулингизни олиб, даволаймиз. Ҳаммаси вақтинча бўлади. Вақтни бой берманг. Сиз тезроқ туберкулёзга текширтиринг.
— Ўпка туберкулёзининг сийдик қопга нима алоқаси бор?
— Ўпканики эмас. Сийдик қопининг ўзи ҳам туберкулёзга чалиниши мумкин. Вилоят туберкулёз касалхонасида Омон исмли уролог шифокор ўтиради. Айнан сизнинг масалангиз билан шуғулланади.
Бир йил бурун Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт марказидагилар айтган таклифга энди яна қайтган эдик. Таклифнинг нима эканини энди тушуниб етдим ва зудлик билан ҳаракатга тушдик. Омон бор-йўғи 33 минг сўмлик битта таҳлил олдирди ва бизни Тошкентга, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказидаги шифокор, профессор, тиббиёт фанлари доктори Сарвар акага сафарбар қилди.
Биз тушуниб етдикки, аввал-бошдан шу ерга келишимиз керак экан. Афсуски... “Наҳотки? — ҳайрон бўларди Сарвар ака, — Шерзод Тўйчиев ҳам, Бахтиёру Ўлмас ҳам, қўйингки, Жиззахдаги урологларнинг барчаси мени яхши билишади. Мен уларга семинарлар ўтказиб тураман. Биттаси ҳам менга жўнатишга уринмадими?”
Ҳамма бало шунда-да! Бемор шифокорга бордими, уни клиент сифатида қабул қилишига ўтиб бўлдик. Яъни бемор — шифокор учун даромад манбаи! Майли, бунисига розимиз. Аммо... ишингни битириш учун бировга пул берасан-ку, ахир! Ва... Аваз Охуннинг гапи такрор-такрор ёдга тушаверади: “Бизда касалхоналар кўпайиб кетди, шифохоналар эса йўқ!”
Сарвар ака инсофли экан. Эски таҳлиллар асосида муолажани бошлайвериши мумкинлигини айтди. Аммо биз барчасини янгилаган маъқул, деган тўхтамга келдик. Ётиб даволаниш учун пул тўламоқчи эдик, кўнмади. Ўзи электрон ҳужжат тўлдириб, интернет орқали Зарбдор туманидаги шифохонага жўнатиб, электрон ордер олдирди.
Қирқ кунки, биз шу ердамиз.
Кўз тегмасин, ўзгаришлар жуда катта. Тўғриси, мақтанишга ҳам қўрқасан. Ҳар бир ишнинг охири хайрли бўлсин, деганлари ғоятда ҳикматли гап экан.
Баъзан бировлар: “Ўзинг ётиб, ўзинг туряпсанми?” дея сўрашади. Ўйласанг, тагида жуда катта маъно бор.
Сарвар ака бугун-эрта бизга жавоб бермоқчи. Айтишича, Жиззахга тез-тез келиб, урологларга маъруза ўқиб тураркан. Агар зарурат бўлса, уйимизгача келиб, беморнинг аҳволидан хабар олишга эринмас эмиш.
Ҳар бир бемор — Сарвар ака учун битта илмий иш. Беморни даволай олгани — илмий ишининг натижаси. Ҳамма нарса натижалар билан ўлчанади.
Бу дунёнинг устунлари — яхши одамлар, яхши шифокорлар! Улар бор бўлишсин! “Диёр” хусусий клиникасидаги шифокорнинг кимлигини билмайман. Учратмаганман. У менга телефон воситасида йўл кўрсатди. Сил касалликлари шифохонасидаги уролог Омон бошқарди ва биз профессор Сарвар ака қўлида шифо топяпмиз.
Тиббиётимиз эса... йиллар давомида шифо истаб тентираган биз каби охири керакли ўзанга тушиб олишига ишонгинг келади.
Умид, барибир, яхши нарса-да!
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ, («Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ян Брату билан учрашув ўтказди
- Тилда пайдо бўладиган ўзгаришлар саратон касаллигининг нозик аломати бўлиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг