Вобкентлик мактаб ўқувчиси бармоқ билан ҳам ўт олдирса бўладиган электрокар ихтиро қилди
Фото: Халқ сўзи
Бухоро вилояти Вобкент тумани “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Шаҳзод Эркинов янгиликка ўч ўсмирлардан. Республика Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг Вобкент туман ихтисослашган мактаби 9 – синфида таҳсил олаётган бу ёш юртдошимиз дарсдан сўнг замонавий ахборот технологиялари тўгараги машғулотларига қатнашади. Техникага оид адабиётларни қунт билан ўқийди. У “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказининг ҳам фаол аъзоси.
Шаҳзод йигирмага яқин жажжи ихтиро муаллифи саналади. Гапирадиган робот, лампали соат, ўқувчиларбоп робот репетитор каби лойиҳалари турли танлов ва кўргазмаларда эътироф топган. Изланувчан йигитча йирикроқ лойиҳаларга қўл ура бошлади. Қуёш нури ҳамда электр токи воситасида ҳаракатланувчи электромобил яратди.
- Бу электромобил туристик зоналарга мўлжалланган,- дейди у. - Дизайнини ретро машиналар қиёфасида тайёрлаганимизни бир жиҳатдан шу билан изоҳлаш мумкин. Қуёш панели, шунингдек, электр токи воситасида қувватланади. Унга 12 вольтли тўртта аккумулятор ўрнатилган. Ўт олдирилганда таблода “Оқ йўл” ёзуви пайдо бўлади. Ўнгга ёки чапга бурилиш, орқага ёки олдинга ҳаракатланиш чоғида ҳам ёзувлар чиқади. Мабодо, электромобил калити йўқолиб қолгудек бўлса, уни эгаси бармоқ изи воситасида ҳам ўт олдира билади. Бегоналар бундай қила олмайди. Батамом ўзбек тилида дастурлаштирилган.
Бу электромобилни яратишда Шаҳзодга отаси, асл касби уста бўлган Рустам Шукуров ҳамда устозларининг маслаҳатлари, йўл – йўриғи қўл келган, албатта.
- Бу электромобил айни дамда соатига 50 километр тезликда ҳаракатлана олади, - дейди Рустам Шукуров. - Зарур техник ишлар бажарилса тезликни соатига 100 километр ва ҳатто ундан ҳам ошириш мумкин. Ҳозир ўғлимда қуёш панели ва электр токидан қувват олиб ҳаракатланувчи беш кишига мўлжалланган электромобил яратиш ғояси ҳам бор. Дастлабки ҳисоб – китобларга кўра, бундай автоуловлар нисбатан арзон, чўнтакбоп бўлади.
Ҳар қандай ғоя эл – юрт учун фойдали экан, у қўллаб – қувватланиши зарур, албатта. Ёш иқтидор эгасига келсак, унинг “Shahzod mobile” лойиҳаси вилоятда ўтказилган “TechnoWays” технологик ривожланиш марафонида фахрли 1 – ўринга муносиб деб топилди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг