Вьетнам тажрибаси ўрганилмоқда

12:49 18 Февраль 2025 Жамият
201 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Вьетнамнинг Ханой шаҳрида халқаро Ҳунармандлар фестивали ўтказилиб, унда Фарғона вилояти делегацияси ҳам иштирок этди. Фестиваль доирасида Ўзбекистон ҳунармандларининг миллий кўргазмасига Ханой мэрияси раҳбарияти ҳамда халқаро Ҳунармандлар ташкилоти раиси Саад Ал Каддумилар ташриф буюриб, ўзбек ҳунармандлари маҳорати билан тайёрланган қўл меҳнати маҳсулотларини юқори баҳолади.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Вьетнам ҳунармандлари маҳсулотларининг онлайн савдосини йўлга қўйиш таклифи маъқулланди.

— Ханой шаҳрида жойлашган қадимий ҳунармандлар қишлоғи Ван Фукда бўлиб, бамбук ва ўсимликлар новдаларидан экомаҳсулот-сават ва идишлар тўқиш тажрибаси ўрганилди, — дейди Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов. — Мўъжазгина қишлоқда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар АҚШ ва Австралия каби ўнлаб мамлакатларга экспорт қилинмоқда.

Шунингдек, Фарғона вилояти делегацияси Ван Фук қишлоғида ипакчилик ва тўқимачилик саноати билан танишди. Кооперация усуллари, тадбиркорлар томонидан битта ҳудудда бир хил маҳсулот ишлаб чиқаришнинг фойдали жиҳатлари ҳамда маҳсулотлар экспортида янги бозорлар топишдаги ўзига хос ёндашувларни ўрганди.

Юзма-юз мулоқотларда Қўқон шаҳридаги маҳаллаларда “Бир маҳалла – бир маҳсулот“ тамойили бўйича Вьетнам тажрибаси асосида ҳунармандчилик кластерлари ташкил этишга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер