«Ядровий қуролга эга икки давлат ўртасида кескинлик ортмоқда»: Ҳиндистон Покистонга ҳаво ҳужумлари уюштирди, қурбонлар бор

13:38 07 Май 2025 Дунё
160 0

Ҳиндистон томонидан бошқариладиган Кашмирда 26 кишининг ҳаётига зомин бўлган терактдан икки ҳафта ўтиб, 7 апрель, чоршанба куни Ҳиндистон Покистонга ҳаво ҳужумлари уюштирди. Бу ҳақида «NBC News» нашри маълум қилди.

Маълум қилинишича, Покистоннинг Панжоб вилояти ҳамда Кашмирнинг Покистон томонидан бошқариладиган тўққизта ҳудудига Ҳиндистон томонидан ҳаво ҳужумлари уюштирилган. Мазкур зарбалар оқибатида 26 нафар покистонлик ҳалок бўлган ва 46 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олиб шифохоналарга ётқизилган.

Ҳиндистон расмийларининг таъкидлашича, ракета зарбалари фақат Покистон ҳудудидаги террор ташкилотлар жойлашган манзилларга берилган бўлиб, тинч аҳоли яшайдиган ҳудудлар ҳамда ҳарбий объектлар нишонга олинмаган. Бироқ Покистон расмийлари ўлдирилган фуқароларнинг икки нафари масжидда бўлган фуқаролар, яна икки нафари эса маҳаллий аҳоли вакиллари ҳисобланган ўсмирлар эканини таъкидламоқда.

Ҳиндистон мудофаа вазирлиги баёнотида айтилишича, Покистонга уюштирилган ҳаво ҳужумлари мақсадли тарзда амалга оширилган бўлиб, мамлакат ҳудудида жойлашган террор ташкилотларини йўқ қилишга қаратилган. Шунингдек, уюштирилган ҳужумлар кескинлашмаган характерга эгалиги қўшимча қилинган.

Покистон томони ҳам Ҳиндистоннинг ушбу ҳаво ҳужумларига муносиб ва кучли жавоб беришга ваъда берган. Маълумотларга кўра, Покистон кучлари Ҳиндистон ҳаво кучларининг бешта ҳарбий самолёти ва битта дронини уриб туширган. Ҳиндистон томони ҳозирча бу маълумотларни тасдиқламаган.

Ҳиндистон расмийлари Покистоннинг жавоб зарбалари берганини инкор этмаган. Маълум бўлишича, Покистон кучлари жавоб зарбалари сифатида Кашмирнинг Ҳиндистон томонидан бошқариладиган ҳудудларини ўққа тутган. Маълумотларга кўра, мазкур ҳужумлар оқибатда уч нафар тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, чоршанба куни Миллий хавфсизлик қўмитаси йиғилишини чақирган ҳамда Ҳиндистон томонидан бошланган бу кескинлик жавобсиз қолмаслиги лозимлигини, қаттиқ жавоб зарбалари берилишини ва бунга ҳақли эканини таъкидлаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш ушбу ҳолат юзасидан баёнот берар экан, ҳар икки мамлакат ҳарбийларини вазминликка чақириб, дунё Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршиликни кўтара олмаслигини айтган.

Шунингдек, АҚШ давлат котиби Марко Рубио мазкур вазиятдан хабардор экани ҳамда Ҳиндистон ва Покистондаги ҳамкасблари билан кескинликни юмшатиш борасида гаплашганини маълум қилган.

АҚШ президенти Дональд Трамп маҳаллий ОАВга берган интервьюсида ушбу мавзуга тўхталиб, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги можарони «Уят» деб атаган ҳамда бу кескинлик тезда барҳам топишига ишонишини билдирган.

Покистон Панжобдаги барча мактаблар ҳамда мамлакат пойтахти Исломобод ҳудуди бир кунга ёпилишини маълум қилган. Шунингдек, тижорат рейслари қолдирилган, мамлакатдаги баъзи аэропортлар ҳам номаълум муддатга ёпилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?