Велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзосига давлат мукофоти топширилди

22:36 27 Сентябр 2022 Сиёсат
988 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Ҳар бир спорт турида ўз намуналари билан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тарғиб этишга ҳисса қўшаётган спортчилар бўлади. Ўзбекистон велоспортида ана шундай шахслардан бири — Олга Забелинскаядир.

Унинг хизматлари мамлакатимиз ҳукумати томонидан ҳам қайд этилган. Президентимизнинг 30 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонига мувофиқ, велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Олга Забелинская «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони билан тақдирланди.

Узоқ вақт давомида Олга чет элда машғулотлар ўтказиб, бир қатор халқаро мусобақаларда иштироки боис, мукофотни олишга улгурмаган эди. 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Олга Забелинскаяни махсус кўкрак нишони ҳамда Туркиянинг Коня шаҳрида бўлиб ўтган «Ислом бирдамлик ўйинлари»даги иштироки учун пул мукофоти билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мукофотни Сенат Раиси, Ўзбекистон велоспорт федерацияси раиси Танзила Нарбаева топширди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси жами 11 та учта олтин, тўртта кумуш ва тўртта бронза медалини қўлга киритди. Олтин медалларнинг барчасини Олга Забелинскаяга тегишли бўлиб, у велоспортда аёллар ўртасида очколар бўйича гуруҳ пойгасида, шосседа яккалик ва гуруҳ пойгаларида биринчи бўлди.

Шу билан бирга, Олга Забелинская Токиода бўлиб ўтган Олимпиадада аёллар ўртасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган ягона велоспортчи бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бундан ташқари, О.Забелинская турли халқаро пойгаларда мунтазам иштирок этиб, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга ҳисса қўшмоқда. Масалан, жорий йилнинг июнь ойида у машҳур UCI - Jiro dʼItalia Donne профессионал пойгасида, июль ойида эса Tour de France Femmes avec Zwift пойгасида ҳам қатнашди. Яқинда эса О. Забелинская Австралиянинг Вуллонгонг шаҳрида ўтказилган шоссе велоспорти бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер