Президент: «Энергетика тизимида катта ислоҳотларни амалга оширяпмиз»
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтаётган энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида нутқ сўзламоқда.
«Бугун жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз ва аҳолининг талаб ҳамда эҳтиёжидан келиб чиқиб, энергетика тизимида катта ислоҳотларни амалга оширяпмиз.
Биз бу йўналишда иккита муҳим мақсадга эришишни асосий вазифа қилиб белгилаганмиз. Биринчиси, барча тармоқ ва ҳудудлар учун ишончли ва узлуксиз энергия таъминотини йўлга қўйиш. Иккинчиси эса ана шу режамизни замонавий, экологик тоза ва қайта тикланувчи муқобил манбалар ҳисобидан амалга оширишдир», деди Президентимиз.
Сўнгги йилларда энергетика тизимига 35 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди ва 9 минг мегаватт янги қувватлар ишга туширилди.
Натижада электр ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 60 миллиард киловатт-соатдан жорий йилда 85 миллиард киловатт-соатга етди.
Эътиборли жиҳати, салкам 5 минг мегаваттли қуёш ва шамол, 400 мегаваттли гидроэлектр станциялари ишга туширилди. Жами генерация қувватларида «яшил» энергиянинг улуши бу йил 30 фоизга етказилади.
Юртимиздаги хусусий сектор, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларида 2 минг мегаваттли кичик қуёш панеллари ўрнатилди. Уларда шу йилнинг ўзида қўшимча равишда 2 миллиард киловатт-соатга яқин муқобил энергия ишлаб чиқарилди. Шунингдек, ҳудудларда 69 минг километр электр тармоқлари, 14 мингта трансформатор ва юқори кучланишли подстанциялар янгиланди.
Соҳадаги бундай ўзгаришлар маҳаллий корхоналар ривожига ҳам катта туртки бермоқда.
Ушбу корхоналар томонидан янги қурилаётган электр станциялари ва тармоқларига йил бошидан буён 700 миллион долларлик қурилиш материаллари, металл конструкциялар, кабель ўтказгичлар, электр қурилмалари етказиб берилди, лойиҳалаш-инжиниринг ва қурилиш хизматлари кўрсатилди.
Масалан, Норин каскад ГЭСининг 38 мегаваттли илк гидроэлектр станцияси тўлиқ маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда ишга туширилди.
Президентимиз соҳа ривожига хизмат қиладиган қурилиш, электротехника ва сервис корхоналаримиз келгусида халқаро стандартларга жавоб берадиган йирик миллий компанияларга айланишига ишонч билдирди.
«Шу маънода, бугун ишга туширилаётган ва йилига 15 мингта трансформатор ишлаб чиқарадиган «Angren Energo» ҳамда 155 та гидроагрегат тайёрлаб берадиган «Oʻzhydropower» корхоналари катта истиқболга эга, десак тўғри бўлади», деди давлатимиз раҳбари.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Саида Мирзиёева Доҳадаги кино фестивалга ташриф буюрди
- «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг